islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Dekabr 18, 2018

Day

ТАЛАБА-ҚИЗЛАР ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТ КОНСЕРВАТОРИЯСИГА ТАШРИФ БУЮРДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 09-2831 сонли топшириғига асосан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фаолият кўрсатаётган диний соҳа ходимлари, диний таълим муассасалари талаба ва ўқувчиларини мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан яқиндан таништириш мақсадида 2018 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ўтказиладиган маданий-маърифий тадбирлар режаси тасдиқланган. Шунга асосан, жорий йилнинг 18 декабрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими, талаба-қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова бошчилигида 2-курс талаба-қизлари Ўзбекистон Давлат консерваториясига ташриф буюрди. Ташриф давомида талабалар Консерваториянинг 4та зали, булар – катта, Орган чолғу, кичик ва камер чолғу заллари, ва у ернинг саҳналарида Ўзбекистон миллий симфоник Оркестри, “Туркистон” камер чолғу оркестри, “Ўзбекистон яккахонлари” камер чолғу оркестри ва Ўзбекистон давлат теле ва радиокомпаниясининг анъанавий ўзбек мусиқа чолғулари камер чолғу оркестри ва кўплаб шу каби энг таниқли жамоалар томонидан ўз ижодларини намойиш қилишлари учун етарли шароитлар яратилганлиги билан яқиндан танишдилар. Ташриф давомида талаба-қизлар қизиқарли маълумотларга эга бўлиб қайтдилар. Тошкент ислом институти Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.СОБИРОВ 258

Нақшбандия машойихлари(3) Қосим ибн Муҳаммад (роҳимаҳуллоҳ)

