islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Noyabr 30, 2019

Day

“ОЛИЙ МАЪҲАД ТАЪЛИМ ТИЗИМИ ТАҲСИНГА ЛОЙИҚ”

2019 йилда Ўзбекистонда Қозоғистон йили муносабати билан кенг нишонланаётган тадбирлар халқларимиз ўртасидаги ҳамкорлик тарихида ноёб воқеа сифатида қардошлик муносабатларини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу тадбирлар доирасида икки мамлакат диний-маърифий соҳа ходимларининг ўзаро мулоқот ва учрашувлари, турли даражадаги ташрифлари ташкил этилмоқда. Мамлакатимизда ўтказилаётган кенг миқёсли ушбу маданий тадбирлар доирасида Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ректори Муҳаммад аш-Шаҳҳат ал-Жиндий раҳбарлигидаги делегация жорий йил 26-30 ноябрь кунлари юртимизга ташриф буюрди. Ташрифнинг иккинчи куни – 27 ноябрда делегация аъзолари Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида бўлдилар. ТИИ ректори У.Ғафуров мартабали меҳмонларни Ўқув ва илмий ишлар бўйича проректор У.Ходжаев, “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири Ж.Неъматов, “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчилари М.Жангиров, ва Ҳ.Нурбоев иштирокларида қабул қилди. Дастлаб ташриф буюрган меҳмонларга институтнинг узоқ йиллик тарихи, мустақилликдан олдинги ва кейинги фаолияти, бу даргоҳда таҳсил олган уламолар, сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар,  ТИИ жамоаси, хусусан, талабалар учун яратиб берилган юксак шарт-шароитлар, таълим муассасасида ҳам диний, ҳам дунёвий билимларни мукаммал эгаллаган кадрлар тайёрлаш устувор вазифа қилиб белгилангани ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Учрашувда Тошкент ислом институти ва Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш борасида музокаралар олиб борилди. Ўз навбатида, “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ректори Муҳаммад аш-Шаҳҳат ал-Жиндий самимий қабул учун ТИИ раҳбариятига миннатдорлик билдириб, ўзи бошчилик қилаётган таълим муассасаси фаолияти ҳақида сўзлаб берди. Ташриф давомида делегация раҳбари профессор Муҳаммад аш-Шаҳҳат ал-Жиндий Тошкент ислом институти талабаларига муқаддас ислом динининг тинчлик дини эканига урғу бериб, унинг илм-фан тараққиётидаги ўрни ва бугунги глобал жамиятдаги аҳамиятига доир долзарб мавзуда маъруза қилди. Маъруза сўнггида “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ректори Муҳаммад ал-Жиндий шундай деди: “Ўзбекистонга ташрифим давомида юртингизда диний таълим ва аҳли илмга давлат раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилаётгани эътиборимни тортди ва қувонтирди. Тошкент ислом институтида фиқҳ, ақоид, ҳадис, улумул-Қуръон каби исломий илмлар билан бир қаторда социология, динлар тарихи, сиёсатшунослик, иқтисодиёт назарияси асослари каби ижтимоий фанлар ҳамда ўзбек, араб, инглиз, форс, рус тили каби дунё тиллари билан бирга хаттотлик санъатининг ўқитилиши ҳайратимни оширди”. Нотиқ ўз чиқишида ушбу диний ва дунёвий таълим услубини Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университетида ҳам қўллаш кераклигини таъкидлаб ўтди. Самимий ва ўзаро ишонч руҳида ўтган ташриф  меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Учрашув якунида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича келишиб олинди. Юртимизда Қозоғистон йили доирасидаги тадбирлар нафақат санъат, фан, тадбиркорлик соҳалари, балки, диний-маърифий соҳа вакилларига ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, билим ва тажриба алмашиш учун янги имкониятлар эшигини очади. Маданиятларимиз бир-бирини бойитишига, халқларимиз янада яқин бўлишига хизмат қилади. Ж.Мелиқўзиев, ТИИ проректори 309

Педагогик амалиёт қандай ўтмоқда: ТИИ ўқитувчиси Зафар қори Маҳмудов мадрасаларга ташриф буюрди

2019 йил 25-29 кунлари Тошкент ислом институти Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси Зафар қори Маҳмудов юртимизнинг турли ҳудудларида педагогик амалиёт ўтаётган талабалар билан учрашиш мақсадида мадрасаларга ташриф буюрди. Дастлаб, 25 ноябрь куни Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Ҳадис илми мактабида педагогик амалиёт ўтаётган Толиб Хурсанмуродов ва Акром Қосимовнинг дарсларига кириб, уларнинг дарс ўтиш борасидаги дастлабки кўникмаларига баҳо берилди. Мактаб талабаларига “Илм олиш фазилати” мавзусида маъруза қилди. З.Маҳмудов 26 ноябрь сешанба куни Бухоронинг Мир Араб ўрта махсус ислом билим юртида бўлиб, маъҳаднинг битирувчи курс талабалари Ойбек Саттаров, Назаржон Шарипов ва Шарофиддин Ғавсиддиновнинг дарсларига кириб, педагогик амалиёт бўйича тавсиялар берди. Сўнг, мадрасанинг барча талабалари учун Қуръони каримни ёдлаш усуллари тўғрисида давра суҳбати уюштирди. Чоршанба 27 ноябрь куни Бухоро вилояти Когон туманида жойлашган Мир Араб олий мадрасасига ташриф буюриб, Муҳаммаджон Ибрагимовнинг дарсида иштирок этиб амалиётчига зарур услубий кўрсатмалар берилди. 2-курс талабалари иштирокида “Никоҳнинг аҳамияти” тўғрисида суҳбат ўтказди. 28 ноябрда З.Маҳмудов Бухоронинг Жўйбори калон аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртида амалиёт ўтаётган Асила Жамилованинг дарс ўтиши билан танишди. Шу куни талаба қизларга “Ихлос ва самимият” мавзусида маъруза ташкил этди. Жума 29 ноябрь куни Қашқадарё вилояти Китоб туманида жойлашган Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юртида бўлиб, маъҳад талабаларининг педагогик амалиёти билан танишди. Дарслардан сўнг мадрасанинг барча курс талабалари учун “Илм олиш сирлари” тўғрисида давра суҳбати ташкил этди. 849

“Умматим дейсизму, ё Расулуллоҳ?!” деб номланган сийрат тадбири

Жорий йилнинг 27 ноябрь куни Рабиъул аввал ойи муносабати билан “Умматим дейсизму, ё Расулуллоҳ?!” деб номланган сийрат тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда билим юртининг устозу ходималари, талаба қизлар, шунингдек,  институтнинг фахрий устозлари ва  меҳмонлар иштирок этди. Тадбир Қуръони Карим тиловати билан очилди. Сўнгра талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова ташриф буюрган меҳмонларни қутлаб, байрам дастури билан таништирди. Тадбир мусобақа тарзида ташкил қилинди.  Биринчи босқич таништирув шарти, иккинчи босқич Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига бағишланган монологлар ижроси,  тезкор савол-жавоблар билан мусобақа жуда қизғин давом этди. Тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар ҳам савол жавобларда иштирок этиб, муносиб ҳадяларни қўлга киритишди. Айниқса, бешинчи шартдаги саҳна кўринишлари барча томошабинларда катта таассурот қолдирди. Сийрат ойи муносабати билан Ислом Институтининг “Oliymahad.uz” сайтида “Расулулоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам – гўзал хулқ соҳиби” номли танлов ғолиблари ҳамда “Ноябрь ойи – Сийрат ва Ислом тарихи” фан ойлиги муносабати билан амалиётчилар томонидан ташкил қилинган  талаба қизлар ўртасидаги уч босқичли  сийрат мусобақаси ғолибалари  раҳбарият томонидан тақдирландилар. Тадбир давомида талаба қизлар томонидан ижро этилган салавотлар барчанинг қалбига сурур бағишлади. Талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З. Суярова   344