islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Мушорака шерикчилик тижоратиниг хусусиятлари 2- қисм

Ширкат ишларида томонлар бир-бирларининг молларига хиёнат қилмай, омонат ва диёнат юзасидан иш кўрсалар, уларга Аллоҳ таолонинг мадади ва кўмаги бўлади. Агар борди-ю, шериклар бир-бирларини алдаб, хиёнат қилсалар, Аллоҳ таолонинг мадади уларнинг орасидан кўтарилиб кетади.
Ширкат шариатнинг уч асосий манбаи, яъни Қуръони карим, ҳадиси шариф ва уммат ижмоси билан собит бўлган.
وَإِنَّ كَثِيرًا مِنَ الْخُلَطَاءِ لَيَبْغِي بَعْضُهُمْ عَلَى بَعْضٍ إِلَّا الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ وَقَلِيلٌ مَا هُمْ.
“Албатта, кўп шериклар бир-бирларига зулм қилурлар. Магар иймон келтириб, солиҳ амал қилганларгина (қилмаслар). Улар жуда ҳам оз”, –деди ” (Сод 24 оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ширкатга тегишли бир неча ҳадислар нақл қилинган:
حدثنا محمد بن سليمان المصيصي ثنا محمد بن الزبرقان عن أبي حيان التيمي عن أبيه عن أبي هريرة رفعه قال: ” إن الله تعالى يقول أنا ثالث الشريكين ما لم يخن أحدهما صاحبه فإذا خانه خرجت من بينهما ”
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфу ҳолатда ривоят қилинади:
“У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Аллоҳ таоло: “Модомики, иккисидан бири шеригига хиёнат қилмас экан, Мен икки шерикнинг учинчисиман. Агар у(шериги)га хиёнат қилса, иккиси орасидан чиқаман,”– деб айтади” (Абу Довуд ривояти).
Ширкатнинг баъзи навлари хусусида мазҳаблар орасида турли фикрлар мавжуд бўлишига қарамай, барча уламолар ширкатни уммат умумий тарзда жоизлигига иттифоқ қилган. Ширкатнинг жоизлиги борасида бирорта илм эгаси қарши чиққан эмас.
Мушорака (шерикчилик) шартномаси, шунингдек, қуйидаги асосий тоифалари бўйича таснифланади:
1. Фиқҳ бўйича ўрнатилган шерикчилик шакли. Бунга ширкат ул-ақднинг шакллари киради.
2. Замонавий корпорациянинг шакллари. Фиқҳ бўйича анъанавий шерикчилик шерикчиликнинг қуйидаги шаклларини ўз ичига олади:
– ширкат ул-инон ёки ширкат ул-амвал икки ёки ундан ортиқ томон ўртасидаги шартномавий шерикчиликни ўз ичига олади, унга кўра ҳар бир иштирокчи маълум бир пул миқдорини киритади ва бу уларнинг ҳар бирига шерикчилик активларини тасарруф этиш имконини беради, бу ерда фойда шерикчилик ташкил этиш тўғрисидаги келишувга мувофиқ, зарарлар эса ҳар бир иштирокчининг шерикчилик капиталидаги бадалига мутаносиб тақсимланиши шарт қилинади;
– ширкат ул-вужуҳ (мажбурият асосидаги шерикчилик) икки ёки ундан ортиқ томон ўртасидаги томонларнинг обрўси асосида, фойда олиш ақсадида активларни қарзга сотиб олиш учун шерикчилик ташкил этиш тўғрисидаги келишувни ўзида акс эттиради, унга кўра, томонлар аниқлаган фоизли нисбатга мувофиқ тарафлар ўз мажбуриятларини бажариш масъулиятини зиммаларига оладилар. Бундан ташқари, томонлар ҳар бир шерик учун фойдада иштирок этиш улуши ва мажбуриятни аниқлаб олишлари керак, бунда мана шундай иштирок томонларнинг розилигига кўра, фойдадаги иштирок улушидан келиб чиқиб, катта ёки кичик томонга фарқ қилиши мумкин;