Ҳофидий Сиддиқий Акбар Қосим роҳимаҳуллоҳ Мадинада туғилиб, Асҳоби киромдан кейин фатво беришни бошлаган машҳур “Фақиҳус Сабъа” (Етти фақиҳ)дан биттасидир. Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг набирасидир. Қосим роҳимаҳуллоҳ ҳазрати Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг ўғли Зайнал Oбидин билан хола ўғилларидан. Ҳазрати Қосим роҳимаҳуллоҳнинг онаси Эроннинг сўнгги ҳукмдори Яздужарнинг қизидир. Ҳазрати Қосим роҳимаҳуллоҳ тобеинларнинг катталаридан ҳисобланади. “Олтин силсила”нинг учинчисидир. Омонатни Салмон Форсий ҳазратларидан олган. Бу шаклда файзий илоҳийнинг сири саҳобалар доирасидан чиқиб, тобеъин доирасига кўчди. Ҳазрати Қосим роҳимаҳуллоҳ 31-ҳижрий йилда, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу хилофоти даврида дунёга келди. Отаси Мисрда ўлдирилгандан сўнг, ҳазрати Қосим роҳимаҳуллоҳ холаси, мўъминларнинг онаси ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо ёнида тарбияланди. Саҳобалардан кўпчилигини кўрди. Холаси ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан, Ибн Умардан, Ибн Аббос, Абу Ҳурайра ва Муовия розияллоҳу анҳумлардан кўпгина ҳадис ривоят қилган. Имом Малик роҳимаҳуллоҳ у ҳақда “Қосим бу умматнинг фоқиҳларидан эди”, деган. Яҳё бин Саид Қосим ҳазратлари ҳақида “Мадинада Қосимдан устун бир шахсни кўрмадик”, деган. Ибн Саъд “Қосим ишончли инсон эди, олим эди, фоқиҳ эди, имом эди. Кўп ҳадис биларди, тақво ва парҳез соҳиби эди”, деган. Умар бин Абдулазиздан ривоят қилинади: “Агар бировни ўрнимга халифа танлаш ижоб этсайди, Қосимни танлардим”. *** Қосим ибн Муҳаммад роҳимаҳуллоҳ Аллоҳ ва Расули номидан сўз сўйлашнинг ва фатво беришнинг нақадар маъсулиятли иш эканини идрок этган бир зот эди. “Инсоннинг Аллоҳ ҳаққини билиб, жоҳил сифатида яшаши, уни билмай туриб, фатво беришингдан яхшироқдир”,– деган Қосим роҳимаҳуллоҳ. У диний масалаларда жуда ҳассос ҳаракат қилар, фақат аниқ бўлган мавзулардагина фатво берарди. *** Халифа Умар бин Абдулазиз Қосим бин Муҳаммад роҳимаҳуллоҳга холаси ҳазрати Ойша розияллоҳу анҳога оид қанча ҳадис ва ривоят бўлса, барчасини тўплаш вазифасини топширди. Қосим бин Муҳаммад ҳадиси-шарифларни маъносига, ҳарфларигача эътибор қилган ҳолда ривоят этарди. Ҳолбуки, тобеъиндан бўлган баъзи ҳадис олимлари ҳадиси-шарифни фақат маъноси билан ривоят этишдан тортинмас эдилар. Лекин тобеъин муҳаддисларининг аксарияти ҳадиси-шарифларни Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва салламдан қандай эшитса, шундай ривоят этишар эди. Қосим бин Муҳаммад роҳимаҳуллоҳ ҳам ҳадис ривоят этаркан, унинг битта ҳарфини ҳам ўзгартирмас эди. Қосим бин Муҳаммад роҳимаҳуллоҳ шундай хотирлайди: “Бир куни холам ҳазрати Ойшанинг ёнига бордим. Унга: “Эй она, менга Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрини кўрсатинг”, дедим. Кўрсатди. У ерда учта қабр бор эди. Қабрлар юксак эмас эди. Устларига қизил тошчалар тўкилган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабри ҳаммасидан илгарироқда турарди: ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг боши Фахри коинот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг елкасига, ҳазрати Умарнинг боши эса унинг оёғи ҳизосига тўғри келарди”. Қосим бин Муҳаммад роҳимаҳуллоҳ вафотидан олдин кўзи ожиз бўлиб қолди. Ўлим тўшагида ўғлига: “Мени устимдаги кийим билан кафанланг”, дея васият этди. Устида кўйлак иштон ва жубба бор эди. Ўғли “Кафанни яна икки қат қилсак бўлмайдими?” деб сўради. Қосим бин Муҳаммад роҳимаҳуллоҳ: – Бобом Абу Бакр ҳам уч парча кафанга ўралган эди. Биз учун мезон будир. Бу кифоя. Либосга тирикларнинг эҳтиёжи ўликларникидан кўпроқ бўлади, – деди. Ҳижрий 107 йилда (милодий 725), етмиш ёшида Маккаи Мукаррама билан Мадинаи Мунаввара орасидаги Қудайдда вафот этди. Аллоҳ раҳмат айласин! Мир Араб ўрта махус ислом билим юрти мударриси Абдусамад Тожиддинов 214

Араб тили граматикасини арабларга буюк бобомиз Маҳмуд аз-Замахшарий ўргатган

18 декабрь – халқаро араб тили куни  2010 йили Халқаро она тили байрами арафасида БМТ департаменти жамоат фикри билан келишилган ҳолда олтита ташкилот расмий тили учун шахсий байрамини нишонлаш фикрини таклиф қилган. Ғоя мақсади – халқлараро маданиятни мустаҳкамлаш ва кўптиллик давлатларни ривожлантиришдир. 2012 йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган халқаро UNESKO ташкилотининг 190-сонли сессиясида Саудия Арабистони таклифига биноан 18 декабрь Халқаро араб тили куни сифатида эълон қилинди. Шу йили мазкур ташкилот биринчи маротаба 18 декабрни байрам сифатида нишонлаган. Шуни таъкидлаш лозим-ки, 1973 йил декабрь ойида БМТ бош ассамблеясининг 3190-рақамли қарори билан араб тили ташкилот расмий тиллари қаторига қўшилган. Бугунги кунга келиб араб ва унга яқин тилда мулоқот қилувчилар сони 300 миллионни ташкил этади. Улардан 240 миллиони учун араб тили она тилидир, 50 миллион киши эса иккинчи тил сифатида ишлатади. Бутун дунё мусулмонлари учун араб тили Қуръон тили бўлиб ҳисобланади. Араб тили барча араб мамлакатларининг расмий тили даражасида бўлиб, Исроил, Эритрея, Чад, Сомали ва Жибути каби мамлакатларнинг расмий тилларидан биридир. Жаҳон тилларидан бири деб эътироф этилган араб тили инсоният тараққиёти тарихида ғоят муҳим ўрин эгаллаган. Милоддан кейинги дастлабки асрларда Арабистон яриморолининг жанубий минтақаларидаги қабилаларгагина хос бўлган бу тил Ислом дини шаклланиши ва тарқалиши билан Яқин ва Ўрта Шарқ, Шимолий Африка халқларининг она тили бўлиб қолди. Ҳатто Европа қитъасининг ғарбида ҳам, ҳозирги Испания ҳудудида араб давлати –«Андалусия» ташкил топган эди. Илоҳий мўъжиза бўлмиш Қуръони Каримнинг араб тилида нозил бўлиши ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз суннатларини шу тилда баён қилганлари араб тилининг «икки дунё саодатига элтувчи тил» деб эътироф этилишига асос бўлди. Ислом дини шарофати ила араб тили Атлантик океандан қарийб Тинч океангача чўзилган жуда катта минтақада яшайдиган халқлар учун она тилига айланмаса-да, халқаро муносабатлар ва сиёсат тили, илм-фан, маданият тили сифатида тарқалди. Яқин ўтмишгача мусулмон мамлакатларида араб тилини билмайдиган киши зиёли саналмас эди. Ҳозирги кунда башариятнинг тараққиёт даражасини белгилаётган энг муҳим фанлар (кибернетика, астрономия, тиббиёт)нинг асослари ўрта асрларда араб тилида яратилган эди. Бу тилда жаҳон маданиятининг дурдоналарига айланган кўплаб адабий-бадиий, фалсафий, диний, тарихий, сиёсий мавзулардаги асарлар ҳам яратилди. «Ислом маданияти» ёки «Араб тилидаги маданият» деб аталмиш бу маданиятнинг шаклланиб, ривожланишига имом Бухорий, Термизий, Хоразмий, Беруний, ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби кўплаб аждодларимиз ҳам салмоқли ҳисса қўшганлар. Улар меросини ўрганиш, тадқиқ қилиш, инсоният тараққиётида ўзимизга муносиб ўрин эгаллаш ва уни қўлдан чиқармаслик учун, ўсиб келаётган авлодни маънавий-ахлоқий пок, илм-маърифатга чанқоқ, Ватанига, халқига садоқат руҳида тарбиялашимиз учун аждодларимиздан қолган ниҳоятда бой илмий-адабий меросни халқимизга етказишимиз, фарзандларимиз онгига сингдиришимиз лозим. Бу эса араб тилини ўрганиш ва ўргатишни тақозо қилади. Араб давлатларининг, яъни араб тилини ўзининг расмий тили деб эълон қилган давлатларнинг ҳозирги кунда ҳам дунёнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий хариталаридаги мавқеи муҳим аҳамиятга эга. Форс кўрфази, Ҳинд океани, Араб денгизи, Қизил денгиз, Ўрта Ер денгизи, Атлантик океан соҳилларига жойлашган, Осиё қитъасининг жануби-ғарбий, Африка қитъасининг шимолий минтақаларини эгаллаб турган, аҳолисининг умумий сони 190 миллиондан ортадиган 22 мустақил давлат дунёда кечаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жараёнларга сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Дунё мамлакатлари билан тинч-тотув яшашни, улар билан ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришни ўзимизга мақсад қилиб қўйган эканмиз, араб давлатлари билан ҳам турли даражалардаги сиёсий ва иқтисодий-ижтимоий алоқалар ривожланиб...

Ислом тарихидаги энг буюк қайтариқ

Аллоҳ таоло бандаларни бир-бирларига зулм қилишдан қайтарди. Зеро, зулмнинг ҳар қандай кўриниши ҳаромдир. Зулм икки хил бўлади: 1. Ўзига зулм қилиш. Мазкур зулмнинг энг даҳшатлиси Аллоҳ таолога ширк келтирмоқдир.  “Албатта ширк энг катта зулмдир”. (Луқмон сураси, 13-оят). Чунки мушрик ҳар қандай шерикдан пок Аллоҳга бир махлуқни тенглаштириб, уни холиқ даражасига кўтарди. Катта-кичик гуноҳлар ширкдан кейин турадиган зулм саналади. Банда гуноҳ-маъсиятга қўл уриши билан ўзини дунё-ю охират бадбахтлигига гирифтор қилади ва бу нафсга нисбатан очиқ зулмдир. 2. Инсоннинг бошқа бировга зулм ўтказиши. Ушбу зулмнинг ҳаромлиги ҳақида бир қанча ҳадисларни келтириб ўтиш мумкин. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Зулм Қиёмат кунида зулматларга айланади”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари); Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таоло золимни маълум вақт қўйиб қўяди. Охири (бир куни) уни (азоб билан) ушлаганида, асло қутулиб кета олмайди”. Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги оятни ўқидилар: “Парвардигорингиз (аҳли-эгалари) золим бўлган шаҳарларни ушлаганида, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши-азоби аламли ва қаттиқдир”. (Ҳуд сураси, 102-оят; Бухорий ва Муслим ривоятлари). Одамлар орасида адолат ўрнатиш ва зулм-зўравонликларга бутунлай барҳам бериш, шак-шубҳасиз, Исломнинг энг олий мақсадларидандир. Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Шамсиддинхўжа Сулаймонов 304

ЁШЛАР ЎРТАСИДА ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ВА ЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ БАРВАҚТ ОЛДИНИ ОЛИШ

Ҳозирги кунда мамлакатимизда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини намоён қилиш, уларнинг фуқаролик жавобгарлигини ва олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини ошириш борасида бир қатор амалий ишлар амалга оширилмоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш, экстремизм, терроризм ва уюшган жиноятчиликнинг бошқа шаклларига қарши курашиш бўйича ташкилий-амалий чораларни кучайтириш, коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва онгини юксалтириш, бу борада давлат тузилмаларининг фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро самарали ҳамкорлигини ташкил этиш билан боғлиқ аниқ вазифалар белгиланган. Шунга асосан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси билан ҳамкорликда жорий йилнинг 17 декабрь куни Тошкент ислом институти 1-3 курс талаба-қизлари учун “Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси масъул ходими, подполковник Абдувоҳид Шукуров ўзининг сермазмун маърузаси билан иштирок этди. Маънавий-маърифий тадбирни институт ректори Уйғун Ғафуров очиб берди. Барча соҳалар каби диний соҳада бўлаётган катта ўзгаришлар, улкан ислоҳотлар жаҳон миқёсида эътироф этилаётган ижобий натижаларнинг асосий мақсади “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида кенг жамоатчиликка маърифий Ислом таълимотини тарғиб этиш эканлиги таъкидлаб ўтилди. Шундан сўнг, подполковник А.Шукуров сўзга чиқиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар асосан келажак баркамол авлодни тарбиялашга қаратилаётгани, қолаверса, ёшларнинг илм-маърифат ва маънавий-ахлоқий мезонини юксалтириш, талаба-ёшлар ўртасида турли ҳуқуқбузарлик, жиноятчиликни олдини олиш, ижтимоий тармоқ ва Интернет жаҳон ахборот тизимидан тўғри мақсадларда фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири эканлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш, бу борада таълим муассасалари ва Ички ишлар идораларининг ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тадбир сўнгида институтнинг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича проректор Ж.Меликузиев мазмунли ва қизиқарли суҳбат учун институт жамоаси номидан миннатдорчилик билдириб ўтди. Эслатиб ўтамиз, ушбу тадбир Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тасдиқланган “Диний соҳада ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастури”га мувофиқ ўтказилмоқда. Тошкент ислом институти Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.СОБИРОВ 450
1 2