Она тилим – олтин сандиғим
Икки шоир, икки адаш, икки Турсунбой дўстларимга бағишланган ҳазил рубоий:
Турсунбойга деди Турсунбой: Адаш,
Шартми иккимизни Турсунбой аташ?
Шеърхон адашмасин, бўлайлик энди
Сен Турсун Али, мен ― Турсунбой Адаш.
Бу сўзлар фақатгина икки шоирга эмас, адаш, дея адашувчиларга ҳам ҳазилдир. Нега исми бир одамларни адаш дейдилар, деб савол берсангиз, кўпинча, уларни бир-бири билан адаштирганлари учун, деган жавобни оласиз. Адаш сўзининг асли отдош эканини биров билса, биров билмайди. Шундай, қир сўзининг чекка ер деган маъносини билмаган киши қирғоқнинг қаердан пайдо бўлганини англамайди. Даланинг чеккаси қир, сувнинг чеккаси қирғоқ, эшик ё деразанинг чеккаси қирра.
Шаҳ ёнин фарзин киби кажлар мақом этмиш, не тонг
Ростравлар арсадин гар чиқсалар руҳдек қироқ.
Арса ― майдон, қироқ ―чекка ер. Ҳазратнинг бу машҳур байтида биринчи сўз шахмат тахтаси, иккинчиси ― тахтанинг чеккасини билдиради. Фарзин ва руҳ ― сипоҳлар. Руҳ тўғри чизиқ бўйлаб тикка юргани учун у кўнгли тўғри, ҳақсўз, ҳалол инсонга ўхшатилмоқда. Фарзин эса гоҳ тик, гоҳ қиялаб, ҳар ёнга кетабергани учун дили эгри, қадами эгри, ҳар мақомга йўрғалайдиган кишиларга қиёс бўлди. Руҳ тўғрисўз бўлгани учун шоҳдан йироқда, шахмат тахтасининг чеккасида туради. Шундай бўлгач, фарзин каби кажравлар, эгри қадамлар шоҳ ёнидан жой олса не ажаб?
Гўзал ва баркамол ташбеҳ. Сўзларнинг маъно юки залворли. Ўзаги қир бўлган қироқ сўзи бамисоли узукка кўз қўйгандек ўз ўрнида. Афсуски, Навоий бобомизнинг тил бойлигидан тўла баҳраманд эмасмиз. Бошқа кўп сўзлар еаби арса ҳам, қироқ ҳам унут бўлган.
Бир эртакда айиқ билан деҳқон шерикликда карам экишади. Деҳқон айиқни алдаб “Ҳосилнинг тупи сенга, япроғи менга“, – дейди. Алданган айиқ келгуси йил: “Энди тупини сен оласан, барги менга“, – деб яна алданади. Чунки бу гал шолғом экишган эди. Нега илдизни туп дейдилар? Нега ёш келин ва куёвга, туп қўйиб, палак ёзинглар, деймиз? Илдиз ернинг тубида бўлади. Демак, туб тупга айланди. Бамисоли турб турупга, чўб чўпга, қолиб қолипга, кўршабпарак кўршапалакка айлангани каби, оғзаки тилда китоб, мактаб сўзлари китоп, мактап дейилганидек. Гулнинг тагида, бешикнинг тагида турадиган, биз тувак деб атайдиган сопол идиш аслида тубак экан. Туб сўзининг тубини изласа, балки биз эътибор қилмаган яна кўп сўзлар чиқар. Паст одамни тубан дейдилар. Туп илдиз бўлса, илдизли ер тупроқ бўлади. Гўё ўтли ер ўтлоқ, тошли ер тошлоқ, гулнинг, меванинг ёпинчиғи ёпроқ (япроқ) бўлгандек.
Тупроқни биз турпоқ ҳам деймиз. Бу ― ёғмурни ёмғир деганимиз каби оддий ҳарф алмашинганими ёки ўзбекча тупроқ билан арабча турбат сўзларининг қўшилиши натижасида ҳосил бўлган янги сўзми? Нима дейсиз?
Инсоннинг гавдаси бошдан бошланиб оёқда тугайди, одоқ бўлади. Оёқ қадимда одоқ дейилган. Демак одамзоднинг боши бош, одоғи одоқ экан.
Бошга сочилган соч, уни чоч ҳам деймиз ва кўп деган маънода ҳам ишлатамиз. Соч толасидек кўп нарса чоч бўлади. Неки тўкилиб ётса тўкин, сочилиб ётса сочин. Мўл-кўлликни тўкин-сочинлик дейдилар.
Сочдан пастда, бошнинг пешида, яъни олдида пешона. Пешонадаги ажинлар хатга ўхшайди. Ижодкор халқ бу чизиқларни қисмат ёзуви деб тасаввур қилган ва тақдирга тан берганда, пешонада борини кўрамиз, деган. Яна дейдиларки, инсоннинг пешонасига тескари хат битилган, бахтуомад ундан юзини терс ўгирган. Мирзо Бедил бу ривоятдан гўзал ташбеҳ чиқарган:
Нақши маъкуси нигин аз сажда мегардаддуруст,
Сарнавишти вожгунро рост месозад намоз.
Яъни нигинга ― муҳр ўйилган узукка терс хат нақш этилган. Бармоқ букиб нигин қоғозга босилса, муҳрнинг терс хати ўнг бўлади. Эй, инсон, сенинг ҳам пешонангга тақдир хати чаппа ёзилган. Уни ўнг хатга айлантириш учун пешонангни саждага қўй. Сенинг халоскоринг намоздир. Ажиб қиёс, бедилона чуқур фалсафий байт!
Пешона билан боғлиқ яна бир сеҳрли сўз. Руслар пешонани чело, инсон умрини век, дейдилар. Человек дегани пешонага битилган умр экан.
Бошимизнинг икки томонидан ўсиб чиққан, кўзанинг тутқичидек ўзимизга ярашиб турган овозтутқич “локатор”имиз қулоқбўлади. Дарҳақиқат, қулоқ кўпинча тутқичмаъносида келади. Чойнакнинг, қумғоннинг, қозоннинг қулоғи бор. Қозончида ихтиёр қайдан қулоқ чиқарса, деймиз. Сув тутилган, боғланган ер ҳам қулоқ.
Сўзимиз аввалида ўртага тушган саволларга қайтсак. Юрагимиз макон тутган ер ― кўкрак. Кўксим осмон деганимиз билан кўксу кўкракнинг кўк осмонга ҳеч бир алоқаси йўқ чиқди. Кўк қадимги туркий тилда эммоқ сўзининг ўзаги экан. Бир кўкракдан сут эмган кўка, кўкалдошбўларкан. Демак, чинакам кўкрак аёлнинг кўкси экан. Биз эса қуруқ кўкракни кериб, кўксим қалқон, деб юрган эканмиз.
Кўксимизда уриб турган юрак аслида юракми, ёки урак? Юрак урадими ё юрадими? Мен ўзимча урак дегим келади. Мантиқан шундай бўлиши керак. Лекин “Девону луғотит турк”да юрак дейилган. Дарҳақиқат, юр ўзаги фақат юришни англатмайди. Умуман ҳаракат маъносини билдиради. Масалан, шамол юрди, деймиз, ишимиз юриб кетди, деган гапимиз бор. Навоий ҳазрат ҳам юрак деганлар. Дил, кўнгул сўзларича кўп бўлмаса-да, юрак ҳам турфа хил жилолари билан “Маънолар хазинаси” дан кўркам ўрин олган.
Ғам кулбасида, жоно, ул хастага раҳм этким,
Тебранса бағир оғрир, дам урса юрак санчар.
Соф ўзбекона ибора! Кўкракдаги оғриқни юрак санчиғи дейиш халқимизда узоқ замонлардан бор экан. Ҳазрат яна бир ўринда айтганлар: Ким яна йўқдир алароллиға бормоққа юрак. Биз қўрқувмаъносида ҳар кун ишлатадиган юрак йўқбирикмасининг тарихи-да қадимий экан.
Бу сўз усмонли турк тилида юрак, аммо озарбайжонлар урак дейдилар. “Девонулуғотит турк”дек, “Хазойинул маоний”декмуқаддас манбаларда юрак бўлса, бошқа саволга ўрин қолмаслиги керак эди. Лекин тинчимас кўнгил, иштибоҳчи фикрат менга тинчлик бермайди, жуда қадимда, Қошғарийдан ҳам минг йиллар нарида бу сўз урак бўлгандир, деган хаёл кўнгилни тарк этмайди.
Тилимизда ўз асл маъносини аллақачон йўқотган, бизни адаш кўчаларга етакловчи сўзлар кўп. Дафъатан эсга тушганларини айтай: зимистон, хунук, меҳнат, фуқаро, мард, мағиз, мастава, нигор, тоза, ирода, таманно, фан, жазо, жазира, пул, сиёҳ, ватан, қалам, ғайрат, қатағон, салом, раҳмат, табрик, афанди, девона, дарвеш, марҳум, таклиф, тақсир, таҳрир, муҳаррир, дағал, дағдаға, бисот, кунж, чекиш, лавҳа, мақола, ғараз, юввош, ғалати, тасаддуқ, бадал, арава, асбоб, аския, айёр, артист, пир, жувон, қароқчи, қоп, қопқоқ, қопағон, разм, татбиқ, тахаллус, сиёсат, табиб, арбоб, ҳамшира, доя, кошона, мусаллас, овқат, жаҳл, жоҳил, иснод, маймун, андиша, фаромуш, алвон, алфоз, ушоқ, сандал, авзо, хавотир, адабиёт, сарбаст, чўпчак, рўзғор, бағир, қайсар, ўксук, сайл, ғаш, нушхўрт, қойил, қойилмақом… Санаб адо қилиш мушкул. Ўйласам, асл маъносини йўқотган сўзларни санагунча асл маъносида қолган, ҳеч бир янги мазмун, янги оҳанг касб этмаган сўзларни санаш осонроққа ўхшайди.
Бир ўтириш охирлаганда меҳмонлардан бири мезбонга шундай деган эди: “Жуда яхши ўтирдик. Ҳам хўрдани ичдик, ҳам бурдани урдик. Энди бизга жавоб беринг.” Мезбон бухоролик эди. Тожикчани яхши биларди. У кулиб қўйди-да: “Энди сизларга жавоб йўқ. Ишорани тушундим. Олиб кетишингиз учун бирор нарса тайёрлашим керак бўлади,” деди. Сўнг ҳайрон бўлиб қолган меҳмонларга хўрдан ва бурдан нима эканини тушунтирди. Хўрдан ― емоқ, бурдан― олиб кетмоқ экан. Ҳам хўрдани, ҳам бурдани, яъни ҳам ейиш, ҳам олиб кетиш, деган ибора ўзи тўйса ҳам кўзи тўймас меҳмонга нисбатан айтиларкан.
Адаш дедим, адашдим. Биз кўп адашамиз. Тилимиз поёнсиз ўрмон. Унинг сўқмоқлари кўп. Ҳар бир сўз бамисоли бир тупдарахт. Шоху новдалари бисёр дарахт. Агар биз барчамиз ҳамжиҳат бўлиб уларнинг хусусиятларини ўргансак, асл макони қай замин эканини билиб, меҳр билан парвариш қилсак, бу ўрмон боғу чаманга, сўқмоқлар равон йўлга айланади. Тил гулшанида сайр этиш ҳам мароқли бўлади. Лекин бари бир… бу сайр сирлар оламига, мўъжизалар мамлакатига саёҳат бўлиб қолаверади.
Эркин Воҳидов,
Ўзбекистон халқ шоири
Манба: Uza.uz