2019 йилда Ўзбекистонда Қозоғистон йили муносабати билан кенг нишонланаётган тадбирлар халқларимиз ўртасидаги ҳамкорлик тарихида ноёб воқеа сифатида қардошлик муносабатларини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу тадбирлар доирасида икки мамлакат диний-маърифий соҳа ходимларининг ўзаро мулоқот ва учрашувлари, турли даражадаги ташрифлари ташкил этилмоқда.
Мамлакатимизда ўтказилаётган кенг миқёсли ушбу маданий тадбирлар доирасида Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ректори Муҳаммад аш-Шаҳҳат ал-Жиндий раҳбарлигидаги делегация жорий йил 26-30 ноябрь кунлари юртимизга ташриф буюрди.
Ташрифнинг иккинчи куни – 27 ноябрда делегация аъзолари Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида бўлдилар.
ТИИ ректори У.Ғафуров мартабали меҳмонларни Ўқув ва илмий ишлар бўйича проректор У.Ходжаев, “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири Ж.Неъматов, “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчилари М.Жангиров, ва Ҳ.Нурбоев иштирокларида қабул қилди.
Дастлаб ташриф буюрган меҳмонларга институтнинг узоқ йиллик тарихи, мустақилликдан олдинги ва кейинги фаолияти, бу даргоҳда таҳсил олган уламолар, сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар, ТИИ жамоаси, хусусан, талабалар учун яратиб берилган юксак шарт-шароитлар, таълим муассасасида ҳам диний, ҳам дунёвий билимларни мукаммал эгаллаган кадрлар тайёрлаш устувор вазифа қилиб белгилангани ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Учрашувда Тошкент ислом институти ва Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш борасида музокаралар олиб борилди.
Ўз навбатида, “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ректори Муҳаммад аш-Шаҳҳат ал-Жиндий самимий қабул учун ТИИ раҳбариятига миннатдорлик билдириб, ўзи бошчилик қилаётган таълим муассасаси фаолияти ҳақида сўзлаб берди.
Ташриф давомида делегация раҳбари профессор Муҳаммад аш-Шаҳҳат ал-Жиндий Тошкент ислом институти талабаларига муқаддас ислом динининг тинчлик дини эканига урғу бериб, унинг илм-фан тараққиётидаги ўрни ва бугунги глобал жамиятдаги аҳамиятига доир долзарб мавзуда маъруза қилди.
Маъруза сўнггида “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ректори Муҳаммад ал-Жиндий шундай деди: “Ўзбекистонга ташрифим давомида юртингизда диний таълим ва аҳли илмга давлат раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилаётгани эътиборимни тортди ва қувонтирди.
Тошкент ислом институтида фиқҳ, ақоид, ҳадис, улумул-Қуръон каби исломий илмлар билан бир қаторда социология, динлар тарихи, сиёсатшунослик, иқтисодиёт назарияси асослари каби ижтимоий фанлар ҳамда ўзбек, араб, инглиз, форс, рус тили каби дунё тиллари билан бирга хаттотлик санъатининг ўқитилиши ҳайратимни оширди”.
Нотиқ ўз чиқишида ушбу диний ва дунёвий таълим услубини Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университетида ҳам қўллаш кераклигини таъкидлаб ўтди.
Самимий ва ўзаро ишонч руҳида ўтган ташриф меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Учрашув якунида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича келишиб олинди.
Юртимизда Қозоғистон йили доирасидаги тадбирлар нафақат санъат, фан, тадбиркорлик соҳалари, балки, диний-маърифий соҳа вакилларига ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, билим ва тажриба алмашиш учун янги имкониятлар эшигини очади. Маданиятларимиз бир-бирини бойитишига, халқларимиз янада яқин бўлишига хизмат қилади.
Ж.Мелиқўзиев,
ТИИ проректори