Синдийнинг илмий мероси аҳамияти шундан иборатки, у фақат фиқҳ ва ҳадис илмини ривожлантиргани билан эмас, балки илмий, диний ва маданий анъаналарнинг сақланиб қолишини таъминлаган. Унинг ишлари кенг тарқалган ва унинг таъсири нафақат араб, балки турли мусулмон мамлакатларида ҳам сезилган.
Синд шаҳри ҳозирги кунда Покистон ҳудудига тўғри келади. Ушбу шаҳар ҳижрий биринчи асрнинг охирларида ислом етиб келган. У ердан дин йўлида хизмат қилган, исломий илмлар борасида манфаатли китоблар таълиф этган кўплаб улуғ уламолар етишиб чиққан. Синд диёридан ғарбу шарққа, араблар-у ажамларга машҳур китоблар мусаннифлари намоён бўлган. Шулардан бири замондош уламолари томонидан Абу Ҳанифа (роҳимаҳуллоҳ)нинг кўз қувончи сўзлари кўзларни равшан қиладиган ноёб дур, дақиқ масалаларни билувчи хазина” деб таърифланган етук олим Муҳаммад Обид ибн Аҳмад Али ибн Муҳаммад бўлиб насаблари саҳобий Абу Айюб Ансорийга етиб боради. Алломанинг сийратини ёритиб берувчи китобларда унинг туғулган йили ҳақида аниқ маълумот берилмаган. Фақатгина “Бадрут толиъ” китобининг муаллифи у кишини таҳминан 1190/1776 санада Ҳиндистонинг шарқий қисмидаги Синд шаҳри, Сийвон[1] қишлоғида туғилган, деб ўтган . Ўша пайтда Сийвон Таттаҳ[2] подшолигига тегишли бўлган. Таттаҳ Синд диёрининг маркази, пойтахти эди.
Аллома илм ва маърифат нурини дунёга таратган хонадонда ўсиб улғайди. Аввал бобоси шайх Муҳаммад Мурод Ансорий, кейин отаси шайх Аҳмад Али Ансорий ва амакиси шайх Муҳаммад Ҳусайн Ансорий қўлида илм олди. Уларнинг гўзал тарбиялари остида улғайди[3]. Тенгдошларидан фарқли ўлароқ Муҳаммад Обид ёшлигидан илм билан шуғулланишни яхши кўрар, кўп китоб ўқир эди[4]. Ўсиб улғайган уйи унинг биринчи мактаби эди. У аксар илмини амакисидан олди. Хусусан, ақлий ва нақлий илмларни шунингдек, тиб илмини ҳам амакисидан ўрганди. Табобатга моҳирлиги сабабли 1208/1793-йилдан 1213/1798-йилгача Ҳижозда, Санъо ҳокими Мансур Синдийни ўзининг хос табиби қилиб тайинлаган[5]. Кузатилган манбаларга кўра, Муҳаммад Обид Синдийнинг фарзанди бўлмаган. Буни у кишининг қуйидаги вақф тўғрисидаги мактубидан билишимиз мумкин:
Имом Муслимнинг китобига шарҳ ёзиб бўлгандан сўнг, Муҳаммад Обид Синдий: “Бу китони ҳаётлик пайтимда ўзим учун, мендан кейин эркак бўладими аёл бўладими Аршад(имом Муҳаммад Обид Синдийнинг бобосидан бўлган авлод)нинг зурриётига, агар зурийёти бўлмаса Синд шаҳридаги Маторо қишлоғининг уламоларига вақф қилдим” деб ёзиб қолдирган[6].
Бир муддат Ҳижозда яшаган, сўнгра Макка, Тоиф ва Жидданинг буюк шайхларидан таҳсил олди. Шунингдек, амакиси билан Яманга ҳижрат қилганда эса, Яман шайхларидан илм олган ва уларнинг маърифат чашмаларидан қониб қониб сув ичган. Шунинг учун бўлса керак, қачон Яман шайхларини эсласа аллома: “Кўп юртларни кездим. Санъо олимларидек илм ва ҳадисларни таҳқиқ қилган, насда келган буйрқларга бор кучини сарфлаб амал қиладиган олимларни кўрмадим”, деб кўп китобларида келтиргин[7]. Синдий асосан Яманнинг икки вилоятида яъни Забийд ва Ҳудайдада яшаган.
Муҳаммад Обид Синдийнинг Ямандаги энг катта шайхи имом Шавконий бўлган. Муҳаммад Обид Синдий илм ва машойихларни излаб кўп юрт кезган. Шу сабабдан, унинг устозлари жуда кўп бўлган. Қуйида уларнинг баъзиларини санаб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлади: Шайх Солиҳ ибн Муҳамад Умарий Фуллоний (ваф. 1218/1804 й). Бу зот фиқҳ, ҳадис илми ва ҳадиснинг олий санади борасида ўз асрининг катта олимларидан бири бўлган. Синдий бу устозидан фиқҳ ва ҳадис илмини таҳсил олган. Бу кишининг “Қотфу-с-самар фи асониди-л-мусаннафот” номли катта асари ва “Ийқозу-л-ҳимами-л-абсор” номли асари мавжуд[8].
1232/1817 йилда аллома Мисрга сафар қилади ва у ерда бир йил мобайнида олимлар билан учрашиб, улардан турли илмларда истифода олади. Хатто ўша пайтлар Мисрда Усмонийларнинг волийси Муҳаммад Али Бошо Синдийннинг катта олимлигини билгани учун алломани икром ва эҳтиром қилади хамда зиёратига шахсан ўзи бориб туради. Муҳаммад Обид Синдий яшаган даврда гарчи баъзи урушлар ва ички низолар бўлиб турган бўлсада, қайси юртга борса, ўша юрт олимларидан истифода олди ва натижада ўз даврининг катта олими бўлиб етишди. Қайси юртга бормасин, ўша юрда унга илм олиш ва илм тарқатиш учун кенг имкониятлар яратилди. Мана шу омилларнинг барчаси, Синдийни ҳадис, фиқҳ, тафсир ва бошқа илмлардан ўз даврининг етук олими бўлишига замин яратиб берди. Хусусан, умирларини охирида аллома яшаган муборак жойга ҳар йили ҳаж мавсумида турли ўлкалардан катта шайхлар келган ва аллома улардан илм олган.
Шунингдек, аллома билан ҳамаср бўлган ва ҳатто алломанинг устози саналган “Найлул автор” китобининг муаллифи Шайх Муҳаммад ибн Али Шавконий аллома Синдий ҳақида: “Тиб илми борасида у моҳир. Шунингдек, наҳу, сарф илмида ва ҳанафий фиқҳи ҳамда усули борасида кучли олим. У нафақат бу илмлар, балки бошқа илмларда ҳам ижод қилган. Унинг алоҳида ажралиб турадиган жиҳати, масалани тез англаши ва тушунишидир”, деган[9].
Хулоса қилиб айтганда, аллома билан ҳамаср бўлиб, унинг илмини ва одобини кўрган, шунингдек, китобларини ўқиб маърифат доирасининг кенглигига гувоҳ бўлган барча олимлар аллома Синдийни мақтаб, унинг ҳадис ва фиқҳ илмида беқиёс олим бўлганини эътироф қилишган.
ТИИ Тиллар кафедраси
ўқитувчиси Анваров Элёрбек
[1] Ҳайдарободнинг шимолий қисмидаги асли номи Суйистон бўлган, шу сабабли бобоси шайх Муҳаммад Мурод Ансорий ҳам Суйистоний дейилади.
[2] Ҳозирги кунда Покистон пойтахти Қарасидан 60 мил узоқликда жойлашган даҳа ҳисобланади.
[3] Саид Бектош. Имом фақиҳ муҳаддис шайх Муҳаммад Обид Синдий. – Байрут: Дору-л-башоиру-л-исламия, 1987. –Б. 61.
[4] Саййид Абдулмажид Ғоврий. Муҳаммад Обид Синдий ва унинг ҳадис илмига қўшга ҳиссаси. – Байрут: Дору-л-маърифа, 2015. – Б. 4.
[5] Саид Бектош. Имом фақиҳ муҳаддис шайх Муҳаммад Обид Синдий. – Байрут: Дору-л-башоиру-л-исламия, 1987. –Б. 230.
[6] Охирги бетда иоловада берилган.
[7] Тақиюддин Надавий. Таржимату имом фақиҳ муҳаддис шайх Муҳаммад Обид Синдий. – Байрут: Дору-н-наводир, 2012. – Б. 32.
[8] Абдулҳай ибн Абдулкарим Каттоний. Фиҳрисул фаҳорис. – Байрут: Иҳёу туросу-л-арабий, 2003. – Б. 901.
[9] Имом Шавконий. Бадру-т-толиъ. – Байрут: Дорус салом, 2006. – Б. 227.