islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Хурмо барака, сув покловчи

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Рамазон ойи рўзасини фарз қилиб берган Аллоҳ таолога ҳамду-санолар бўлсин.  Рамазон рўзасини қандай тутиш йўлларини ўргатган Пайғамбаримиз (с.а.в.) га саловатларимиз бўлсин!

Рамазон ойи биз мўмин мусулмонлар учун фарз амални адо қилиш ойидир. Эрта тонгда сахарлик қилиб, оғизларимизни ёпамиз. Аллоҳ таоло учун кун бўйи ейиш-ичиш ва шаҳвоний яқинлашишдан тийиламиз. Қуёш ботиши билан ифторликка шошиламиз ва ифтор пайтида дуо қилиб оғизларимизни очамиз.

Маълумки, ифторлик қилиш Пайғамбаримиз (с.а.в.) сунатларидир. Ифторликда Пайғамбаримиз (с.а.в.) оғизларини  ҳўл хурмо билан очар эдилар. Агар ҳўл хурмо бўлмаса, қуруқ хурмо билан очар эдилар. Бу ҳақда  Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқишдан олдин оғизларини бир нечта ҳўл хурмо билан очар эдилар. Ҳўл хурмо бўлмаса, қуруқ хурмо билан, у ҳам бўлмаса, бир неча ҳўплам сув билан очар эдилар”.

Салмон ибн Омир розияллоҳу анҳу ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Пайғамбар (с.а.в.)  шундай марҳамат қиладилар: “Қачон қай бирингиз ифтор қилса, оғзини хурмо билан очсин, чунки у баракадир. Ким тополмаса, сув билан очсин, чунки у покловчидир”. (“Сунан” эгалари ривоят қилишган).

Демак, ифторлик пайтида хурмо билан оғиз очишимиз барака бўлса, сув билан оғиз очишимиз эса покликдир. Аллоҳ таоло барчамизни муборак Рамазон ойи фазилатларидан баҳраманд қилиб, юртимиз ва оилаларимизда барака ва покликни бардавом қилсин!

Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими Руҳиддин Акбаров

424770cookie-checkХурмо барака, сув покловчи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: