Тошкент ислом институти ректори, сиёсий фанлар доктори Муҳаммадолим домла Муҳаммадсидиқов Ақоид ва фиқхий фанлар кафедраси фаолиятини ўрганди.
Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси ақоид ва фиқҳга оид фанлар бўйича талабаларни етук мутахассис қилиб тайёрлаш мақсадида 2018 йилда ташкил этилди. Бунгача институтда Диний фанлар кафедраси фаолият юритган бўлиб, фанларни ихтисослаштириш мақсадида кафедра негизида Ақоид ва фиқҳий фанлар ҳамда Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедралари вужудга келди.
Кафедра Ақоид, Фиқҳ, Усулул фиқҳ, Замановий масалаларнинг фиқҳий асослари, Фатво бериш асослари ва фиқҳий қоидалар, Мотуридия таълимоти ва замонавий ақидавий қарашлар, Фароиз, Тасаввуф каби фанларни ўз таркибига олади.
Учрашувда Ўқув ишлари бўйича проректор Ёқубжон домла Бухарбаев, Илмий ишлар ва фан бўйича проректор Соатмурод домла Примов, Ўқув-услубий бўлим бошлиғи Шоғиёс домла Шожалилов, кафедра мудири Фарҳод домла Жўраев ҳамда профессор-ўқитувчилар иштирок этдилар.
Примов Соатмурот Уралович, Масайитов Саиджамол Юсифович ва Пардаев Абдиқодир Абдираимович каби кафедра ўқитувчилари илмий ишларини ҳимоя қилиб, турли ихтисосликлар бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга бўлдилар.
4 нафар ўқитувчи Раҳимов Неъматиллоҳ Каримджанович, Ғофуров Илҳомжон Муроталиевич, Эркаев Маъмуржон Рахмонбердиевич, Аҳмедов Сайқал Абдураҳмонович Ўзбекистон халқаро ислом академиясида таянч докторантура (PhD)да таҳсил олмоқдалар ва мустақил изланувчи сифатида илмий тадқиқот олиб бормоқда.
Кафедранинг қолган ўқитувчилари ҳам тегишли таълим муассасаларида танлаган мавзуларини Кенгаш муҳокамаларидан ўтказганлар.
Ректор М.Муҳаммадсидиқов кафедра ўқитувчиларининг илмий салоҳиятини ошириш бўйича зарур тавсияларни бердилар. Профессор-ўқитувчилар билан таълим сифатини яхшилиш, анлар бўйича дарсликлар нашр эттириш, кафедрани ихтисосликка йўналтириш каби масалалар муҳокама қилинди.
Маълумот учун, Тошкент ислом институти ўқитувчилари республика олий таълим муассасалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва тармоқ илмий-тадқиқот институтларида Қуръоншунослик, Ҳадисшунослик, Диншунослик, Ислом ҳуқуқи, Ақида, Теология, калом илми ва ақидавий таълимотлар, Тарих (Ислом цивилизацияси), Ислом тарихи ва манбашунослиги каби мутахассисликлари бўйича таянч докторантура, докторантура ва мустақил изланувчи сифатида илмий-тадқиқот ишларини олиб боришлари мумкин.
ТИИ Матбуот хизмати