islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Имом Абу Ҳанифа ва худосизлар

Худосизлар ва Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўрталарида бир қанча савол-жавоблар бўлиб ўтди:

– Роббингиз қачондан бери бор?

– Аллоҳга замонлар ўтмайди. У ҳар доим мавжуд. Унга ибтидо йўқ.

– Воқеликдан бир мисол келтириб тушунтиришингизни хоҳлардик.

– Тўрт сонидан олдин қайси сон келади?

– Уч.

– Учдан олдин-чи?

– Икки.

– Иккидан олдин-чи?

– Бир.

– Бирдан олдин-чи?

– Ҳеч вақо.

– Ҳисобдаги бирдан олдин ҳеч вақо бўлмаса, ҳақиқий Бирдан аввал нима бўлсин?! У азалий ва борлигининг аввали йўқ.

– Роббингиз қайси томонга юзланади?

– Қоронғи жойда чироқ ёқсангиз, у қайси томонга нур сочади?

– Ҳар тарафга.

– Чироқ нурининг ҳолати шундай бўлганидан кейин еру осмонлардаги Нур қандай бўлсин?!

– Роббингиз Зоти ҳақида гапиринг. У темир каби қаттиқми ёки сув сингари суюқми ё бўлмаса, тутунга ўхшашми?

– Жон талвасасида турган одам олдида ўтирганмисизлар?

– Ўтирганмиз.

– Жони чиқиб кетганидан кейин унга гапирганмисизлар?

– Йўқ.

– Ўлишидан олдин ҳаракатланар ва гапирармиди?

– Ҳа.

– У қандай қилиб гапирмай ва ҳаракатланмай қолди?

– Руҳи чиқиб кетгани учун.

– Руҳи чиқиб кетганми?

– Ҳа.

– Менга ўша руҳни сифатлаб беринглар. У темир каби қаттиқми ёки сув сингари суюқми ё бўлмаса, тутунга ўхшашми?

– Руҳ ҳақида ҳеч нарса билмаймиз.

– Яратилган руҳнинг ҳақиқатига ета олмай туриб, мендан Илоҳнинг Зотини сифатлаб беришимни сўраяпсизларми?

Ҳа, инсон тузукроқ тафаккур қилса, ақлини ишлатса, Аллоҳ борлигини топади. Зеро, У фитратида жойлаштирилган. Аммо ёмон тарбия кўргани, худосиз муҳитда ўсгани боис кўмилиб туради, холос.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи кафедраси

катта ўқитувчиси А.Ғиёсов

412570cookie-checkИмом Абу Ҳанифа ва худосизлар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: