Заҳириддин Муҳаммад Бобур деганда кўз олдимизда нафақат буюк саркарда ва давлат арбоби, балки нозиктаъб шоир ва қомусий олим гавдаланади. Унинг илмий мероси ичида алоҳида ўрин тутган, аммо асрлар давомида кўпчилик учун сирли бўлиб келган хазиналардан бири — «Хатти Бобурий» бўлиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ихтиро қилган хат тури ҳисобланади. «Хатти Бобурий» кўплаб тадқиқотчилар эътиборини тортиб келган. Шарқшунослардан А.Бевериж, С.Азимжонова, Собир Муҳаммад, М.Ҳеравий, Али Алпарслон, Г.Маоний ва бошқалар «Хатти Бобурий» тўғрисида ўз фикрларини билдирганлар. Жумладан филолог олим Ўктам Султонов ўз тадқиқотларида ушбу алифбонинг моҳиятини янги қирраларини очиб берган.
XVI асрда туркий тиллар ривожланиши янги босқичга чиққан эди. Ўша даврда қўлланилган араб ёзуви туркий тилнинг товуш тизимини, хусусан, унли товушларни тўлиқ ифодалай олмасди. Бобур Мирзо мана шу бўшлиқни тўлдириш, ёзувни соддалаштириш ва халқ учун тушунарли қилиш мақсадида 1504 йили 20 ёшида Қобулда янги алифбо — «Хатти Бобурий»ни ёхуд хатти шоҳий[1] деб аталувчи ёзув турини ихтиро қилди. Ўктам Султонов таъкидлаганидек, бу шунчаки ҳарфлар йиғиндиси эмас, балки туркий тилнинг ички имкониятларини юзага чиқаришга қаратилган илк жиддий тил ислоҳоти эди.
Бу ёзув ўнгдан чапга қараб ёзилади. У бошқа ёзув тизимлари билан боғлиқ эмасдек туюлса-да, мавжуд намуналар унинг араб абжад тизимининг махфий коди (шифри) бўлиши мумкинлигини кўрсатади (1-расмга қаранг).
Бу хатнинг бошқа бир номи “Сиғноқий” бўлиб, бу тўғрисида Бобур шундай деган:
Турклар хати насибинг бўлмаса Бобур нетонг,
Бобурий хати эмасдур хафти сиғноқийдур.
Бу хат араб алифбоси асосида тузилган бўлиб 29 ҳарфдан иборатдир. Аммо баъзи жиҳатлари билан араб алифбосидан ажралиб туради. Араб алифбоси ҳамда хатти Бобурий ўртасидаги фарқ қуйидагилардир:
- Бутунлай ўзгарган ҳарфлар (“коф”, “ нун”, “вов”, “фо”, “син”, “шин”.)
- Жиҳати ўзгарган ҳарфлар (бо”, “жим”, “хо”, “то”, “зо”..)
- Жузъий ўзгарган ҳарфлар “мим”, “ҳа”, “дол”, “айн”…)
- Ўзгармаган ҳарфлар (“алиф”, “йо”, сўз ўртасидаги “бо”…) ва бошқалар (эъробий яъний ҳаракатлар).
Ҳазрати Бобур бу хатни тузиш орқали араб алифбосини соддалаштириш йўлидан боради. Шу мақсадда уни туркий тилнинг талаффуз меъёрларига мослаштиришга ҳаракат қилади.
Хатти бобурий тўғрисидаги маълумотларни «Бобурнома» асарида Мирзо Бобур уч марта тилга олади:
- 910 ҳижрий (1504 м.) да Қобулни эгаллаганда Хатти бобурийни ихтиро қилгани;
- 911 ҳижрий (1505 м.) да Мурғобда Хуросон ҳокими Козӣ Ихтиёр билан Хатти бобурий тўғрисида суҳбатлашгани;
- 935 ҳижрий (1528 м.) да Аграда яратилган «Хумоюннома», «Комрон», «Ҳиндол» ва бошқа шеърлар қўлёзмаларида Хатти бобурийда битилган шеърлар ва номалар борлиги тўғрисида маълумотлар келтирилган.
Шунингдек, Ҳиндистонда Акбаршоҳ даври (1556–1605) муаллифлари Хожа Низомиддин Аҳмад, Абдулқодир Бадаюний ва бошқаларнинг асарларида ҳам бу маълумотлар учрайди. Жумладан, Бадаюний бундай ёзади: «Муҳаммад Бобур (Бобур)нинг ихтиро қилган Хатти бобурий, бу хатда Мусҳаф битиб Макка Муаззамага юборилган».
С. Азимжонова эса Бобурнинг Қуръон кўчириш билан шуғулланганини, бу иш билан Аградан кетганидан сўнг ҳам машғул бўлганини қайд этади.
Айрим манбаларда ҳам Хатти бобурийнинг нусха ёзилган асарлари тилга олинади. Жумладан, «Мунтахаб ут-таворих» асари муаллифи Абдулқодир Бадаюний Хатти бобурийда ёзилган Мусҳафни эслатади.
Тоҳир ибн Қосимнинг 1645 йил атрофларида Балх ҳокими Нодир Муҳаммадхон (1640–1651) топшириғи билан битилган «Ажойиб ут-табоқот» асарида ҳам Хатти бобурий ҳақида маълумотлар келтирилган. Муаллиф билағон ҳолда бу асарда келтирган тўққизта яширин ёзув ичида Хатти бобурийнинг 28 ҳарфдан иборат алифбосини ҳам киритади, ваҳоланки Хатти бобурий ҳеч қандай яширин ёзув эмас эди.
Хатти Бобурий билан Бобур мусҳаф ёзган бу мусҳаф “Мусҳафи Бобурий” деб аталади. Унинг қўлёзма асари ҳозирги кунда Эроннинг Машҳад шаҳридаги Ҳазрати Имом Ризо зиёратгоҳига тегишли “Остони қудси Ризовий” кутубхонасида сақланади. Бу қўлёзма эронлик олим Гўлчини Маъони томонидан ўрганилиб, хатти Бобурийда ёзилганлигини эълон қилган (Султонов Ў. Хатти Бобурий // Мозийдан садо. 2003. № 3-4. – Б. 90-92).
Бобур кўчирган «Мусҳаф»га қайтадиган бўлсак, адабиётшунос Назрулло Расулзода ўзининг 1993 йилда Эрон Ислом Жумҳуриятининг Машҳад шаҳрига қилган илмий сафарида Имом Али Ризо мақбарасидаги қўлёзмалар сақланадиган кутубхонада «Хатти Бобурий»да кўчирилган «Мусҳаф»ни кўрганини айтиб, матбуотда бир неча бор мақолалар берган. Тўғри, ушбу «Мусҳаф»да «Ҳиндистонда Мўғулия подшоҳи Заҳириддин Муҳаммад Бобур ихтиро қилган хат билан кўчирилган Мусҳаф» деган ёзувни ўқиймиз. Н.Расулзода шу маълумотга асосланиб, «Мусҳаф»ни «Хатти Бобурий»да кўчирилган, деб ҳисоблайди. (Султонов Ў. Хатти Бобурий // Мозийдан садо. 2003. № 3-4. – Б. 90-92).
“Бобур халқаро фонди” 2004 йили Эрон давлатида бўлиб, “Мусҳафи Бобурий”нинг фото нусхасини юртимизга олиб келишга муваффақ бўлишди. Ҳозирда бу фотонусха Андижондаги “Бобур ва Жаҳон маданияти” музейида сақланмоқда.[2]
Шу ўринда Қуръон қироати бўйича жаҳон тан олган мутахассислар Қуръони каримни кўчириш, мусҳаф кўринишига олиб келишда “Расми Усмоний” га муфовиқ бўлиши кераклигини бот-бот таъкидлайдилар. Мирзо Бобур ҳазратлари ихтиро қилган хат асосида ёзилган мусҳаф ҳам мана шу тартибдан ҳолий бўлмаслиги шарт қилинган. Агар мазкур “Мусҳафи Бобурий” “Расми Усмоний”га тўлиқ мувофиқ бўлса, бу иш жоиз, акс ҳолда мумкин эмас деганлар. “Мусҳафи Бобурий” Қуръони каримни кўчириш учун қўйилган талабларга тўлиқ жавоб бермаган тақдирда ҳам амалга оширган бу улуғ иши ихтирочи хаттотлар изидан босилган сўнмас мерос сифатида қадр-қийматини йўқотмайди, деган фикрдамиз.
Бобур Ҳиндистонда эканида аёнлар, фарзандларига бу хат билан мактублар ёзган. Маълум доирада мазкур ёзув турида ёза оладиган, ўқийдиганлар сони талайгина бўлган. Аммо бир нарсани унутмаслик зарур, хат-ёзувлар ўртасида ҳам табий рақобат мавжуд. Бу эса ёзувнинг содда ёки мураккаблиги, нозиклиги, нафосати, ўқиш ва ёзишдаги қулайлик, аниқлик каби параметрларга боғлиқ. Ёзув ривожи кўпинча эҳтиёжларга боғлиқ бўлади. Шу каби мураккаб жараёнда “Хатти Бобурий” тўлиқ муваффақиятга эришмаган бўлсада, она тилида мавжуд товушлар имкониятларини тўлиқ ифода этиш учун ҳарфларни ихтиро қилиш ва унга эришиш асрга тенг кашфиёт эканига шубҳа йўқ. Ҳазрати Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг жуда катта истеъдод ва иқтибор соҳиби экани, тил ва ёзувга бўлган юксак ҳурмати улуғ таҳсинларга лойиқ. Бу жараённи чуқур тафаккур ва мулоҳаза қилган киши нақадар буюк иш амалга оширилганини тушуниб етади. Шунинг учун ҳам Бобур ҳазратлари ҳам буюк хат ихтирочилари бўлмиш Абу Али ибн Муқла (ваф.338/950 й.), Шайх Жамолиддин Ёқут Жазоирий (277–397/891–1007 й.й.) , Ибн Баввоб (ваф.мил.1022 й.), Хожа Мир Али Табризий (1330-1405), Мир Убайд Бухорийлар (1600 й.й) билан ёнма-ён зикр қилинади. Албатта бунинг ўзи ҳам жуда катта шарафдир.
Ё.Бухарбаев
ТИИ Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий
ишлар бўйича проректор
1-расм




[1] Муҳаммад Тоҳир. Ажойиб ут-табоқот. ЎзФАШИ Фонди. Тошбосма инв.№ 2779.
[2] Тўлиқ маълумот олиш учун ушбу манбаларга қаранг: Алифбонинг тузилиши ёки тарихий аҳамияти қисмини) кенгайтириб. Мозийдан садо журнали.Ўзбекистон. 2003. 3-4(19-20)






