Асли Мадиналик, “Абу Дардо” куняси билан танилган саҳоба Уваймир ибн Молик розияллоҳу анҳу жоҳилиятдаги дўсти Абдуллоҳ ибн Раввоҳанинг даъвати билан бадр жангидан кейинроқ мусумон бўлган. Илгари тожирлик билан шуғулланган Абу Дардо Исломга киргач ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди. Илм таҳсилига шунғиб кетди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврида Дамашқда муаллимлик қилди. Шу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олган жуда фойдали сабоғини кейинги умматга қуйидагича етказади: عن أبي الدرداء قال : أوصاني رسول الله بتسع “ لا تشرك بالله شيئاً وإن قطِّعْتَ أو حُرِّقْتَ , ولا تتركنَّ الصلاة المكتوبة متعمدا ؛ ومن تركها متعمدا برئت منه الذمة , ولا تشربن الخمر ؛ فإنها مفتاحُ كل شر , وأطع والداك وإن أمراك أن تخرج من دنياك ؛ فاخرج لهما , ولا تنازعن ولاة الأمر , وإن رأيت أنك أنت , ولا تفرِرْ من الزحف ؛ وإن هلكت وفرَّ أصحابك , وأنفق من طَوْلك على أهلك , ولا ترفع عصاك على أهلك وأخفهم في الله عز وجل “ .. Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўққиз нарсани насиҳат қилдилар: Аллоҳга ҳеч бир нарсани асло шерик қилма! Агар қийма-қийма қилинсанг ҳам, ёки оловда куйдирилсанг ҳам. Ҳаргиз фарз намозни қасддан тарк қилма! Чунки фарз намозни ким қасддан тарк этса, Аллоҳнинг зиммасидан маҳрум бўлади. Асло ароқ ичма! Чунки у барча ёмонликларнинг калитидир. Ота-онангга итоат қил! Агар улар дунёингдан чиқиб кетишга буюрсалар, улар учун чиқиб кет. Ишбошилар билан мансаб талашма! Агарча ўзингни ўша лавозимга лойиқ билсанг ҳам. Жангдан орқа қилиб қочма! Агар ҳалок бўлсанг ё дўстларинг ташлаб қочган бўлса ҳам. Топганингдан аҳлингга нафақа бер! Асоингни аҳлингга кўтарма! Аҳлингни Аллоҳдан қўрқит! (Бухорий ва Ибн Можа ривояти. Саҳиҳ). Изоҳ: Бу насиҳатлар гарчи Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг ўзига айтилган бўлса-да, аслида Расулуллоҳнинг Абу Дардога омонати ҳам эди. У бу сабоқларни кейинги авлодга етказиш мажбуриятини ҳам олган эди. Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу насиҳатлари нафақат Абу Дардога балки, бутун умматга тегишли эди. Бу сабоқлар аслида ҳаёт дастуримизнинг муҳим бандларидан десак, яна ҳам тўғри бўлади. Бу насиҳатлар айниқса, тақво ва диёнатдан йироқлашган бугунги кунимиз учун ўта зарурдир. Ҳолимизни ислоҳ қилиш учун уни тезлик билан амалда қўллашимиз лозим бўлади. Пайғамбаримиз биринчи бўлиб энг зарур масаладан сўз бошладилар: 1) Аллоҳга ҳеч бир нарсани асло шерик қилма! Агар қийма-қийма қилинсанг ҳам, ёки оловда куйдирилсанг ҳам. Гуноҳлар ичида энг улкан ва даҳшатлиси бу ширкдир. Ўшанинг учун ҳам ҳадисда муболаға услуби билан ҳатто гўштингни қийма қилиб чопишса ҳам, ёки оловда куйдириб жизғанак қилмоқчи бўлсалар ҳам қалбингдаги тавҳиддан воз кечмагин, деб уқтирилмоқда. Иймоннинг жойи қалб бўлгани каби, ширкнинг ўрни ҳам қалбда бўлади. Мўмин ўз жонини сақлаб қолиш учун зарур ҳолатларда фақат тилида куфр сўзларини айтиши мумкин. Аммо ўша сўзга қалбида ишониши, эътиқод қилиши ҳаргиз мумкин эмас. 2) Ҳаргиз фарз намозни қасддан тарк қилма! Чунки фарз намозни ким қасддан тарк этса, Аллоҳнинг зиммасидан маҳрум бўлади. Намоз исломнинг беш рукнидан, иккинчисидир. Биринчи рукн иймон, ундан кейинги энг муҳим ибодат намоздир. Намозни қасддан тарк этувчилар икки хил бўлади: Фарзлигини инкор этиб тарк этувчилар; Фарзлигини тан олган ҳолда дангасалик билан тарк этувчилар; Биринчи тоифа яъни, намознинг фарзлигини тан олмаганлар мусулмон ҳисоб этилмайди. Аммо, намозни фарзлигига ишониб ялқовлик билан ўқимасдан юрганлар кофир дейилмайди. Лекин катта гуноҳ соҳиби бўлишади. Ҳар бир банда билан Аллоҳ орасида аҳд бўлади. Аллоҳга итоат этувчи бандаларни Аллоҳ турли балолардан сақлаб туради. Намозни қасддан тарк этганлар билан ўша аҳднома бузилади. Бирор балога гирифтор бўлса, банданинг ўзи айбдор...
Бугун дунё тез ўзгариб, ундаги воқеалар, мафкуралар, ғоялар тўқнашуви бизни ҳар қачонгидан сергак ва огоҳ бўлишга ундайди. Инсон ўзи учун ҳаловат ва тинчликни ўз идроки ва билими билан таъминлайди. Аллоҳ ато этадиган бу буюк неъматни асрай олиш унинг ўз ҳатти-ҳаракатларига боғлиқдир. Бугунги глобаллашув даврида инсон онги ва қалби учун жиддий кураш кетмоқда. Турли манфаатлар тўқнаш келган ва шунга хизмат қиладиган ахборот хуружлари кўпайган бир шароитда бундай жараёнлар салбий таъсиридан ҳимояланишнинг бирдан-бир йўли бу соғлом фикр юритиш, ҳамиша ҳушёр ва огоҳ бўлишдир.Айниқса, ёшлар онгида ватанпарварлик ва юрт тақдирига дахлдорлик туйғуларини юксалтириш, уларнинг билимини ошириш турли таҳдидларига тўсиқ қўйишда муҳим аҳамиятга эга. Шу муносабат билан Тошкент шаҳар Юнусобод тумани бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ домла Сайфиддинов иштирокида “Огоҳлик – давр талаби” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Суҳбатда ҳозирги кунда мамлакатимизда барча соҳалар қатори диний соҳада ҳам улкан амалий ишлар амалга оширилаётган бир пайтда тирноқ ичидан кир қидираётган кишилар томонидан турли фитналарга алданиб қолмаслик кераклиги ҳақида айтиб ўтилди. Бугун талаба ёшларнинг асосий вазифаси юксак илм-маърифат ва одоб-ахлоқни эгаллаш зарурлиги эслатиб ўтилди. Суҳбат давомида саҳобалар ва илм аҳлларининг фазллари ҳақида ҳаётий мисоллар келтириб ўтилди. Суҳбат сўнгида институт талабалари ўзларини қизиқтирган саволларга Раҳматуллоҳ домла томонидан мазмунли жавоб олдилар. Тадбир якунида Устоз талабаларнинг ҳақларига дуои хайрлар қилди. Тошкент ислом институти Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.СОБИРОВ 1 481
Аллоҳ таоло: «Албатта, у Қуръони каримдирки, (у) яширин Китобда (Лавҳул-маҳфузда) дир. Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар», деган ( Воқиаъ, 77-79). Абдурраҳмон ибн Язид ҳикоя қиладилар: Биз Салмом (розияллоҳу анҳу) билан бирга эдик. У бизни ёнимиздан туриб, чиқиб кетди ва ҳожатини қилиб келди. Мен эй Абу Абдуллоҳ таҳорат қилдингизми? Биз Аллоҳнинг каломидан сўрамоқчи эдик дедим. У мен Мусҳафни ушламайман, уни покланганлар ушлайди, деди. Ва бизга сўраган оятларимизни тиловат қилди, (Байҳавий ва Дорақутний ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуронни фақатгина таҳоратли кишигина ушлайди”, деганлар, (Термизий, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ва Сунани Доримий 447-ҳадис). Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хайз ва жунуб ҳолатдаги кишини Қуронни тиловат қилишдан қайтарган”, эдилар ( Мабсут Сарахсий 3-жуз 301-саҳифа). Қуръони каримни жунуб, ҳайз, нифос ва таҳоратсиз ҳолдагилар ушлаши мумкин эмас. Фақат Қуръони каримнинг ташидан унга ёпишмаган нарса ила ушлашлари жоиз. Улар бутун бир ояти карима ёзилган қоғозни ҳам ушлашлари дуруст эмас. Баъзи уламолар: балоғатга етмаган болалар Қуръонни ўрганаётган вақтларида енгил таҳоратсиз ушлашларини жоиз деганлар. Агар таълим берувчи жунуб, ҳайз, нифос ва таҳоратсиз ҳолда бўлса, ана шу ҳолатларда Каломуллоҳни ушламасдан сўзма-сўз ўқиш ила таълим беради. Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Абдусамад Тожиддинов 839
Жорий йилнинг 25-26 декабрь кунлари Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими, талаба-қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова бошчилигида 1-2-курс талаба-қизлари Ислом цивилизацияи марказига ташриф буюрди. Ташриф давомида талабалар қурилиш жараёнлари билан яқиндан танишдилар. Ислом цивилизацияси маркази умумбашарий цивилизация ривожига беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш, динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини авваламбор халқимизга, дунё ҳамжамиятига етказиш, жамиятда “жаҳолатга қарши – маърифат” тамойилини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Уч қаватли марказ қадимий мадрасалар услубида қурилади. Бинонинг симметрик марказига Усмон Қуръони қўйилади. Иккинчи қаватда кутубхона, анжуманлар ва кўргазма заллари бўлади. Учинчи қават ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар ва бошқа хоналарни ўз ичига олади. Кўргазмалар залида Ўзбекистон тарихи даврлар бўйича, ҳар бир аср, ҳар бир алломага оид манбалар ва ашёлар асосида намойиш этилиши назарда тутилган. Ташриф давомида талаба-қизлар қизиқарли маълумотларга эга бўлиб қайтдилар. Эслатиб ўтамиз, бу каби тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 09-2831 сонли топшириғига асосан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фаолият кўрсатаётган диний соҳа ходимлари, диний таълим муассасалари талаба ва ўқувчиларини мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан яқиндан таништириш мақсадида 2018 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ўтказиладиган маданий-маърифий тадбирлар режасига асосан ўтказилмоқда. Тошкент ислом институти Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.СОБИРОВ 1 091