islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

МЕН УНАҚА ЭМАСМАН…

Оқшом тушгач, атроф ғира-шира бўлиб, ҳатто яқинингиздаги инсонни ҳам таний олмай қоласиз. Қоронғулик чўкиши билан осмонда ой кўрина бошлайди. Зулматни ҳайдаш илинжида жон-жаҳди билан ҳаракат қилган ой гоҳида кучсизланиб, чарчаб қолгандек туюлади. Мана шу хайрли ишда тонг ойнинг кўмагига ошиқади ва улар биргалашиб тунни ёритадилар. Ниҳоят, қуёш чиқиб, ўз нурларини сочгач, тун кунга айланади. Офтобнинг нури бутун оламни мунаввар қилади.

Бироқ, қаро тунларда қолиб кетган қалблар ҳам бундан ёришармикан? Уларнинг ҳам вужудлари равшанлашиб, инсофлари уйғонармикин?

Инсон, одатда, ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини ҳақ деб билади. Масалан, келинингиздан «фалончининг келинидек» бўлишни талаб қилишдан олдин, ўзингиздаги дилозорликка барҳам бериш ҳақида ўйлаб кўрдингизми? Фарзандингиздан ҳам доим «фалончининг боласидек» муваффақиятли бўлишни истайсиз. Аммо ўзингиз қачон шаҳарда раҳбар бўлиб ишлаётган ўғлингиз билан қишлоқда зўрға кунини кўраётган мардикор фарзандингизни бир хил кўз билан кўришни бошлайсиз?

Эҳтимол, сиз: «Мен унақа эмасман, мендан меҳрибон инсон йўқ, ҳамма фарзандларимни бирдек суяман», деб айтаётгандирсиз. Юқорида таъкидлаганимиздек, ҳеч ким ўз камчилигини кўра олмайди. Дунёдаги ҳар бир инсон ўзини ҳақ деб ҳисоблайди.

Кексайиб қолган, хизматингизда елиб-югурган умр йўлдошингизнинг ҳурматини жойига қўйишни қачон ўрганасиз? Ҳар куни уйда жанжал қилиб, жуфтингиз навқиронлик чоғида ҳам қила олмаган таъминотни энди талаб қиласиз. Ёшингиз бир жойга бориб қолса-да, ғийбатни тарк қилмайсиз. Айтган сўзингиздан қайтасиз. Одамлар олдида гўёки «фаришта»дек кўринасиз. Ҳатто Аллоҳнинг байтини тавоф қилиб келиб ҳам ўзгармадингизми?

Марҳум адибимиз Ўткир Ҳошимов ўзларининг «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» китобида шундай деб ёзган эдилар: «Худбин кимсалар умрларининг охирида якка қоладилар».

Яккаланиб қолманг. Зеро, яккалик фақат Аллоҳга хосдир. Ҳали ҳам кеч эмас, ўзингизни тузатинг. Хайрли ишнинг эса кечи бўлмайди.

Дилшод ҲОДИЕВ,
Тошкент ислом институти Модуль таълими тизими талабаси,
Бухоро шаҳар «Абу Бакр Сиддиқ» жомеъ масжиди имом ноиби

463150cookie-checkМЕН УНАҚА ЭМАСМАН…

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: