Тил ўзида миллат қиёфаси, урф-одатлари, асрлар давомида шаклланган қадриятларини акс эттиради. Она тили халқнинг ҳаётини намоён этиб, келгуси авлодлар учун бебаҳо маънавий бойликдир. Шу боис ҳам мустақил Ўзбекистонда давлат тилига муҳим эътибор қаратиб келинмоқда.
Жорий йилнинг 21 октябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2019 йил 4 октябрь куни Президентимиз томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ва унда белгиланган вазифалар ижроси доирасида “Ўзбек тилининг жамият тараққиётида тутган ўрни” мавзусида 1-4 курс талабалари иштирокида маънавият соати бўлиб ўтди.Унда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, “Ўзбекистон” телерадиокомпаниясининг олий тоифали суҳандони Ш.Қаюмов, институтнинг матбуот котиби Аброр Абдуазимов, Маънавият, маърифат ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи в.б. А.Олимов сўзга чиқиб, ёшларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишида айнан она тилимизнинг ҳиссаси тенгсиз экани, ўз она тилининг софлиги ва тараққиёти учун барча бирдай курашмоғи зарурлиги, Мир Алишер Навоий, Мирзо Бобур каби буюк аждодларимизнинг ижодини ўрганиш жуда катта билимни талаб қилиши, бунинг учун биз, энг аввало, диний-дунёвий илмларни пухта ва чуқур эгаллаш билан биргаликда араб, форс, турк қолаверса, бошқа хорижий тилларни ҳам билишимиз кераклиги, сўзлашув маданияти ва имло қоидаларига риоя қилиш, саводли бўлиш учун кўп китоб мутолаа қилиш, ўқиш ва ёзиш санъатини имкон қадар ўрганиш лозимлигини айтиб ўтилди. Ўз навбатида таъкидлаш керакки, тилшунослар маълумотига кўра, бугун ер юзида 7 мингга яқин тил ва лаҳжа бўлиб, шулардан бор-йўғи 178 таси давлат тили мақомига эга. Тадбир давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, она тилимизнинг софлиги, унинг бойиши йўлида жон куйдиш фарзандлик бурчи эканини англаб етдилар.
4-курс талабаси Нодиров Ҳумоюн