Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари талабаларини «Ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш бўйича ҳудудий тарғибот гуруҳлари»га бириктириш бўйича Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг катта мажлислар залида йиғилиш бўлиб ўтди.
Шу муносабат билан, мазкур мажлисда Тошкент шаҳрида жойлашган таълим муассасалар раҳбарлари ҳамда тарғибот гуруҳларига бириктирилган ўқитувчи ва талабалари, Қорақолпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятларда жойлашган таълим муассасалари раҳбарлари, ўқитувчи ва талабалари «Zoom» дастури орқали иштирок этдилар.
Президентнинг Жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Мақсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг Ёшлар ишлари бўйича ўринбосари Уйғун Ғафуров, жумладан Тошкент ислом институти ректори, сиёсий фанлар доктори, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов ҳамда тарғибот гуруҳига бириктирилган ўқитувчи ва талабалар қатнашдилар.
ЎМИ тизимидаги олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабалари 3 ой давомида “2+1” форматидаги таълим шаклида таҳсил оладилар. 2 ҳафта ўқиш, 1 ҳафта амалиётда бўладиган талабалар республика бўйлаб маҳаллаларда илмий-маърифий тадбир ва суҳбатлар ташкил қиладилар. Жойлардаги имом-хатиблар, маҳалла раислари ҳамда фаоллар кўмагида талабалар аҳоли билан мулоқот қиладилар, диний-маърифий йўналишдаги саволларига жавоб берадилар.
Жорий йилнинг 17 феврал куни Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳридаги Мир Араб олий мадрасасида ўқитувчи ва талабалар билан учрашганда “2+1” форматидаги таълим шакли, диний таълим соатлари ва сифатини ислоҳ қилиш, илмни амалиёт билан боғлаш бўйича фикрлар билдирган эдилар.
ТИИ талабаларининг 1 ҳафталик амалиётини тўғри ва самарали ташкил этиш мақсадида ректор бошчилигидаги ишчи гуруҳ (штаб) тузилди. Амалиёт даврида талабаларнинг фаолияти, хавфсизлиги, иш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган муаммо ва бошқа масалаларда уларга ишчи гуруҳ томонидан зарур кўмак кўрсатилади.
ТИИ Матбуот хизмати
Талабалар укигани яхши 1–2–3курсдагилар