islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Толиби илмга ҳомийлик қилган инсонга талабанинг савобидек ажр-мукофот берилади!”

Тошкент ислом институтида ректор, проректорлар ва бўлим бошлиқлари ижарада яшовчи талабаларнинг уйларига ташриф буюриб, улар билан яқиндан мулоқотни йўлга қўйганлар.

Навбатдаги ташриф Олимжонов Ҳабибуллоҳ, Юнусов Отабек ва Гадаев Фурқатнинг ижарадаги хонадонига бўлиб, ТИИ ректори, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, проректор Ёқубжон домла Бухарбоев, Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Абдулҳаким Олимов, бўлим ходими Шукуржон Бадиев талабаларнинг яшаш шароити, оиласи, кайфияти, ҳол-аҳволидан хабар олдилар, бир пиёла чой устида суҳбатлашдилар.

Тошкент ислом институтида талабаларнинг нафақат ўқув машғулотларида илм олишлари, балки дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари, яшаш шароитлари ва эҳтиёжларидан бохабар бўлиб туриш институт раҳбариятидан оддий ўқитувчигача ҳар бир масъул ходимнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Институтда ижарада ёки яқин қариндоши билан яшаётган талабалар маълумотлар базаси шакллантирилган бўлиб, алоҳида режа асосида ректор, проректорлар, кафедра мудирлари, ўқитувчилар, мураббийлар ижарада яшовчи талабаларнинг уйларига ташриф буюрадилар.

Институтда саховатли ҳомийларни жалб қилган ҳолда ижарада яшовчи талабаларга озиқ-овқат маҳсулотлари, зарур ўқув адабиётлари, эҳтиёжга қараб, уй жиҳозлари етказиб бериш йўлга қўйилган.

Талабанинг ўқишига моддий ёрдам бериш, инфоқ-эҳсон қилиш, китоб ва компьютерлар олиб бериш, ижара ҳақини тўлаб бериш, уйини зарур жиҳозлар билан таъминлаш энг муҳим ва савобли ўринлардан биридир. Агар бир кишига Аллоҳ таоло талаба ёки моддий ёрдамга муҳтож олимнинг иқтисодий кафил-ҳомийси бўлишни насиб этган бўлса, унга ҳам талабанинг савобидек, ажр-мукофот берилади, дея умид қилинади.

Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Яхшиликка далолат қилувчи-ундовчи ўша яхшиликни қилувчи каби ажр олур”, – деганлар (Имом Термизий ривояти).

Яна бир ривоятда У зот: “Кимки одамларни ҳидоят-тўғри йўлга чақирса, унга чақириғига эргашган кишиларнинг ажрларича ажр-савоб бўлур. Бу, яъни чақирувчига ажр берилиши уларнинг ажрларидан бирор нарсани камайтирмайди”, – деганлар (Имом Муслим ривояти).

Бу ва бошқа шу маънодаги ҳадисларни чуқур ўрганган олимлар улардан қуйидаги умумий қоидани хулоса қилганлар:

Аллоҳнинг тоат-ибодаларидан бирини бажарувчи кишига ёрдам берган шахсга ўша тоат-ибодатни бевосита бажарган кишининг ажр-савобича ажр ва савоб бўлур. Ёрдамчига берилаётган ажр ибодат қилувчига берилажак ажрни камайтирмагай!

ТИИ Матбуот хизмати

372210cookie-check“Толиби илмга ҳомийлик қилган инсонга талабанинг савобидек ажр-мукофот берилади!”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: