Юртимиздан етишиб чиққан улуғ мутафаккир ва алломаларнинг бой мероси, уларнинг жаҳон цивилизацияси, илм-фан тараққиёти ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини чуқур тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни миллатлар ва динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, тинч-тотув ҳаётни қадрлаш ва мустаҳкамлаш руҳида тарбиялаш, шунингдек, халқаро миқёсдаги маънавий-маърифий мулоқот ва ҳамкорликни кучайтириш мақсадида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
“Бобур Мирзо халқимизнинг буюк фарзанди. Адабиёт, илм, маърифат нуқтаи назаридан у ҳамон яшаяпти. Бу масканни янада обод қилиб, тарбия ўчоғига айлантириш зарур. Ўзлигимизни англаб, буюк тарихимизни ёшларга тушунтирсак, илм-маърифатни ривожлантирсак, ҳеч қачон кам бўлмаймиз”, – деган эди давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017 йил 2 июнь куни Андижон вилоятига қилган сафари чоғида.
Туркий халқлар илм-фани ва адабиётининг улуғ намояндаси Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим бўлиш билан бирга йирик давлат арбоби ва саркарда ҳамдир. Бобур кенг дунёқараши ва мукаммал ақл-заковати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солиб, бу мамлакат тарихида давлат арбоби сифатида номи қолган бўлса, сержило ўзбек тилида ёзилган “Бобурнома” асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан жой олди. Унинг нафис ғазал ва рубоийлари туркий шеъриятининг энг нодир дурдоналари бўлиб, “Мубаййан” (“Баён этилган”), “Хатти Бобурий”, “Ҳарб иши”, Аруз ҳақидаги рисолалари эса ислом қонуншунослиги, шеърият ва тил назарияси соҳаларига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.
Адабиёт, нафис санъат, табиат гўзаллигига ёшлигидан меҳр қўйган Заҳириддин, барча Темурий шаҳзодалар каби бу илмларнинг асосини отаси саройида, етук устозлар раҳбарлигида эгаллади.
Бобурнинг бутун жаҳон оммасига машҳур бўлган шоҳ асари “Бобурнома”дир. Маълумки, унда Бобур яшаган давр оралиғида Мовароуннаҳр, Хуросон, Эрон ва Ҳиндистон халқлари тарихи ёритилган. “Бобурнома”да ўша даврнинг сиёсий воқеалари мукаммал баён қилинар экан, ўз юрти Фарғона вилоятининг сиёсий-иқтисодий аҳволи, унинг пойтахти Андижон шаҳри, Марказий Осиёнинг йирик шаҳарлари: Самарқанд, Бухоро, Қарши, Шаҳрисабз, Ўш, Урганч, Ўратепа, Термиз ва бошқа шаҳарлар ҳақида ниҳоятда нодир маълумотлар келтирилган.
Бобур 1522 йилда ўғли Ҳумоюнга атаб ёзган “Мубаййан” номли асарида ўша замон солиқ тизимини, солиқ йиғишнинг қонун-қоидаларини, шариат бўйича кимдан қанча солиқ олиниши ва бошқа масалаларни назмда изоҳлаб берган. “Хатти Бобурий” деб аталган рисоласида араб алифбосини туркий тиллар, хусусан, ўзбек тили нуқтаи назаридан бирмунча соддалаштириб беришга ҳаракат қилган. У, тажриба сифатида “Хатти Бобурий” алифбосида Қуръони Каримни кўчирган.
Бобур буюк саркарда бўлибгина қолмай, ўзининг машҳур асарлари билан кенг фикрли тарихнавис, етук адиб, лирик шоир ва ижтимоий масалалар ечимига ўзининг улкан ҳиссасини қўшган улуғ олим сифатида дунё илм-фани равнақи ва маънавий-маърифий ривожида муносиб ўрин эгаллайди.
Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими ходими
И.Дадабаев