Сўнгги йилларда Тошкент ислом институтида ўқитувчилар устозлигида талабалар томонидан китобларни тўлиқ ўқиб чиқиб, хатми кутуб қилиш анъанага айланган. Бу борада талаба қизлар ҳам ортда қолаётгани йўқ. Олий маъҳадда Имом Жамзурий роҳимаҳуллоҳнинг «Фатҳул ақфал фий шарҳи туҳфатил атфал» китоби хатмонаси бўлиб ўтди. Ушбу китобни 2019 йилдан буён ҳар йили талаба қизлар ўқиб хатм қиладилар, бугунги хатмона шуларнинг тўққизинчисидир.
“Таҳфизул Қуръон” кафедраси томонидан ташкиллаштирилган тўгаракда 1-курс толибалари “Туҳфатул атфал” китобини тўлиқ ва шарҳли ҳолатда ўқиб тугатадилар.
61 байтдан иборат машҳур “Туҳфатул атфал” манзумасига муаллифнинг ўзи шарҳ битган бўлиб, мазкур ягона шарҳ мухтасар ва баён этилиш жиҳатидан ўқувчига ниҳоятда қулайдир. Китоб давомида тажвидий қоидаларнинг қироат мазҳаблари мисолида таҳлил қилиниши ва уларнинг ўхшаш ва фарқли жиҳатлари атрофлича муҳокама қилинади. Бу эса талабанинг қиёслаш борасида малакасини оширади.
Китоб бутун мусулмон оммаси учун мўлжалланган бўлиб, бундан Қуръони карим муаллим ва ўқувчиларининг китобдаги масалаларни пишиқ-пухта билишлари лозим эканлиги келиб чиқади.
Китобни ўқиб тугатиш олдидан Қуръони карим хатми ташкил қилинди, тадбир сўнггида устоз ва ходималари билан хайрли дуолар қилинди. Аллоҳ таолодан ўқилган бу китобни ўқувчилар ва ўқитувчи учун манфаатли қилсин!
ТИИ Таҳфизул Қуръон кафедраси
ўқитувчиси Нажмиддинова Робия