islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Исломда вақфнинг аҳамияти

Исломда вақф катта аҳамиятга эга. Жамиятнинг равнақ топишида бирламчи воситалардан саналади. Вақф муҳтожларга умид беради. Жамиятнинг иқтисодий ва ахлоқий жиҳатдан юксалишига сабаб бўлади. Оят-ҳадисларда эҳсон-садақалар қилишга тарғиб қиланади. Жумладан, Қуръони каримда: Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша  олмайсизлар[1], дейилган Бу ҳақида ҳадисда: “Яримта хурмо (эҳсон қилиш) билан бўлса-да дўзахдан сақланинглар”[2], дейилган. Вақф ҳам эҳсон-садақанинг бир тури ҳисобланади.

Вақф ғам-ташвишни ариши ва қалбга хурсандчилик киришига сабаб бўлади. Мол-давлатидан вақф қилиш билан жамиятдаги инсон орасида бирдамлик бўлади. Имкони бор инсон эҳсон-садақа қилмаса, зиқна бўлса одамлар уни ёмон кўради. Камбағалликни Аллоҳ таолодан деб билмаган ва тақдирга ишончи мукаммал бўлмаган одамлар бойларни жамиятга душман санайди. Бунинг оқибатида жамиятда иккига бўлиниш юзага келади. Ўч, адоват, нафрат каби иллатлар авж олади. Одамлар ўғирлик ва талончилик йўлига ўтади. Эҳсон-садақалар қилиб туриш орқали бу каби адоватларнинг олдини олиш мумкин. Яхшиликлар қилган инсонни Аллоҳ таоло ҳам, одамлар ҳам қадрлайди.

Ислом жамиятларида вақф ҳар доим муҳим таянч бўлиб келган. Инсонлар эҳтиёжи бўлган ишларни амалга оширишда вақф ташкилотлари жуда катта ишларни амалга оширган. Вақф ташкилотлари таълимни ривожлантиришга кўпроқ эътибор берган. Ундан ташқари, қудуқ қазиш, шифохоналар қуриш, мактаб ва мадрасалар барпо қилиш, Қуръон ўқитишга ҳисса қўшиш, йўллар қуриш, масжидлар қуриш ва кутубхоналар кўпайтириш каби ишларни амалга оширишда кўмак бўлган.

Вақф охиратда кўп савобларга етаклайди ва қиёматдаги машаққатларни енгил қилади. Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудар ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир инсон (Қиёматда қуёш жазирамасида турганда) одамлар орасида ҳукм чиқарилишига қадар эҳсон-садақасининг сояси остида бўлади”[3], дедилар.

Вақф Аллоҳ таолонинг изни билан касалликка шифо беради. Али ибн Ҳасан ибн Шақиқдан келган хабарда айтилишича, “Бир одамнинг тиззасида бир неча йиллардан бери тузалмайдиган жароҳати бор эди. Абдуллоҳ ибн Муборакка: “Турли муолажа қилдим. Фойдаси бўлмаяпти”, деди. Абдуллоҳ ибн Муборак: “Бориб ўрган! Қаерда одамлар сувга муҳтож бўлса қудуқ қазитиб бер. Сув чиқиши билан жароҳатингда қон ҳам тўхтаса керак” деди. Айтганидек бўлди. Сув чиқиши билан қон тўхтади”.

Демак, вақф қилиш билан кўп яхшиликлар келади. Жамият обод бўлиб иттифоқчилик бўлади. Қиёматда машаққатлар енгил бўлиб кўп савобларга эришади. Инсоннинг қалбий касалликлари ҳамда танасидаги беморликлар шифо топишига сабаб бўлади.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи

фанлари кафедраси ўқитувчиси

Ҳошимов Ойбек

[1] Оли Имрон сураси 92-оят.

[2] Адий ибн Ҳотам розияллоҳу анҳудан Бухорий ривоят қилган.

[3] Имом Аҳмад ривояти.

372160cookie-checkИсломда вақфнинг аҳамияти

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: