islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Инсонлар ғафлатда бўлган 2 неъмат

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам соғлик ва бўш вақтни тожирнинг сармоясига ўхшатганлар. Тожир кўп фойда олиши учун сармоясини бирор ишга тикиб, айлантиради. Агар у фойда ололмай сармоясини тугатиб қўйса, қанчалар зиёнга кирганини биласизми? Соғлик ва бўш вақт ҳам мусулмоннинг сармояси бўлиб, Аллоҳ бу иккаласини унга дунёда ҳам, охиратда ҳам фойда берадиган ишларда қўллаши учун ато этган. Агар уларни беҳуда зое қилиб, бефойда ишларга сарфласа, катта зарар кўради.

Аксар инсонлар ҳаёт лаҳзаларидан унумли фойдаланишга эътибор бермай ғафлатда юрадилар. Ўйлайдиларки, соғлик давомли бўлади ва бўш вақт ҳар доим топилади. Ҳадис эса уларга бу қўрқинчли уйқудан уйғонинглар, дейди. Зеро, уйғонмасалар ҳеч бир фойда ололмай ҳасрат-надомат қилиб қоладиган кунга йўлиқадилар. Шайх Орифий айтади: “Вақтнинг ўтишига боқардим. Кеча кетидан кундуз, кундуз кетидан кеча келаверарди. Шу аснода умрим ҳам ўтаяпти”.

Пайғамбарлар инсониятга бу икки неъмат қўлдан кетишидан олдин уларнинг қадрига етишни ўргатиш учун юборилганлар. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар: “Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат бил: қаришингдан олдин ёшлигингни, бемор бўлишингдан олдин соғлигингни, камбағалликдан олдин бойлигингни, бандлигингдан олдин бўш вақтингни, ўлишингдан олдин тириклигингни” (Ибн Муборакнинг “Зуҳд ва Рақоиқ” китоби, “ат-Тахсийс ъала тоатиллаҳ” боби, 2-ҳадис).

Қарилик эшик қоқишидан олдин ёшлигингизни ғанимат билинг. У ҳолатда сизда агар хоҳласангиз тоғни уриб талқон қиладиган тўлиб-тошган куч-қувват, агар истасангиз юлдузларни қуча оладиган олий ҳиммат, агар хоҳласангиз қийинчиликни тан олмайдиган мардлик ва жасурлик бўлади. Қарилик келгач, ҳиммат пасаяди, қувват кетади. Энди сизни ҳаракатга ундовчи нарса топилмайди.

Бойлигингизни ғанимат билинг. Камбағаллик етиб банкрот бўлишингиздан олдин пулларингизни яхшилик ишларига ишлатинг. Зеро, мол-дунё келиб-кетувчи. Агар ундан охиратингиз йўлида фойдаланиб қолмасангиз, беҳуда йўқ бўлиб кетиб, афусланиб қоласиз.

Шайх Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ мавъизаларидан бирида бундай деганлар: “Дакка шаҳрида бир ҳоким вафот этди. Унинг бир ўғил ва бир қизи бор бўлиб, мерос иккаласига тегди. Иккала фарзанд такаббур ва исрофда бемисл эдилар. Бир марта бола гугурт ёққанди, унинг ҳиди ёқиб қолди. Бу унинг хоббисига айланди. У кетма-кет гугурт ёқиб, ҳидидан баҳра оларди. Бола шу йўсинда бойлигини тугатди. Қиз эса бир сафар бозорга чиқиб, мато сотиб олганди. Матони кесганда чиқадиган қайчининг овози унга ажиб туюлди. Бу иш унинг хоббисига айланиб, олдига матоларни йиғиб, қайчида кесарди ва ҳузурланарди. Шундай қилиб, қиз ҳам мол-мулкини тугатиб битирди. Ҳокимнинг икки меросхўри ҳеч вақоси йўқлигидан бозорда тиланчилик қилишга ўтди”.

Хулосаси шуки, бойлик ўрнини камбағаллик эгаллашидан олдин мол-дунёингизни яхши йўлларда ишлатиб, ундан фойдаланиб қолинг. Охират тижоратингиз сармояси бўлмиш ҳаётингизни ғанимат билинг.

 

Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг

асар ва мақолалари асосида

Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси

 Абдулҳодий Ғиёс тайёрлади.

406140cookie-checkИнсонлар ғафлатда бўлган 2 неъмат

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: