Жорий йилнинг 13 февраль куни Афғонистон Таржима маркази раҳбари, Шайхулҳадис Азизуллоҳ Шинворий бошчилигидаги 17 нафар делегация аъзолари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг Ёшлар ишлари бўйича ўринбосари М. Мухаммадсидиқов, ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими ходими А. Арипов ҳамроҳлигида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига ташриф буюрдилар.

Мўътабар меҳмонларни Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров, проректорлар Ж.Рўзиев, Ё.Бухарбаев, Х.Аманов, институт ректори маслаҳатчиси С.Примов ҳамда кафедра мудирлари кутиб олдилар.


Дастлаб меҳмонлар институт фаолияти, унинг бой тарихи билан танишар экан, нафақат Ўзбекистон, балки Собиқ иттифоқ даврида ягона олий ислом таълим маскани бўлгани, бу илм даргоҳидан йирик уламолар, муфтийлар етишиб чиққани алоҳида ҳурмат-эҳтиром ўйғотди. Институт таъсисчилари, ректорлари, машҳур битирувчилари, ёшларга таълим берган буюк устозлар акс этган тарихий суратлар меҳмонларда жуда катта таассурот қолдирди.


Ўзбекистон Республикаси Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2018 йилдан буён аҳолининг турли қатламлари учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизмида ташкил этилган 30 дан ортиқ Қуръон ва тажвидни ўргатиш курслари фаолияти делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди. Хусусан нафақа ёшидаги ва ногиронлиги бор фуқаролар учун ажратилган имтиёзлар, барча тингловчиларга кенг шароитлар яратилгани, таълим жараёнларида замонавий воситалардан фойдаланиши Афғон меҳмонлар томонидан юқори баҳоланди.

Шунингдек, ўқув-услубий ва илмий жараёнлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар, таълим жараёни билан танишдилар. Меҳмонларга институтни ўрта махсус диний таълим муассасасидан кейинги давом эттирувчи таълим маскани экани, бу даргоҳда диний фанлар бўйича фақат араб тилидаги адабиётлар ўқитилиши таъкидланди. Дарсларда асосан ҳанафий мазҳаби ва мотурудий таълимоти бўйича йирик уламоларимиз Имом Бухорий, Имом Термизий, Абул Барокот Насафий, Бурҳониддин Марғиноний каби дунё эътироф этган алломаларнинг фундаментал асарлари билан бирга, Анвар Бадахшоний, Мулла Жомий, Сирожиддин Сижовандий Фарозий каби Афғонистон ҳудудидан етишиб чиққан уламоларнинг ҳам асарлари ўқитилиши юксак эътироф этилди.

Институтда қадим анъаналаримизга мувофиқ тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақоид, тасаввуф фанлари бўйича ислом оламида машҳур олимларнинг араб, форс, туркий тилларда ёзилган мўътабар китоблари тўлиқ ўқитилиши (“Хатми кутуб”) ҳамда буни тасдиқловчи ҳужжат “ижоза” берилиши тизимли йўлга қўйилгани, қўлёзма манбаларни ўрганиш мақсадида хаттотлик каби қатор тўгараклар фаолияти меҳмонлар томонидан юқори баҳоланди.

Меҳмонлар 1-курс талабаларининг “Қуръон қироати ва илмлари” фани дарс машғулотларини кузатиб, талабаларнинг фаоллиги, илмга чанқоқлиги, араб тилини пухта ўзлаштиргани ҳамда уларга мазкур фандан дарс бераётган мисрлик мутахассис Шайх Иброҳимнинг маҳоратига тасаннолар айтдилар. Институтда бир қанча қироатларни ўзлаштириш бўйича эришаётган ютуқлар, бир кунда бир ўтиришда Қуръонни тўлиқ ёддан ўқиб берган талабалар институт раҳбарияти томонидан моддий ва маънавий рағбатлантирилиши, амалий тажриба ўлароқ Рамазон ойида институтнинг 90 га яқин талаба ва устозлари таровеҳ намозларида “Хатми Қуръон”ларда қатнашиши, шунингдек, 3-курс талабаларининг “Ислом тарихи” фанидан дарс машғулотларини кузатган меҳмонлар ТИИ катта ўқитувчиси Саидаҳмедов АбдулАзим домланинг 5 та мўътабар манба асосида араб тилида ёзган “Ислом тарихи” дарслигига юқори баҳо бердилар.
Афғонистонлик меҳмонлар Тошкент ислом институти масжиди билан танишдилар. Масжид институт профессор-ўқитувчилари, ходимларининг кундалик ибодатларидан ташқари талабаларнинг келгусидаги фаолиятлари учун амалий кўникмалар ҳосил қилиш учун ҳам хизмат қилаётгани ҳақида маълумотлар берилди.
Меҳмонлар институт ҳақида ўзларининг самимий ва ижобий таассуротларини изҳор этдилар. Хусусан, таълим масканидаги файзли муҳит, озодалик ва сокинлик алоҳида қайд этилди: «Биз кўплаб диний таълим муассасаларида бўлганмиз, бироқ бу ердаги каби тартиб-интизом ва озодалик, покизаликни ҳеч қаерда гувоҳи бўлмадик. Бу масканда «Поклик иймондандир» ҳадисининг амалий ифодасини кўрдик. Шунингдек, 150 йиллик мустабид тузим даврида исломни, ўзлигини сақлаб қолгани ва ҳанузгача йирик олимларни етишитириб келаётгани, давлат раҳбари томонидан бу соҳага берилаётган алоҳида эътибор жуда юксак эътирофга лойиқ.», — дея таъкидлашди афғонистонлик меҳмонлар. Келгусида икки давлат таълим муасалари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш фикрларини ҳам билдирдилар.
Илмий салоҳиятга берилган баҳо
Афғонистонлик мутахассислар ислом динининг энг ишончли манбалари асосида ташкил этилган ўқув дастурларини юқори баҳоладилар. Айниқса, фиқҳ, усулул-фиқҳ, ақоид, ҳадис, ислом тарихи ва балоғат фанлари бўйича танланган адабиётлар ҳамда институт профессор-ўқитувчилари томонидан амалга оширилган таржима асарлар юксак эътирофга сазовор бўлди.

Тадбир ниҳоясида меҳмонларга институт ўқитувчилари томонидан томонидан нашрга тайёрланган ўқув қўлланма ва адабиётлар совға қилинди. Меҳмонлар ва институт жамоаси умумий суратга тушди.
Самимий руҳда ўтган учрашувдан сўнг меҳмонлар «Қаффол Шоший» мақбарасини зиёрат қилиш учун йўл олдилар.






