islom-instituti@mail.ru         71-227-42-37
Oliy ma'had

Муаллиф:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳалимликлари

Зайд ибн Саъна мусулмон бўлишидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, жуда қўполлик билан қарзини сўрайди. Ҳолбуки, қарз муддати ҳали битмаган эди. Зайд мана шу ерда нубувват сифатини кўрди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳалимликлари ғазабларидан муқаддам турарди. Жоҳилнинг жаҳли-ғазаби у зотнинг ҳалимликларини зиёда этарди, холос. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайдга табассум қилиб, бағрикенглик билан муомала қилдилар. Умар розияллоҳу анҳу эса уни жеркиб ташладилар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар розияллоҳу анҳуга ҳам, Зайдга ҳам таълим-тарбия бўлсин учун дедилар: “Эй Умар! Мен ҳам, у ҳам бошқа нарсага муҳтожроқмиз. Сен мени қарзни чиройли адо этишга, уни эса қарзини яхшилик билан сўрашга чақиргин”. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Саънанинг қарзини бериб юборишни ва Умар етказган азият учун қўшимча ҳақ ҳам беришни буюрдилар. Мана шу ҳодиса Зайднинг Исломга кириб, Аллоҳ таоло ғазабидан омон қолишига сабаб бўлди. (Ибн Ҳиббон, Ҳоким ва Табароний ривоятлари). «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Шамсиддинхўжа Сулаймонов 970

Солиҳ суҳбатдош

Инсон доимo бошқалар билан мулоқот қилишга муҳтож бўлади. Шу сабабли ўзига муносиб суҳбатдош ва дўстлар танлашга интилади. Мўмин инсон солиҳ кишиларни дўст тутиши, улар билан имкон қадар кўпроқ бирга бўлишга интилиши лозим. Чунки, солиҳ кишиларнинг сўзларидан кўра сийратлари инсонга таъсирлироқ бўлади. Улуғ имомларимиз бу борада ҳам бизга гўзал намуна бўлишган ва биз учун қимматли тавсияларни беришган. Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг устози, Яҳё ибн Яҳё Найсобурий (226 ҳ./840 м. йили вафот этган) роҳимаҳуллоҳ Имом Молик роҳимаҳуллоҳдан  “Муватто” китобларини таълим олиб бўлгандан сўнг яна бир муддат зотнинг ёнларида яшадилар. Нима учун у ерда қолганликлари ҳақида сўрашганида: “Имом Моликнинг шамоилларидан таҳсил олиш учун у ерда қолдим. Чунки, у зотнинг сифатлари саҳоба ва тобеинларники каби эди”, дея жавоб берган эканлар. Абдулфаттоҳ Абу Ғудда роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Намунали солиҳ инсонни кўриш ундан эшитилган нарсадан кўра таъсирлироқ бўлади ва унга қараган инсонда яхшилик асарларини қолдиради. Бу борада саҳобалар розияллоҳу анҳум улкан бахт соҳиби бўлганлар. Сабаби, улар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлар, доимий У зотни кўриб ёнларида юрар эдилар. Шунинг учун ҳам улар Расулуллоҳдан кейин энг яхши уммат бўлишди. Солиҳ ва намунали инсонни кўриш Аллоҳни эслатади. Сабаби, унга қараган инсон унинг юриш-туриши, нутқи, сукут сақлаши ва ҳар бир ҳаракатида гўзал маъно, самимийлик, хотиржамлик, муҳаббат ҳамда сакинатни кўради. Унга қараш инсонга Аллоҳни эслатади, унинг сурати Аллоҳ томон юришга чорлайди. Ана шундай инсонлар уларни кўрилганда Аллоҳ эсланадиган кишилар бўлишади. Бу иш салафи солиҳлар орасида кенг ёйилган эди. Инсонлар солиҳ кишини кўриб манфаат олиш учун у билан учрашишни мақсад қилишар эди. Чунки, уни кўришнинг ўзи қалбни нурлантиради, нафсда яхшиликка рағбатни уйғотади, динга муҳаббатни оширади ва Аллоҳ таолони эслатади”. Шунинг учун ҳам мусулмон инсон бу нур ва набавий меросдан насиба олиш учун улар билан доимий алоқада бўлиши лозим. Юқоридаги олимларнинг сўзларидан маълум бўладики, солиҳ  инсонга биргина қарашнинг ўзи қалбга шу қадар таъсир қилар экан,  у  билан суҳбат қуриш, дўстлашиш ва узоқ вақт бирга бўлиш кишида ўз аксини топмай қолмайди. Бунинг акси ўлароқ бадхулқ инсонлар билан кўп бирга бўлиш аста-секин инсонни уларга ўхшатиб қўяди. Чунки, инсоннинг табиати ўғри бўлиб, атрофдагилардан яхшиликни  ҳам,  ёмонликни ҳам бир хилда “ўғирлаб” олади. Шундай экан, мўмин инсон доимо ўзига солиҳларни дўст тутиши ва улар билан ҳамсуҳбат бўлиши ўзи учун манфаатли бўлади. Зеро, ҳақиқий солиҳларгина ўз дўстининг кўзгусидир. Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг “Толиби илм тарбияси учун тўғри йўл маёқлари” номли китоблари асосида 2-курс талабаси Ийсохон Яҳё тайёрлади 1 023

Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг ҳикматли сўзлари

“Илм кўп, умр қисқа. Шундай экан, диний йўлдан нима керакли бўлса ол, қолганини ташла”. “Бу умматнинг ҳалоки тузган шартномасининг бузилиш пайтига яқин бир замонда амалга ошажак”. “Қалб билан жасаднинг ҳоли кўр билан шолнинг ҳоли кабидир. Шол шундай деди: “Анави ерда бир мева кўраяпман, аммо ололмаяпман. Мени елкангга чиқар, уни олайин”. Кўр шолни елкасига чиқарибди, у мевани олади ва биргаликда бу мевани ейдилар”. “Иложи бўлса, бозорга биринчи бўлиб кирганлардан бўлманг. Бозордан охирги бўлиб ҳам чиқманг. Чунки бозор – шайтоннинг жанг майдонидир. Байроғини у ерга тиккан”. “Аллоҳ таолога хуфёна (гизли) осий бўлган эсанг, унга хуфёна ибодат қил ва савобини қозон. Агар очиқча осий бўлган эсанг, гуноҳ қилган бўлсанг, очиқча ибодат қил ва савоб қозон. Булар бир-бирини ўчиради”. “Мени уч кимса ҳайратга солади: Бири – дунё умидларига тўла одам. Ҳолбуки ўлим унинг изига тушгандир. Иккинчиси – ғафлат ичида кезаётган одам. Ҳолбуки ҳеч ғафлатда бўлмаган, уни унутмаган биттаси бор. Учинчиси – қаҳқаҳа отаётган киши. Ҳолбуки оламларнинг Рабби Аллоҳ ундан хафами, хурсандми асло билмайди”. Мир араб ўрта махус ислом билим юрти мударриси Абдусамад Тожиддинов 890

ТАЛАБА-ҚИЗЛАР ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТ КОНСЕРВАТОРИЯСИГА ТАШРИФ БУЮРДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 09-2831 сонли топшириғига асосан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фаолият кўрсатаётган диний соҳа ходимлари, диний таълим муассасалари талаба ва ўқувчиларини мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан яқиндан таништириш мақсадида 2018 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ўтказиладиган маданий-маърифий тадбирлар режаси тасдиқланган. Шунга асосан, жорий йилнинг 18 декабрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими, талаба-қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова бошчилигида 2-курс талаба-қизлари Ўзбекистон Давлат консерваториясига ташриф буюрди. Ташриф давомида талабалар Консерваториянинг 4та зали, булар – катта, Орган чолғу, кичик ва камер чолғу заллари, ва у ернинг саҳналарида Ўзбекистон миллий симфоник Оркестри, “Туркистон” камер чолғу оркестри, “Ўзбекистон яккахонлари” камер чолғу оркестри ва Ўзбекистон давлат теле ва радиокомпаниясининг анъанавий ўзбек мусиқа чолғулари камер чолғу оркестри ва кўплаб шу каби энг таниқли жамоалар томонидан ўз ижодларини намойиш қилишлари учун етарли шароитлар яратилганлиги билан яқиндан танишдилар. Ташриф давомида талаба-қизлар қизиқарли маълумотларга эга бўлиб қайтдилар. Тошкент ислом институти Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.СОБИРОВ 928

Нақшбандия машойихлари(3) Қосим ибн Муҳаммад (роҳимаҳуллоҳ)

Ҳофидий Сиддиқий Акбар Қосим роҳимаҳуллоҳ Мадинада туғилиб, Асҳоби киромдан кейин фатво беришни бошлаган машҳур “Фақиҳус Сабъа” (Етти фақиҳ)дан биттасидир. Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг набирасидир. Қосим роҳимаҳуллоҳ ҳазрати Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг ўғли Зайнал Oбидин билан хола ўғилларидан. Ҳазрати Қосим роҳимаҳуллоҳнинг онаси Эроннинг сўнгги ҳукмдори Яздужарнинг қизидир. Ҳазрати Қосим роҳимаҳуллоҳ тобеинларнинг катталаридан ҳисобланади. “Олтин силсила”нинг учинчисидир. Омонатни Салмон Форсий ҳазратларидан олган. Бу шаклда файзий илоҳийнинг сири саҳобалар доирасидан чиқиб, тобеъин доирасига кўчди. Ҳазрати Қосим роҳимаҳуллоҳ 31-ҳижрий йилда, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу хилофоти даврида дунёга келди. Отаси Мисрда ўлдирилгандан сўнг, ҳазрати Қосим роҳимаҳуллоҳ холаси, мўъминларнинг онаси ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо ёнида тарбияланди. Саҳобалардан кўпчилигини кўрди. Холаси ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан, Ибн Умардан, Ибн Аббос, Абу Ҳурайра ва Муовия розияллоҳу анҳумлардан кўпгина ҳадис ривоят қилган. Имом Малик роҳимаҳуллоҳ у ҳақда “Қосим бу умматнинг фоқиҳларидан эди”, деган. Яҳё бин Саид Қосим ҳазратлари ҳақида “Мадинада Қосимдан устун бир шахсни кўрмадик”, деган. Ибн Саъд “Қосим ишончли инсон эди, олим эди, фоқиҳ эди, имом эди. Кўп ҳадис биларди, тақво ва парҳез соҳиби эди”, деган. Умар бин Абдулазиздан ривоят қилинади: “Агар бировни ўрнимга халифа танлаш ижоб этсайди, Қосимни танлардим”. *** Қосим ибн Муҳаммад роҳимаҳуллоҳ Аллоҳ ва Расули номидан сўз сўйлашнинг ва фатво беришнинг нақадар маъсулиятли иш эканини идрок этган бир зот эди. “Инсоннинг Аллоҳ ҳаққини билиб, жоҳил сифатида яшаши, уни билмай туриб, фатво беришингдан яхшироқдир”,– деган Қосим роҳимаҳуллоҳ. У диний масалаларда жуда ҳассос ҳаракат қилар, фақат аниқ бўлган мавзулардагина фатво берарди. *** Халифа Умар бин Абдулазиз Қосим бин Муҳаммад роҳимаҳуллоҳга холаси ҳазрати Ойша розияллоҳу анҳога оид қанча ҳадис ва ривоят бўлса, барчасини тўплаш вазифасини топширди. Қосим бин Муҳаммад ҳадиси-шарифларни маъносига, ҳарфларигача эътибор қилган ҳолда ривоят этарди. Ҳолбуки, тобеъиндан бўлган баъзи ҳадис олимлари ҳадиси-шарифни фақат маъноси билан ривоят этишдан тортинмас эдилар. Лекин тобеъин муҳаддисларининг аксарияти ҳадиси-шарифларни Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва салламдан қандай эшитса, шундай ривоят этишар эди. Қосим бин Муҳаммад роҳимаҳуллоҳ ҳам ҳадис ривоят этаркан, унинг битта ҳарфини ҳам ўзгартирмас эди. Қосим бин Муҳаммад роҳимаҳуллоҳ шундай хотирлайди: “Бир куни холам ҳазрати Ойшанинг ёнига бордим. Унга: “Эй она, менга Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрини кўрсатинг”, дедим. Кўрсатди. У ерда учта қабр бор эди. Қабрлар юксак эмас эди. Устларига қизил тошчалар тўкилган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабри ҳаммасидан илгарироқда турарди: ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг боши Фахри коинот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг елкасига, ҳазрати Умарнинг боши эса унинг оёғи ҳизосига тўғри келарди”. Қосим бин Муҳаммад роҳимаҳуллоҳ вафотидан олдин кўзи ожиз бўлиб қолди. Ўлим тўшагида ўғлига: “Мени устимдаги кийим билан кафанланг”, дея васият этди. Устида кўйлак иштон ва жубба бор эди. Ўғли “Кафанни яна икки қат қилсак бўлмайдими?” деб сўради. Қосим бин Муҳаммад роҳимаҳуллоҳ: – Бобом Абу Бакр ҳам уч парча кафанга ўралган эди. Биз учун мезон будир. Бу кифоя. Либосга тирикларнинг эҳтиёжи ўликларникидан кўпроқ бўлади, – деди. Ҳижрий 107 йилда (милодий 725), етмиш ёшида Маккаи Мукаррама билан Мадинаи Мунаввара орасидаги Қудайдда вафот этди. Аллоҳ раҳмат айласин! Мир Араб ўрта махус ислом билим юрти мударриси Абдусамад Тожиддинов 966
1 1 354 1 355 1 356 1 357 1 358 1 556