islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Хотира ва қадрлаш

Бугун юртимизда хотира ва қадрлаш куни. Бу кунга ҳар йили анча тайёргарликлар кўрилади. Бир қанча тадбирлар ўтказилади.

Динимизда ўтганларни эслаш, уларга дуойи-хайрлар қилиш ибодат ҳисобланади. Шу билан бирга бу амал ҳаёт юрган кишиларнинг зиммасидаги бурч бўлиб, дунёдан ўтиб кетганларнинг ҳаққидир. Қуръони каримда шундай дейилган:

وَالَّذِينَ جَاءُوا مِنْ بَعْدِهِمْ يَقُولُونَ رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا وَلِإِخْوَانِنَا الَّذِينَ سَبَقُونَا بِالْإِيمَانِ وَلَا تَجْعَلْ فِي قُلُوبِنَا غِلًّا لِلَّذِينَ آَمَنُوا رَبَّنَا إِنَّكَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ  (سورة الحشر/10)

яъни: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан”! (Ҳашр сураси, 10-оят)

Демак, имонда ўтган зотлар ҳаққига истиғфор айтмоғимиз имонимиз тақозасидаги амалдир. Шунингдек, ўтиб кетган кишилар ортларида қолган қариндош ва яқинлари каби ҳаёт юрганларнинг дуоларидан умидвор бўлишлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадиси шарифлар ворид бўлган. У зот бу ҳолатни янада тушунарли бўлиши учун мисол тариқасида қуйидагича марҳамат қилганлар:

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَبَّاسٍ رضي اللّه عنهما قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “مَا الْمَيِّتُ فِي الْقَبْرِ إِلَّا كَالْغَرِيقِ الْمُتَغَوِّثِ، يَنْتَظِرُ دَعْوَةً تَلْحَقُهُ مِنْ أَبٍ أَوْ أُمٍّ أَوْ أَخٍ أَوْ صَدِيقٍ، فَإِذَا لَحِقَتْهُ كَانَتْ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنَ الدُّنْيَا وَمَا فِيهَا، وَإِنَّ اللهَ عَزَّ وَجَلَّ لَيُدْخِلُ عَلَى أَهْلِ الْقُبُورِ مِنْ دُعَاءِ أَهْلِ الْأَرْضِ أَمْثَالَ الْجِبَالِ، وَإِنَّ هَدِيَّةَ الْأَحْيَاءِ إِلَى الْأَمْوَاتِ الِاسْتِغْفَارُ لَهُمْ”.

رواه البيهقي في شعب الإيمان

Яъни, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Қабрдаги маййит худди сувга чўкаётиб, ёрдамга чақираётган кишига ўхшайди. Отасидан ёки онасидан ё инисидан ё дўстидан дуо келишига интизор бўлади. Агар унга дуо етиб борса, дуо унинг учун дунё ва ундаги нарсалардан кўра маҳбуброқ бўлади. Албатта, Аллоҳ таоло қабр аҳлига Ер юзидагиларнинг дуоларини тоғларнинг мисолида киритади. Тирикларнинг маййитларга ҳадялари улар учун истиғфор айтмоқликдир”, дедилар”. (Байҳақий ривояти)

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари ҳам бу борада бизларга ибрат бўлганлар. Мазкур кўрсатмаларга биноан ўтганларни хотиралаш яхши иш, бироқ улардан ёдгор бўлиб қолган қадрдонларини ҳам қадрлашимиз керак.

وعن عائشة رضي الله عنها ، قَالَتْ : مَا غِرْتُ عَلَى أحَدٍ مِنْ نِسَاءِ النَّبيِّ – صلى الله عليه وسلم – مَا غِرْتُ عَلَى خَدِيجَة رضي الله عنها ، وَمَا رَأيْتُهَا قَطُّ ، وَلَكِنْ كَانَ يُكْثِرُ ذِكْرَهَا ، وَرُبَّمَا ذَبَحَ الشَّاةَ ، ثُمَّ يقَطِّعُهَا أعْضَاء ، ثُمَّ يَبْعثُهَا في صَدَائِقِ خَديجَةَ ، فَرُبَّمَا قُلْتُ لَهُ : كَأنْ لَمْ يَكُنْ في الدُّنْيَا إلاَّ خَديجَةَ ‍! فَيَقُولُ : (( إنَّهَا كَانَتْ وَكَانَتْ وَكَانَ لي مِنْهَا وَلَدٌ )) مُتَّفَقٌ عَلَيهِ .

Инчунун, Oиша розияллоҳу анҳодан ривoят қилинади:

«Мен Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хoтинларидан бирoртасига Хадича розияллоҳу анҳога рашк қилганимчалик рашк қилмаганман. Ҳолбуки, мен уни ҳеч ҳам кўрмаганман. Лекин жаноб соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу аёл ҳақида кўп зикр қилар эдилар. Гoҳида қўй сўйиб, унинг аъзoларидан баъзисини ажратиб Хадичанинг дўстларига юбoрардилар. Гoҳида мен ул зотга:

“Гўёки дунёда Хадичадан бoшқаси бўлмагандек-а!” десам, у зoт:

“Ҳа, у бўлган эди, бўлган эди! Шу аёлдан фарзандларим бўлди!” дер эдилар.”. (Имoм Бухoрий ва Муслим ривoятлари)

391350cookie-checkХотира ва қадрлаш

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: