islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

3-ҳадис. Намозда ўнг қўлни чап қўлнинг устига қўйиш ҳақида

حدثنا عبد الله بن مسلمة عن مالك عن أبي حازم عن سهل بن سعد قال كان الناس يؤمرون أن يضع الرجل اليد اليمنى على ذراعه اليسرى في الصلاة قال أبو حازم لا أعلمه إلا ينمي ذلك إلى النبي

Абдуллоҳ ибни Маслама Моликдан у Аби Ҳозимдан у Саҳл ибн Саъднинг шундай деганини ривоят қилади: “Инсонлар намозда ўнг қўлларини чап билакларини устига қўйишликка буюрилар эдилар.” Абу Ҳозим айтади: “Саҳл ибни Саъд бу гапларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берганлар”.

Шарҳ: Бу ҳадисда ўнг қўлни чап билагининг айнан қаерига қўйишлиги айтилмаган. Лекин Абу Довуд ва имом Насоийлар Воилдан ривоят қилган ҳадисда: “Сўнг ўнг қўлни чап кафтининг устига қўяди”–дейилган .

Намозда қўлни қўл устига қўйиш борасида ҳам турли фикрлар мавжуд.

Аввало қўлни қўйишликнинг аслидаги ихтилофлар.

Бизнинг мазҳабимиз шунингдек, имом Шофеъий, Аҳмад, Исҳоқ ва аҳли илмларнинг барчаси қўлни қўйишликни тасдиқлаганлар. Бу Али, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумолардан ҳам шундай ривоят қилинган.

Имом Термизий айтадилар: “Бу ҳукмга саҳобалар, тобеъийнлар ва улардан кейинги аҳли илмлар ҳам амал қилганлар”.

Ибни Мунзир, Ҳасан Басрий ва ибн Сирийнлар Абдуллоҳ ибн Зубайрни намозда қўлларини ирсол – тушурганликларини ривоят қилганлар. Шунингдек, имом Моликдан келган машҳур ривоятда ҳам: “Ирсол қилади (қўлни тушуради). Агар узоқ туриб қўллари чарчаса шунда ўнг қўлини чап қўли устига қўяди” – дейилган.

Имом Авзаъий: “Намозхон қўлларини қўйиш ёки уларни ирсол қилишликда ихтиёрлидир”–деган.

Уларга қарши бизнинг ҳужжат қилиб келтирадиган бир неча ҳадисларимиз бор. Жумладан, Абу Довуд, Насоий ва ибн Можалар ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Абдуллоҳ ибн Масъуд намоз ўқиётиб чап қўлини ўнг қўлини устига қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни кўриб, Абдуллоҳ ибн Масъуднинг ўнг қўлини чап қўли устига қўйдилар” .

Иккинчидан қўлни қўйишнинг сифати борасидаги турли хиллик.

Бунда ўнг кафтининг ички қисми чап қўлнинг устида бўлади, шунда чап билак ўнг кафтининг ўртасида бўлади. Исбижобий айтади: “Имом Абу Юсуфнинг фикрича, ўнг қўли билан чап қўлининг билагини ушлайди.” Имом Муҳаммад ҳам ҳудди шундай бўлишлигини айтганлар.

“Муфийд”да келишича: “Чап қўлининг билагини ўнг қўлнинг жимжилоқ ва бош бармоқлари билан ушлайди. Мана шу гап кўпчилик ихтиёр қилган гапдир”.

“Дироя” асарида имом Шофеъий ва имом Аҳмадларнинг: “Ўнг кафти билан чап тирсагини ушлайди” – деганликлари ривоят қилинган.

Имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммадлар бошқа бир ривоятда: “Ўнг қўл бармоқларини чап билаги устига ёйиб қўяди” – деганлар. Кўпчилик уламоларимиз бу ва юқоридаги имомайнларнинг ривоятларини бир–бирига мувофиқлаштириб жамлашликни афзал билганлар.

Учинчидан қўлни қаерга қўйишлик борасидаги ихтилофлар.

Бизнинг мазҳабимизда қўлни киндик остига қўйилади. Имом Шофеъий: “Қўллар кўкрак устига қўйилади” – деганлар. Имом Шофеъий бу сўзларига Воил ибн Ҳажардан ривоят қилинган ҳадисни далил қилиб келтирадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқидим. У зот кўкрагига ўнг қўлини чап қўли устига қилиб қўйдилар”.

Ҳидоянинг соҳиблари қуйидаги гаплари билан уларга раддия берадилар: “Киндик остига ўнг қўлни чап қўл устига қилиб қўйиш суннатдандир” . Муаллиф айтадилар: “Бу гап Али ибн Абу Толибнинг гаплари бўлиб, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иснодини беришлик тўғри бўлмайди” . Бироқ Абу Амр: “Билингки агар саҳобий суннат сўзини қайдламасдан мутлоқ айтса, унда бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ҳисобланади”– деганлар.

Тўртинчидан қўлни қўйишлик вақти борасидаги ихтилофлар.

Бу борадаги саҳиҳ гап шуки ҳар бир суннат (вожиб) зикрлар мавжуд бўлган қиёмда қўлни киндик остига қўйиш керак. Бундай зикрлар мавжуд бўлмаган қиёмларда эса қўллар тушурилади. Демак, қунут дуоси ўқилаётган вақтда ва жаноза намозларида ҳам қўллар киндик остига қўйилади, лекин рукудан турганда ҳамда иъйд намозларининг зоида такбирлари орасида қўллар ирсол қилинади.

Бешинчидан қўлни киндик ости ёки кўкрак устига қўйишдан назарда тутилган ҳикматлар.

Қўлни кўкрак устига қўйиш киндик остига қўйишдан кўра хушуъга кўпроқ далолат қилади. Демак, қўлни киндик остига қўйиб авратга ишора қилишдан кўра кўкрак устига қўйган афзалроқ. Бу гаплар намозда қўлларни кўкрак устига қўйиш суннат деган жамоанинг фикрларидир. Биз уларга жавоб бериб айтамизки: “Қўлларни киндик остига қўйишлик Аллоҳ таолога бўлган таъзимни кўпроқ ифода қилади. Шунингдек бу амал аҳли китобларга ўхшаб қолишликдан узоқроқдир. Ҳамда авратларни тўсиш ва изорни (иштонни) тушиб кетмаслиги жиҳатидан ҳам қулайил Бу ҳудди подшоҳларнинг олдидатуришликка ўхшайди. Қўлларни кўкракка қўйишда эса, аёлларга ўхшашлик бор. Шунинг учун бу амал суннат эмас”. Бадруддин Айнийнинг “Умдатул Қорий шарҳу Саҳиҳил Бухорий” асаридаги масалалар ушбу тарзда ёритилади. Сабаби ҳозирги таҳликали замонда баъзи адашган тоифалар ҳадисларнинг зоҳирий маъноларига қараб, унинг айтилиш сабаби, ҳадисларнинг носих ва мансухини билмай туриб ўша ҳадисга амал қилиш ҳолатлари учраб турибди. Демак, ҳанафий мазҳабида айтилган намоздаўнгқўлни чап қўлнинг устига қўйилиб киндик остида туриши ва намоз бошлашда икки қўлнинг кўтарилиши кайфияти масалалари Бадруддин Айний келтирганларидек, асос ва далилга таянади.

Бадруддин Айнийнинг. “Умдат ал–қорий шарҳ Саҳиҳ ал–Бухорий”. (Cаҳиҳ ал–Бухорийни шарҳлашда ўқувчини таянчи) асари асосида тайёрланди.

Тошкент ислом инстиути ҳодими Асроров Козимхон

105350cookie-check3-ҳадис. Намозда ўнг қўлни чап қўлнинг устига қўйиш ҳақида

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: