islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Фарзандларимизни масъулиятли  қилиб тарбиялаш нима учун керак?

Келажакда муваффақиятли лидер бўлиши учун:

Юсуф алайҳиссалом болалик кезлари оталарига кўрган тушини айтиб берадилар. Қиблагоҳлари Яъқуб алайҳисслом айтган гапларининг масъулиятини ҳис қилиб, бошқаларга бу ҳақида акаларига оғиз очмаслигини тайинлайди.Бу солиҳ фарзанд падари бузургвори буюргандай йўл тутади. Орадан йиллар ўтиб, Юсуф алайҳиссалом Мисрда Азиз билан кўришган пайти унга қарата:  قَالَ ٱجۡعَلۡنِي عَلَىٰ خَزَآئِنِ ٱلۡأَرۡضِۖ إِنِّي حَفِيظٌ عَلِيمٞ

«Мени шу ернинг хазиналари устига қўйгин. Чунки мен (уларни) тўла-тўкис сақлайдиган ва (тўғри тасарруф қилишни) биладиган кишиман», дейди.

Юсуф сурасининг 55-оятида баён қилинган мана шу шаклда Юсуф алайҳиссалом ўзининг имкониятларини зикр қилди у ҳам бўлса сақловчилигидир. Яъни болалигидан сирларни беркитиш, тилини тийиб тура олиш асосида тарбияланган бир йигит эканини ифода қилдилар. Бундан ташқари бошқарув ишидан ҳам бир мунча хабардор эканини айтиб ўтди. Мана болалик пайти тушини сир тута олган Юсуф алайҳиссалом улғайганида Миср хазиналарининг бошқарувчиси бўлди.

Яъқуб алайҳиссалом узоқни кўра оладиган киши бўлиб, ўғлининг келажаги учун ҳикмат билан тамал тоши қўйганлар. Ўғли Юсуф алайҳиссаломни ёшлигидан гапираётган гапнинг масъулиятини кўтара оладиган қилиб тарбиялаганлар. Шунинг меваси ўлароқ йигитлик ёшига етган Юсуф алайҳиссалом миср диёрининг хазиналарини идора қила бошлаган.

Сиз ҳам фарзандларингизни ёшлигиданоқ масъулиятли қилиб тарбияласангиз, бошқарувда моҳир бўлиб вояга етадилар.

Ҳадемай ёшимиз каттайиб қолганида бизга яхшилик қилишдаги машаққатни кўтара олишлари, ҳазм этишлари учун:

Тарбиячи бўлган азиз ота-оналар, бугун белингиздан қувват кетганича йўқ. Ҳар қандай ишни ўзингиз бажара оласиз, фарзандингиз учун ҳам бутун масъулиятни ўз бўйнингизга олишга қодирдирсиз. Лекин тез орада ёшингиз ўтиб, кучдан қолганингизда ким сизга тиргак бўлади? Ана ўша пайт кунингизга ярайдиган ким? Воқеликка асосланган тажрибалар шуни кўрсатадики, болангиз ёшлигидан бир нарсага одатланмаган бўлса, суяги қотган пайт буни уддалаш қийин кечади. Боламнинг келажаги фаровон бўлсин деган одам уни ҳозирдан бошлаб масъулиятни кўтара оладиган қилиб шакллантиради. Ёши катта ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг корига яраш оддийгина иш эмас, аксинча улкан масъулиятдир.  Ёшингиз бир жойга борган маҳал ўғлингиз қобил фарзанд сифатида сизнинг хизматингизда шай туриши учун шу бир парча гўштлигиданоқ унга масъулият ҳиссини тажриба қилиб, сингдириб боришингиз керак бўлади. Ишонаверинг, ким ёшлигидан масъулиятсиз бўлса, катта бўлганида ота-онасига қараш масъулиятидан ҳам бўйин товлайди. Гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун эътиборингизга ҳаётий, жонли бир мисолни далил сифатида тақдим қилсам:

«Аллоҳ таоло менга тўрт қиз фарзанд берди. Барчаси эл-юртнинг хизматини қиладиган шифокорми ўқитувчи ёки олима бўлишларини орзу қилардим. Шунинг учун ҳам уларни бутунлай ўқишга ажратиб қўйгандим. Ошхона ишлари, бозорга тушиб рўзғорлик қилиш, ош-овқат бари менинг бўйнимда эди. Қайсинисининг қорни очқаб қолса: ая, деб мени чақирарди. Томоғи қуригудек бўлса ҳам, ойи, чооой, деб чақиришарди. Хонаси тўзғиб кетса ҳам, ойиии, дейишарди. Мен ҳатто дам олиш кунлари, таътил пайтлари ҳам улар ўқишдан чарчаган, майли дам олишсин, дарсларига тайёрланишсин, деб уларга ҳеч иш буюрмасдим. Бу ҳолатдан бир муддат жуда қувониб юрдим. Лекин ўша кун келди, уйғонсам ёшим катта бўлибди, билагимда қувват йўқ. Қизларимнинг менга ичи ачимасди, раҳми келмасди. Шу онда билдимки мен тўртта қиз эмас тўртта бош оғриғи ўстирган эканман. Уйдаги арзимас ишларни қилишлари учун ҳам уларга ўтиниб ёлворишим керак эди. Иш бориб шу даражагача етдики, ҳатто бир пиёла чой тайёрлаб беришларини сўраганимда, униси бунга, бу эса наригисига тўнкаб, минглаган оҳу-зоримдан кейингина бир пиёла чойга эришдим ва буни ўзим учун: «хорлик пиёласи», деб атадим. Чиндан ҳам шундай! Чунки қизларимдан бири ўрнидан қўзғалиб шу бир пиёла чойни олиб келгунича мен ялинавериб ер бўлиб кетгандим».