– ширкат ул-амал икки ёки ундан ортиқ томон ўртасида малакали ёки юқори малакали меҳнатни бажаришга доир хизматлар кўрсатиш, маълум бир хизматлар, юқори малакали маслаҳатлар бериш ёки товарлар ишлаб чиқариш учун, шунингдек, келишилган фоиз нисбатига мувофиқ фойдани тақсимлаш учун келишувни ўзида акс эттиради. Шерикчиликнинг ушбу шакли капитал инвестициялар киритишни назарда тутмайди.
• Музораба шартномасининг кенг тарқалган ва таянч шаклларидан бири ширкат ул-амвал шериклик шартномаси ҳисобланади.
Замонавий корпорациялар ва уларнинг кўпчиликка маълум шакллари қуйидагиларни ўз ичига олади:
– шарика ал-мусоҳама (ҳиссадорлик жамияти); шарика ал-мусоҳама (ҳиссадорлик жамияти) савдолашиладиган акциялари тенг улушларга тақсимланган капиталга эга компанияни ўзида акс эттиради, бунда ҳар бир ҳиссадорнинг жавобгарлиги капиталдаги унинг улуши билан чекланган бўлади.
– шарика ал-тадамун (солидар (умумий) масъулиятли компания);
– шарика ат-тавсия ал-басита (коммандит шерикчилиги);
– шарика ат-тавсия бил-асҳам (масъулияти чекланган ҳиссадорлик компанияси);
– шарика ал-муҳосса (оддий шерикчилик);
– шарика ал-мутанақис (камайиб борувчи шериклик). Шерикчиликнинг ушбу шакли ширкат ул-инон шартномасидан келиб чиққан. Бу молиявий шерикчиликнинг шаклидир.
Шарика ат-тадамун (солидар (умумий) масъулиятли компания) ўзида хусусий шерикчилик шаклини акс эттиради, у ўзига хос ҳуқуққа (товар белгиси) эга рўйхатдан ўтказилган компания сифатида гавдаланади.
Шарика ат-тавсия ал-басита (коммандит шерикчилик) бошқарувчи ва пассив (мустақиллиги чекланган – Б. Ж.) шерикларни қамраб олган хусусий шерикчилик шаклини ўзида акс эттиради. Мазкур шерикчиликда бошқарувчи шериклар ўзининг шахсий мулки билан компаниянинг мажбуриятлари бўйича субсидиар масъулиятни зиммасига олади. Ҳар бир пассив шерикнинг мажбурияти унга тегишли бўлган лотлар билан чекланади, лекин ушбу мажбурият унинг шахсий мулкига татбиқ этилмайди. Айрим инвесторларнинг масъулиятини уларга муқобил тўловлар тақдим этмай чеклаш мумкин, бундай ҳолатда компания субсидиар жавобгарлик ва чекланган масъулиятни зиммасига олган шериклардан иборат бўлиб қолади.
Шарика ат-тавсия бил-асҳам (масъулияти чекланган ҳиссадорлик компанияси) молиявий шерикчилик шаклини ўзида акс эттиради. Мана ундай компаниялар акциясига обуна тенг сондаги акциялар билан бошқарувчи ва пассив шериклар иштирокида амалга оширилади.
• Шарика ал-муҳосса хусусий компаниянинг шаклларидан бири ҳисобланади, шериклар шерикчилик шакллангунига қадар, ҳар бир потенциал шерикнинг молиявий ҳолатини ва мажбуриятлар бўйича шахсий мулки билан жавоб бера олиш қобилиятини баҳолайдилар.
• Мушорака ал-мутанақис (камайиб борувчи шериклик) – шерикчилик шакли бўлиб, унда шерикларнинг бири бошқа шерикнинг улушини унинг эгалик ҳуқуқи буткул ҳажмда ўзига ўтиб бўлгунча қадар, аста-секин сотиб олишга ваъда беради.
Юқорида келтирилган шерикчилик битимларининг фиқҳий ечимлари, Қуръон ва Ҳадисда келтирилган. Бу борадаги кўрсатмаларни қиёсий таҳлил қилиш, ислом фиқҳида мулкий–молиявий муомалотларни ўрганувчи мутахассислар олдида турган муҳим масалалар қаторига киради.

Тошкент ислом институти
талабаси Мирсалиев Миркамол

372030cookie-checkМушорака шерикчилик тижоратиниг хусусиятлари 2- қисм

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: