islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қандай бўлади?

Аллоҳга шукрки, бизларни энг афзал дин – Ислом динида қилиб қўйди, бизларга энг афзал китоб Қуръони каримни нозил қилди, бизларни набийларнинг энг афзали Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан қилди. Албатта, ҳар бир мўмин-мусулмон ўзининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли эканини таъкидлайди. Бироқ, у бу муҳаббат қандай муҳаббат эканини билармикин? Унинг “муҳаббат” деб атаётган туйғуси ҳақиқатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақомларига лойиқ муҳаббатмикин? Буни англаш учун аввало муҳаббатнинг ҳақиқий маъносини билиб олиш зарур.

Шу ўринда бир мисол келтирсак, Ҳар гапида “Отам-онам ҳам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули”, дея мурожаат қиладиган Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзининг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган севгиси ҳақида қуйидагиларни айтади: “Ҳижрат йўлида эдик. Жуда ҳам чанқаб кетгандим. Сув қўшилган сутни олиб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга узатдим. У зотга: «Ичинг, эй Аллоҳнинг Расули”, дедим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сутни ичар эканлар, менинг чанқоғим босилди». Муҳаббатни қаранг! Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳижрат сафарида борар эканлар, аслида баробар йўл юриб, баробар чанқашган. Ичимлик топилганда Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзи ҳар қанча ташна бўлишига қарамай, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тутибди. Ажабланарлиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сувга қонишлари билан ҳали бир қултум сув ичмаган Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг чанқоқлари босилмоқда.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қабул этмасдан мусулмон бўлмоқ имконсиздир. Тугал қабул этмоқ лозимдирки, битта ҳадиси шарифинлари, битта суннати санияларини ҳам ўз ақли, ўз кайфияти туфайли рад этган кимса кофир бўлади, мункир қолади, иймонсиз кетади.

Кимга Аллоҳ таоло Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам муҳаббатини ато қилган бўлса, бу унинг саодати эканидан далолат қилади. Зеро, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббат иймон комил бўлишининг шартларидан бири ҳисобланади.

Бу муҳаббат у зот саллоллоҳу алайҳи васаллам тириклик пайтларида шахсларига нисбатан бўлса, ҳозирги вақтда ҳам шахсларига, ҳам динларига, ҳам суннатларига нисбатан бўлиши керак.

Дарҳақиқат саҳобаи киромлар Набий саллоллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қилишда ҳақиқий пешқадам зотлар бўлишган. Бизлар ҳам Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни севишда айнан шу зотлардан, разиаллоҳу анҳумлардан ўрнак олсак арзийди. “Амрларига бўйсуниш, қайтариқларидан қайтиш ва бошқа нарсалар у ёқда турсин, туфурган туфуклари ерга тушмас эди. Саҳобалар қўлларини тутиб, илиб олиб, юзларига суртар эдилар. Комил иймонгга эга бўламан, иймон ҳаловатини топаман деган одам Аллоҳ таолони ва Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламни ҳаммадан кўп севмоғи лозим. Зотан, бусиз иймон комил бўлиши ҳам мумкин эмас.

Ҳуббун Набий – Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат ҳар бир мўмин-мусулмоннинг қалбида бўлиши шарт бўлган муҳаббатдир. Чунки бу муҳаббат иймон тақозоси, руҳ озуқаси, соф қалб истаги, Аллоҳ азза ва жаллага бўлган муҳаббатнинг давоми ва тўлдирувчисидир. Усиз қалб ҳувиллайди, руҳ толиқади, нафс ҳакалак отади, жисм азобланади.

У, яъни ҳуббун Набий бир жавҳардир-ки, баъзилар уни Аллоҳнинг фазли билан машаққатсиз қўлга киритишса, баъзилар унга етишиш йўлида ҳаракат қиладилар, машаққат чекиб, тер тўкадилар.

Муҳаббат сабабларининг барчаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламда энг мукаммал ҳолатда топилгач, ақл ҳам У зотнинг муҳаббатлари бошқаларнинг муҳаббатидан зиёдароқ бўлишини тақозо этади.

 

ТИИ талабаси Муҳиддинов

Неъматиллохон Аброрхон ўғли

407400cookie-checkРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қандай бўлади?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: