Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов Туркия сафари давомида İHAM – Ilim hizmet ve araştirma merkezi – “Илмий хизмат ва тадқиқот маркази”га ташриф буюрди.
Профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов ИҲАМ раиси, профессор Мустафо Караташ билан учрашиб, мулоқотда икки муассаса раҳбарлари ўзаро илмий-тадқиқот лойиҳаларини ишлаб чиқиш, олимлар, профессор-ўқитувчилар, ахборот ва маълумотлар алмашинувини амалга ошириш мақсадида саъй-ҳаракатларини бирлаштириш каби илмий ва таълимий соҳаларга оид масалаларни муҳокама қилдилар. Шу каби учрашувлар ҳамкорлик дастурларини ишлаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилишини таъкидладилар.
Марказнинг фаолияти қуйидагилардан иборат:
Илоҳиёт факультети бакалавриат ва магистратура босқичидаги талабаларни тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақоид, нотиқлик, араб ва инглиз тили, санъатшунослик йўналишларида факультетив курслардан ташқари билимларини ошириш;
Тил ўрганиш ва малака ошириш учун семинарларда қатнашаётган талабалар учун чет тилини ўргатиш;
Семинар, конференция, симпозиум иштирокчилари учун шарт-шароитлар яратиш, уламо ва академикларни бир жойга тўплаш ҳамда шу орқали диний таълим ва тарбияга ҳисса қўшиш;
Талабаларнинг шахсий ва ижтимоий ривожланишига кўмаклашиш мақсадида конференциялар ва танловлар ўтказиш;
Ҳамжиҳатлик ва бирдамлик кўникмасини ҳосил қилишга қаратилган саёҳатлар, экскурсиялар ва учрашувлар ташкил этиш;
Таълим, турар жой ва ижтимоий эҳтиёжлар учун шарт-шароитлардан ташқари, талабаларга стипендиялар тўлаш.
1993 йилда Софулар Бичакчи Али масжиди негизида ташкил этилган илм марказида дастлаб, фақат эркак талабалар, 2005 йилдан эса қиз талабалар ҳам таълим ола бошладилар.
Тингловчилар 5 йиллик ўқув дастури орқали ўқийдилар, таҳсилни муваффақиятли тугатганларга сертификат берилади.
ТИИ Матбуот хизмати