Тошкент ислом институти ректори, сиёсий фанлар доктори, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов 2-курс талабалари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Учрашувда Ўқув ишлари бўйича проректор Ёқубжон домла Бухарбоев, Илмий ишлар ва фан бўйича проректор Соатмурод домла Примов, Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Умиджон домла Ходжаев, Техник-фойдаланиш ва хўжалик бўлими бошлиғи Маъмуржон Мамаюсупов ҳамда талабалари иштирок этдилар.
Мулоқотда ТИИ ректори М.Муҳаммадсиддиқов асосий кириш сўзини айтгач, ўз йўналишлари бўйича проректорлар ҳам фикр-мулоҳазаларини талабаларга баён қилдилар.
Учрашувда ўқув жараёнлари, тўлов-контракт масалалар ва тартиб-қоидалар бўйича маълумот берилди. Шунингдек, талабаларга яратилган шарт-шароитлар ва муаммолар муҳокама қилинди, толиби илмларнинг фикр-мулоҳазалари ҳамда мақсадлари тингланди.
Маълумки, Олий маъҳад кундузги таълим тизимида талабалар 4 йил таҳсил олиб, битирувчилар юртимиздаги масжидларга имом-хатиб, ноиб имом вазифаларига, шунингдек олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ўқитувчи лавозими бўйича ишга тақсимот қилинадилар.
Магистратура босқичида таълимни давом эттирмоқчи бўлган битирувчилар республика олий таълим муассасаларидан бирига ҳужжат топширишлари мумкин.
ТИИ Матбуот хизмати