islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Жамият аёл-қизларининг илмий-маънавий савиясини юксалтиришга толиба қизлар ҳам масъул

“Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят

ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ

баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир” 

Бақара сураси 185-оят

Муқаддас Рамазон ойи шукуҳи ҳар томонни қамраб олган шу кунларда, инсоннинг ҳар бир қилган хайрли амали қийрот-қийрот бўлиб амал дафтарига битилажак, иншааллоҳ. Шундай амаллар сирасига илм мажлислариниям киритсак, муболаға қилмаган бўлсак керак, деб умид қиламиз.

Куни кеча олий илм даргоҳимиз бўлмиш Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтимизда Ўзбекистон мусулмонлар идораси Аёл-қизлар билан ишлаш бўлими ходималари Марям опа Абдуллаева билан “Отинойилик – улкан масъулият” ҳамда Мунира опа Абубакирова билан эса имконияти чекланган юртдошларимизга бағишланган “Биз сизга бефарқ эмасмиз” мавзулари остида илмий-амалий давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир анъанамизга кўра Қуръони карим тиловати ила очиб берилди.

Барчамизга маълумки, олийгоҳимиз халқимизнинг илмий-маърифий муҳитини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Эртанги кун келажагини тарбияловчи аёл-қизларимиз, она ва бувиларимизнинг маънавий салоҳияти бутун бошли миллат, элат тақдирини, келажагини қуришда ўта ҳал қилувчи рол ўйнаши барчамизга кундек аён. Дарвоқе, ушбу масалада илм аҳли, айниқса, муассасамизда таҳсил олаётган талаба қизларимизнинг ўрни беқиёс. Қайсидир маънода уларни шу жиҳатдан масъул, омонатдорлар деб ҳам қарашимиз мумкин, албатта. Шу муносабат билан сўз очган Марям опа жумладан шундай деди:

  • Илм аҳли аввало тавозеъли бўлади. Лекин, аввало, виқор, гўзал ахлоқ ва менталитетимизга хос этикет жамиятга мурожаат қилувчи инсон сифатида сиз учун ўта муҳим. Эртами-кечми, албатта, халқ олдига чиқасиз, илми борми-йўқми кимдир сиздан катта, кимдир кичик, лекин ҳар кимнинг ўзига яраша муомаласини қила олиш, илмингизни халқимизга етказиш энг катта омонат, улкан масъулиятдир.

Шунингдек, суҳбатда муқаддас динимизнинг бу масаладаги қарашлари, мамлакатимизда шу борада олиб борилаётган хайрли ислоҳотлар, зарур чора-тадбирлар тўғрисида маълумотлар берилди..

Тадбирда сўз олган Мунира опа Абубакирова иштирокчиларга имконияти чекланганларга давлатимиз томонидан кўрсатилаётган меҳр-мурувватни санаш билан бирга, яқинда улар учун уюштирилган муборак умра сафаридан олган таасуротлари билан ўртоқлашди.

  • Имконияти чекланган бир ҳамюртимиз билан суҳбатимиз асносида, ундан эшитмасдан яшашни қандай ҳис қилишимиз мумкинлигини сурдо таржимонлар орқали сўрадим, – деди Мунира опа, – У киши менга қулоқларимга яхшилаб пахта тиқиб олган ҳолда кунимни ўтказишимни тавсия қилди. Ишонасизми, бир соатгаям чидай олмадим. Ўзимда, ўз танамда ҳис қилдим. Жуда қаттиқ эзилдим…

Давра суҳбатида талаба қизларимиз ҳам ўз таклифлари билан фаол иштирок этишди. Отинойилар билан устозлар ўртасида онлайн дарслар ташкил қилиш, умра сафарига ёрдамчи сифатида аёл устоз ва талабаларни ҳам жалб қилиш, биргаликда туркум мақолалар чоп этиш каби таклифлар берилди.

Суҳбатда азиз меҳмонлар томонидан талаба қизлар отинойиликка вазифасига тавсия қилинди. Шунингдек, соҳадаги қатор муаммо ва ютуқлар ўртага ташланди. Талабаларнинг таклиф ва мулоҳазалари эшитилди. Отинойилардан тажриба ўрганиш улардаги виқорни ўрганишга ҳаракат қилиш кераклигини айтиб ўтилди.

Ундан ташқари, узоқ йиллик ҳаётий тажрибага эга устоз меҳмонларимиз томонидан талабаларимизга муаммоларни ҳал қилишда билган илмларига амал қилиш, уни гўзал хулқ билан халққа етказишга аҳамият бериш лозимлиги таъкидланди ва яна кўплаб тавсиялар берилди.

Парвардигори олам шу қутлуғ кунларда барчамизнинг амал дафтаримизни беҳисоб ажрлар билан безатсин, лутфу карам айлаб, Ҳабибимиз Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васалламнинг шафоати шарифларидан ушбу ожизона бандаларини ҳам насибалантирсин, Ул Зот алайҳиссаломнинг ўгит ва пандлари ила мудом онгу-шууримизни банд этсин, қилинган камтарона амали қосирларимизни даргоҳи илоҳийсида тўкис савоблар даражотига етказсин, амин!

ТИИ “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси

 ўқитувчиси Нигора УСМОНОВА

384510cookie-checkЖамият аёл-қизларининг илмий-маънавий савиясини юксалтиришга толиба қизлар ҳам масъул

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: