Тошкент ислом институтида “Январь – Араб тили ва Балоғат фан ойлиги” муносабати билан Тиллар кафедраси томонидан 3-курс талабалари билан ўқиб тугатилган “Шарҳи Мулло” китобининг “хатмул кутуб” илмий-маърифий тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов кириш сўзи билан очиб берди.
Шундан сўнг, ЎМИ Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори сўзга чиқиб, устозлар ва талабаларнинг илм йўлидаги ҳимматлари, хатми кутуб қилишдаги сабр ва матонатларига тасаннолар айтиб, Аллоҳ таолодан уларнинг илми ва шижоатига янада баракалар сўради.
Илмий ишлар ва фан бўйича проректор, исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Соатмурод Примов, Ўқув ишлари бўйича проректори Ёқубжон Бухарбаев ҳам сўзга чиқиб, тадбир ва хатми кутуб борасида фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.
Маълумки, диний таълимнинг классик методларидан бири бўлган “хатмул кутуб” Тошкент ислом институтида ривожланиб бормоқда. Ҳадис, Фиқҳ, Тафсир, Қуръон илмлари, Ақоид ва Фароиз фанлари билан бир қаторда Ислом илмларининг асоси бўлган Араб тилига оид китобларни ҳам профессор-ўқитувчилар устозлигида талабалар тўлиқ ўқиб, хатми кутуб анъанасини давом эттирмоқдалар. Талабалар ижозалар олиб устозлар силсиласини бўлажак шогирдларига етказиш учун дуои фотиҳа, рухсат олмоқдалар.
Ислом илмларини ўрганишга таянч бўлган араб тилига оид китоблар, жумладан халқ ичида “Шарҳи Мулла” номи билан машҳур бўлган китобни хатм қилиб, талабаларга шаҳодатнома бериш анъанасини йўлга қўйишда Тиллар кафедраси мудири Улуғбек Ҳасанов, ўқитувчилар Ёқубжон Бухарбаев, Самариддин Аҳмедов ва кафедранинг бошқа устозларининг ўрни беқиёс.
Ибн Ҳожибнинг Кофия китоби матнига ёзилган шарҳлардан бири Абдураҳмон Жомийнинг “Фаваидуз зияиййа” асари, яъни “Шарҳи Мулла” номи билан машҳур китоб Тиллар кафедраси Араб тили ўқитувчиси Улуғбек Ҳасанов устозлигида 3-курс талабалари 2 йил мобайнида ўқиб хатм қилдилар.
Тадбирда 3-курс талабалари “Шарҳи Мулла”нинг сўнги саҳифаларини ўқиб хатмни якунладилар, сўнг 302, 304, 305 – гуруҳ талабаларидан 30 нафарига хатм шаҳодатномалари топширилди.
Тиллар кафедраси мудири, ижоза соҳиби Улуғбек Ҳасанов “Шарҳи Мулла” китобидан Самариддин Аҳмедовга ижоза берди ва шаҳодатномани ўқитувчига Шайх Алижон қори топширди.
Ректор М.Муҳаммадсиддиқов, талабаларга илм беришдаги меҳнатларини қадрлаб, институтда хатми кутуб ривожига қўшган ҳиссаси учун Ёқубжон Бухарбаев, Улуғбек Ҳасанов ва Самариддин Аҳмедовга “Ösmanli” кийим дўкони номидан 1,5 млн. сўмлик ваучерларни ҳадя қилди.
Шунингдек, “Шарҳи Мулла” китобини хатм қилишда фаоллик кўрсатган 16 нафар талабага эсдалик совғалари топширилди.
Тадбирда иштирок этиб, мазмунли маърузаси билан файз бахш этган Шайх Алижон қорига ҳам М.Муҳаммадсиддиқов ташаккурнома тақдим қилди.
ТИИ Матбуот хизмати