Маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набиралари 8та бўлганлар, улардан иккитаси Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумодир.
Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумо Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набиралари, қизи Фотима розияллоҳу анҳонинг ўғли. У ҳижрий 3 йили Рамазон ойининг ўрталарида дунёга келган ва ота-онаси унга Ҳарб деб исм қўйдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса унинг исмини Ҳасан деб ўзгартирдилар. Ҳижрий 50 йилда, бошқа маълумотларга кўра, ҳижрий 49 ёки 51 йилларда, Мадинада вафот этган, Бақиъ қабристонига дафн этилган.
Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумо Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набиралари, қизи Фотима розияллоҳу анҳонинг ўғли. 4 ҳижрий йили Шаъбон ойида туғилган. У акаси Ҳасан билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатидан баҳраманд бўлдилар. Ҳижрий 61 йилнинг 10 муҳаррамида Карбало шаҳрида ўлдирилган, шаҳид бўлганлар.
Кўриниб турибдики, Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумотурли йилларда туғилганлари учун улар эгизак эмаслар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумо набиралари орқали ҳозиргача давом этиб келяпти.
Манбалар:
Имом Заҳабийнинг “Сияр аълам ван нубало”, 4/348
Абдулазим Зиёуддиннинг “Сиз Пайғамбарни танийсизми” ҳамда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аҳли байт” китоблари
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси
Пўлатхон Каттаев