Муҳтарам ўқувчи, келинг яна бир отанинг ҳаётий ҳикоясига қулоқ тутайлик…. у бир куни ахлат ташланадиган контейнерларнинг ёнидан ўтаркан тик турган ахлат қопларига кўзи тушиб қолади ва давомини қаҳрамонимиздан эшитамиз:

«Аввалига кўз олдимдаги ҳолат эмас туюлди. Оҳистагина юриб қопнинг олдига яқинлашдим, қарасам у қимирлаяпти. Кейин бир чуқур нафас олдимда очишга қарор қилдим… очибман ҳамки, совқотганидан ранги кўкариб кетган бир қарияни кўрдим. Дарҳол момони уйимизга олиб бордим, аёлим атрофида айланиб, ўзига келтирди. Орадан бир муддат ўтиб, сув тингач кампирдан: «ҳолажон, болаларингиз борми?», деб сўрадим. Дув-дув тўкилаётган ёшлар юзини юваркан: «бешта…», қора хотиралар бўйнидан сиққан кўринади бир оз чим тургач, чуқур нафас олдида давом этди: «Болаларим маслаҳат қилишиб, бир ҳафта уникида, бир ҳафта бошқасиникида шундай қилиб айланиб яшаб юрадиган бўлдим. Эртаси куни бировиникига кўчиб ўтдим. Орадан бир кун ўтгач у укасига қўнғироқ қилиб: «кейинги ҳафта сенинг навбатинг, ҳаракатингни қил 6 кун вақтинг бор!!! Деди. Эртаси куни укаси билан яна боғланиб: «тайёргарлигингни кўр 5 кун вақтинг қолди», деб гўшакни қўйиб қўйди. Ҳар куни шу тариқа укасига қўнғироқ қилиб навбати яқин қолганини айтиб огоҳлантирарди. Ва ниҳоят ўша кун ҳам етиб келди… Укасига қўнғироқ қиларкан: онахонни ҳозир уйингга олиб бориб ташлайман», деганди. У: «йўқ, ака мен ололмайман», дея масъулиятдан қочди. Кейин бу болам, олиб кетмайдиган бўлсанг, Худо ҳаққи битта қопга тиқиб, ахлатхонага ташлаб юбораман, деди. Кейин наригисидан садо чиқмагач болам қасамининг устидан чиқиб, мени…

Ҳаётнинг қора чизгилари билан бўялган, одамнинг дилини сиёҳ қиладиган ҳолатларга кўп гувоҳ бўлгансиз. Юқорида уларнинг баъзиларини мутолаа қилдингиз ҳам. Энди эса бир судьянинг тилидан ҳикоя қилинган ҳаётий ҳолат билан танишсак ва ҳаётнинг ёрқин ранглари уйғунлашган бу воқеа қаҳрамонларига ҳавас ила назар ташласак:

Тажрибам давомида мен кўраётган ғалати бир иш эди бу. Бир йигит акасининг устидан ариза билан мурожаат қилган. Мақсади акасидан онасини олиб, унга ғамхўрлик қилиш. Ҳар икки томон ҳам суд залида ҳозир бўлиб туришибди. Суд укадан: нима мақсадда мурожаат қилдингиз? Деб сўради. У: «мана бир неча йилдирки, онам акамнинг қарамоғида. Мен онамни уйга олиб кетмоқчи бўлсам, кўнмайди. Ўзининг ёши ҳам катта бўляпти. Ҳали уйлангани йўқ. Мен бир тарафдан акамга ичим ачийди бир тарафдан онамни ўйлайман. Дунёдан ўтмасларидан олдин мен ҳам озроқ хизматларини қилиб олсам дегандим», деб жавоб берди. Судья акага мурожаат қилди: сиз нима дейсиз? У: «мен онамсиз яшай олмайман. Ётоғим онамнинг пойида, онамнинг овқатидан ейман. Онамнинг хизматида бўлай деб уйланганим йўқ. Мен онамнинг хизмати борасида ўзимни ҳақлироқ деб ҳисоблайман», деб гапини тугатаркан. Судья онага юзланиб: «иккови болангиздан қай бириникида яшашни хоҳлайсиз?», деб сўради. Онаизор: «Бу иккови иккита кўзим. Буниси ўнги униси чап кўзим. Нимани маъқул кўрсангиз шуни тўғри деб биламиз». Суд ишни кичик уканинг фойдасига ҳал қилди, чунки онасига қараш, унга ғамхўрлик қилишга унинг имкониятлари етарли эди.

Тошкент ислом институти талабаси

Фазлиддинов Саидбурҳон

419580cookie-checkФарзандларимизни масъулиятли  қилиб тарбиялаш нима учун керак?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: