“Маърифат ва диний бағрикенглик” тўғрисидаги резолюция жаҳонда экстремизм, терроризм муаммоси авж олиб, турли дин ва эътиқод вакилларига нисбатан тоқатсиз, муросасиз муносабатлар кузатилаётган бир вақтда глобал таҳдидларга қарши курашишнинг самарали воситаси сифатида маърифат, таълим-тарбия масаласини илгари сургани билан, айниқса, аҳамиятлидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган тарихий нутқида ушбу долзарб масалага алоҳида эътибор қаратиб: “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, – дея таъкидлаган эди.
Давлатимиз раҳбари БМТ юксак минбарида туриб сўзлар экан, Ўзбекистон томонидан таклиф этилган резолюциянинг асосий мақсади “барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат” эканини қайд этди. Ҳужжат “бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашиш“га қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 19 декабрдаги топшириғига асосан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТда сўзлаган нутқи ҳамда ушбу махсус резолюцияни мазмун-моҳиятини англаш мақсадида, жорий йилнинг 21 декабръ куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Маънавият соати” ташкил этилди. Унда, институтнинг “Ижтимоий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Ў.Собиров 1-3 курс талаба-қизлари учун маъруза машғулотини олиб борди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТда сўзлаган нутқи ҳамда Ўзбекистоннинг диний-маърифий соҳага оид ташаббуслари нафақат халқимиз, балки халқаро жамоатчилик томонидан ҳам фаол қўллаб-қувватланаётганини кўрсатади. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби, Ўзбекистон халқаро ислом академияси – буларнинг барчаси халқаро даражадаги йирик лойиҳалардир – деди Ў.Собиров.Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик“ деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Лойиҳаси Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. Резолюциянинг қабул қилиниши 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббуснинг амалий ифодаси бўлди.
Тошкент ислом институти
Маънавият, маърифат ва иқтидорли
талабалар билан ишлаш бўлими
бошлиғи Ў.СОБИРОВ