Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Кимки Аллоҳга таваккул қилса, (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилади. Албатта, Аллоҳ ўзи (хоҳлаган) ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (меъёр ва муддатни тайин) қилиб қўйгандир” (Талоқ, 3).
Ушбу оятда Парвардигори олам бандаларига ҳар бир ишида ўзининг Яратувчисига таваккал қилиш кераклигини таьлимини бермоқда. Яъни ҳеч бир нарсага бирор кишининг тақдири боғланиб қолмаган. Бировнинг ризқи бирор нарсага боғлиқ ёки бирор кишининг қўлида эмас. Фақатгина Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек: “Фақат яхшилик қилиш билан умр зиёда бўлади. Фақат дуо билан тақдир ўзгаради. Албатта инсон гуноҳ қилиш билан ризқидан маҳрум бўлади”.
Демак, инсон гуноҳ қилсагина иши юришмай, иши бебарака бўлиши мумкин. Бирор нарсанинг бўлганлигида эмас. Яъни олдидан қора мушук ўтгани учун эмас ёки бойўғли келиб унинг ҳовлисидан учиб қолгани учун эмас.
“Касал ўзича юқмайди, сафар ойи бехосият эмас, бойқуш бахтсизлик келтирмайди”.
Қарангки, бу ирим-сиримлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам бўлган экан. Айнан шу нарсаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидлаб айтаяптилар. “Уч нарсадан менинг умматим ҳануз қутула олмайдилар. Бу ирим-сирим, ҳасад ва бадгумонликдир”. Бир киши сўради: “Ё Расулуллоҳ, бу нарсалардан қандай қутулиш мумкин?” Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Бу нарсалардан қутулиш йўли шуки, агар ҳасад қилса, истиғфор айтсин, агар гумон қилсангиз, то очиқ баён бўлмагунча уни ҳақиқат деб айтманг, агар бирор нарсага ирим қилсангиз, Аллоҳга таваккал қилиб ишингизда давом этинг”.
ТАФОЪУЛ
Тафоъул қилса бўлади, тафоъул дегани яхши ният, яхшиликка йўйиш деган маънода. Тафоъул қилиш мумкин бунинг мисоли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Байъату Ризвон”да Макка мушриклари билан сулҳ тузаётганларида сулҳ қилиш учун улар томонидан Суҳайл ибн Амр келаётганини кўриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ ишимизни енгиллиштирадиганга ўхшайди”, дедилар. Саҳобалр сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ, қандай билдингиз?” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мана Суҳайл ибн Амр келяпти-ку” дедилар. Яъни “Суҳайл” луғавий маъноси “осон”, “енгил” дегани “Амр”нинг луғавий маъноси “иш” дегани.
Тафоъулга мисоллар ҳаётимизда кўп учрайди. Масалан: урф-одатимизга биноан келин-куёвлар олдига ҳар хил ноз-неъматлар билан бир қаторда бир неча тухум ҳам қўйилади. Аслида тухум қўйишдан мақсад – уларнинг серфарзанд бўлишларини Аллоҳдан тилаш. Ёхуд келин-куёвларга қандобга сут қўшиб берилади. Бундан мурод – уларнинг ҳаётлари сутдай беғубор, қанддек ширин бўлишини исташ. Ёки куёв сарпосини ёши улуғ, оқил, олим кишилар кийдириши лозим кўрилади. Ниятлари – фарзандлари шулар каби серфарзанд, оқил, олим бўлишларини Аллоҳдан сўраш. Лекин тафоъул билан иримни аралаштириш керак эмас. Ирим қилиш – бу гуноҳ. Баъзилар олдидан қора мушук ўтса ёки ҳафтанинг айрим кунлари касал кишини бориб кўришликни ирим қиладилар. Ваҳоланки қора мушук ёки фалон кун бизнинг тақдиримизни ўзгартиролмайди. Агар бир инсонда нохушлик рўй бериб, шариатда гуноҳ бўлмаган ишлардан, яъни оддий ҳоллардан масалан юқорида зикр қилиб ўтган ҳолатлардан деб билса, унинг шумланишининг касофати ўзига уради.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Шумланишингиз ўзларингиз биландир” (Ясин, 19).
Аммо инсоннинг гуноҳ ишларнинг содир этиши ўзининг ишининг баракасини учиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: “Албатта инсон гуноҳ қилиш билан ризқидан маҳрум бўлади”.
Мусулмон қилаётган ишини қайси бири гуноҳ, қайси бири тўғри эканлигини фарқлай олмаса, унда ҳар нарсадан шумланаверади, айрим нодон, жоҳилларнинг гапига қулоқ солади. Шунинг учун илм ўрганишлик ҳар бир мусулмон учун фарз.
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй мусулмонлар, зинодан сақланинглар, чунки унинг олтита ёмонлиги бор 3 таси дунёда ва 3 таси охиратда: 3 та дунёдагиси – чиройлиги кетади, камбағаллиги бардавом бўлади ва умри қисқа бўлади. 3 та охиратдагиси – Аллоҳнинг ғазаби, ёмон ҳисоб ва дўзахдир” дедилар.
ШАМОЛНИ СЎКИШ
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларида шамолни лаънатлади. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шамолни лаънатлама! Чунки у маъмурдир, яъни Парвардигор амрига бўйсунган ҳолда эсади. Кимики бирор нарсани лаънатласа, сўнгра ўша нарса лаънатга лойиқ бўлмаса, айтувчисининг ўзига келиб ёпишади”, деб марҳамат қилдилар.
Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда: Бир киши келиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга фақирлигидан шикоят қилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сен шамолни сўкасанми?!”. Бундан шу нарса тушуниладики –дейдилар Имом Шофеъий – кимики шамолни сўкса фақирлик келтиради.
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
Абдусамад Тожиддинов