islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврида амалга оширилган фатҳлар: «Ғарбий жабҳа» – Шом юртларидаги фатҳлар 

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида бутун асрларга татигулик катта исломий фатҳлар бўлди. Бу даврда румликлар Шомдан қувиб чиқарилди. Сўнг Форс империяси бутунлай ағдарилди. Сўнгра кураш Миср, шимолий Африқо ва Ўрта ер денгизи ороллари томон кўчди.

Дамашқ ва бошқа шаҳарларнинг фатҳ қилиниши

Дамашқ фатҳидан сўнг Ислом лашкарлари Абу Убайда розияллоҳу анҳунинг қўмондонликларида Шомнинг бошқа шаҳарлари томон юрдилар. У киши билан бирга Холид ибн Валид ҳам бор эдилар.

Мусулмон лашкарлар бирин-кетин Биқоъ, Баълабакка, Фихд, Байсон, Табарийя, Ҳимс, Қиннасрин, Қийсорийя, Ажнодин, Қуддус, Насибийн ва бошқа шаҳарларни фатҳ қилдилар.

Байтул мақдис фатҳи

Сўнг Ислом лашкарлари Байтул мақдисни қамал қилдилар. У ернинг ҳокимлари олдларига Умар розияллоҳу анҳунинг ўзлари келишлари, шундагина таслим бўлишларининг хабарини беришди. Ҳазрати Умар Шомга келдилар. Шундан кейин улар Байтул мақдиснинг калитларини у зотга топширишди.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу улар билан жизяга сулҳ туздилар. Мусулмонлар билан Масжидул Ақсода намоз ўқидилар.

Сўнг Ҳалаб фатҳ этилди. Кейинроқ Манбиж, Антокия, Ҳаррон, Руҳо ва бошқа шаҳарлар ҳам уруш билан эмас, сулҳ билан фатҳ қилинди.

Шом юртлари соҳилларининг фатҳ қилиниши

Соҳилдаги шаҳарларни фатҳ қилишга Абу Убайда розияллоҳу анҳунинг буйруклари билан Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу бошчилик қилдилар. У киши Сур, Сайдо, Байрут, Тароблус шаҳарларини фатҳ қилдилар. Шу билан Шом юртларининг барчаси мусулмонларнинг қўлига ўтди. Румликлар ҳайдаб чиқарилди, Сурия ва Фаластин фатҳи тугал бўлди.

Миср фатҳи

Сурия ва Фаластин фатҳидан кейин, энди Мисрни фатҳ қилиш учун юриш керак эди. Ўша пайтларда Миср Румга бўйсунар, Миср фатҳ қилинмаса, мусулмонларнинг иши қарор топиши мумкин эмас эди. Шундай бўлди ҳам.

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Фаластинни фатҳ қилганидан сўнг Умар розияллоҳу анҳудан Мисрни фатҳ қилишга изн сўрадилар, у киши рози бўлдилар. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Миср томон юрдилар. У киши одамларга Исломни қабул қилиш, жизяга кўниш ёки уруш – учтасидан бирини танлашни таклиф қилдилар. Мусулмонлар барча жанглардан олдин мана шу таклифларни қилар эдилар.

Мисрликларга жизя фарз қилинди. Сўнг мусулмонлар юришда давом этиб, Искандарияни – Муқавқиснинг қароргоҳини фатҳ қилдилар. Ўша вақтда Искандария Мисрнинг пойтахти эди. Мусулмонлар Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг чодирлари атрофида Фустот шаҳрини қурдилар. Шунингдек, бошқа шаҳарларни ҳам фатҳ этиб, уларнинг барчасига жизяни фарз қилдилар. Шундай қилиб, Миср ерлари ҳам мусулмонлар қўлига ўтди.

Ливиянинг фатҳ қилиниши

Сўнг Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ғарб томон юриб, Барқани, сўнгра Зувайлани, Тароблус, Соброта ва Шурусни фатҳ қилдилар. Шу ерга келганда Умар розияллоҳу анҳу ғарб томонга юришни ман қилиб, у кишини тўхтатдилар.

Тошкент ислом институти

 4 – курс талабаси Давронова Зебинисо

 

Фойдаланилган адабиётлар:

 

  1. Қуръони карим.
  2. Тафсирул Жалолайн. Имом Ж. Суютий ва Ж. Маҳаллий. Дорул китабул Арабий. Байрут 1987 й.
  3. Тафсири Ҳилол 2 жуз. Шайх М. Содиқ М. Юсуф. Мавр.. Тошкент– 2006.
  4. Қуръони Карим маъноларини таржимаси. Аловуддин Мансур.
  5. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг саҳобалари ҳаёти. Муҳаммад Рожи Ҳасан Каннос. Дорул Маърифа. Байрут 2005 й.
  6. Расулуллоҳ (с.а.в.) атрофидаги кишилар ва Расулуллоҳ (с.а.в.) халифалари. Ҳолид Муҳаммад Ҳолид. Дорул Мақтам. Қоҳира 2004 й.
  7. Саҳобалар ҳаёти. М. Ю. Кандеҳлавий. 2 жуз. Дорул Фикр. Байрут 2002 й.
  8. Ал – Жомеъ ас- Саҳиҳ. 1 – жуз. Имом Бухорий.
  9. Нурил яқин маъа итмомул вафо. Муҳаммад Хузарий. Мавроуннаҳр – 1992й.
  10. Дин насиҳатдир. Шайх М. Юсуф. Мавр…. Тошкент- 2006.
  11. Ашараи Мубашшиара. Асадали Ҳакимжон. 1994.
421330cookie-checkҲазрати Умар розияллоҳу анҳу даврида амалга оширилган фатҳлар: «Ғарбий жабҳа» – Шом юртларидаги фатҳлар 

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: