islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ИНСОН ВА ҚОРАЧИҚ

Она тилим – олтин сандиғим

Ҳазрат Алишер Навоий шоҳбайтларига яна ва яна қайтиш эҳтиёжи кўнглимизда ҳар лаҳза пайдо бўлади.

Қарокўзим келу мардумлиғ эмди фан қилғил,

Кўзим қаросида мардум киби ватан қилғил.

Аввалги суҳбатларда байтни шарҳ қилиб, унда жам бўлган теран мазмун, гўзаллик, санъатларга биргаликда ҳайрат қилганмиз. Ҳозир энди гапимиз фақат биргина мардум сўзи тўғрисида, бу форсча атаманинг инсон ва кўз қорачиғи деган маънолари тўғрисида бўлади. Бир-биридан жуда узоқ бўлган бу икки тушунча нега шу бир сўзда ифода этилган? Бу саволга жавоб излаб бошқа тилларга мурожаат қиламиз. Араблар кўз қорачиғини инсонул айн дер эканлар. Яъни кўзнинг инсони. Араб тилида ҳам қорачиқ ва инсон бир сўз экан. “Маҳбуб ул-қулуб”да шундай сатрлар бор:

Келиб айни инсону инсони айн,

Жаҳон вориси Шоҳ Султон Ҳусайн.

Ҳазрат назарида одил шоҳ инсонларнинг кўзи ва кўзларнинг қорачиғи.

Мардум сўзида инсон маъноси ҳам, халқ маъноси ҳам бор. Инглизлар халқни people (пипл) дейдилар. Кўзнинг қорачиғи эса pupil (пюпл) бўлади. Ажабо! Инсонлар ва кўз гавҳари деярли бир хил айтилади. Рус тилида қорачиқ қандай ифода қилинади? Владимир Даль луғатини очиб қараймиз. Зрачок, зеница қаторида человечек, мальчик атамалари ҳам бор экан. Араб, форс, инглиз, рус тилларидаги бундай ўхшашлик кишини ҳайратга солади, бу ҳолнинг сабабини излашга мажбур қилади, албатта.

Ўйласам, одамзоднинг кўзига яқиндан тикилиб қараса, инсон акси кўринар экан. Бу, аёнки, тикилиб қараган инсоннинг ўз акси. Лекин тасвир жуда кичик ва таниб бўлмас даражада бошқача намоён бўладики, биз қорачиқда ўзимизни эмас, нотаниш бир одамни, яъни умумият-ла инсонни кўрамиз. Кўз қорачиғи шу боисдан инсон, мардум, pupil, человечек аталган, десак хато бўлмас.

Pupil сўзининг яна бир маъноси талаба, ўқувчи бола. Русча қорачиқ маъосидаги мальчик сўзини эслатади. Биз ўзимиз ҳам фарзандимизни қароғим деймиз. Болани кўз қорачиғига тенглаш деярли барча туркий тилларга хос. Дарҳақиқат, инсон кўздек азиз, азиз инсонлар яшайдиган юрт кўздек ардоқли. Дўланадеккина ер курраси ҳам кўз шаклида. Ватанимиз унда бамисоли гавҳар. Шу боис юртни қўз қорачиғидек асраймиз, деган сўз бизга юртнинг ўзидек қадрлидир.

Қарокўзим, келу мардумлиғ эмди фан қилғил. Ҳайрон бўлманг, байт сўзларини бузиб ёзмадим. Биз қаро кўзим деб икки сўз тарзида ёзишга ўрганиб қолганмиз. Ваҳоланки, қарокўз ягона тушунчани англатувчи яхлит сўздир. Ажабо, сарвиноз, дилрабо, гулчеҳра, гулбадан сўзларини қўшиб ёзамиз, хатто, исм бўлгани учун Гулбаданбегим, дея уч сўзни яхлит битамиз-у, қоракўзга келганда иккига бўлиб қўямиз.

Атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг дастлабки романларидан бири “Қора кўзлар” деб аталарди. Эсимда бор, ёзувчи, бу ном қўшиб ёзилиши керак, мен кўзлар ҳақида эмас, инсонлар ҳақида ёзганман, дея ноширлар билан кўп талашган, лекин сўзини ўтказа олмаган эди. Имло қоидаси шундай, деб туриб олишган. Балки, гап имло қоидасида ҳам эмас, муҳаррир қоракўз атамасининг таг маъносини тушуниб қолгандир. Гап миллат ҳақида кетаётганини англаб ўзини эҳтиёт қилгандир. Дарҳақиқат, қоракўзлар, дея муаллиф ўзбекларни кўзда тутган эди. Лекин китоб “Қора кўзлар” номи билан чиқди ва чин маъно пинҳон қолди.

Навоийнинг шуҳрат топган шундай байти бор:

Менга шоҳлар хилъатиким, эл тамошо қилғали,

Ўзбаким бошида қалпоқ, эгнида ширдоғи бас.

Қарокўзим, дея Ҳазрат ўзбекни атамаган, албатта. У замонда миллатни кўккўз, малласочлардан айириб номлашга эҳтиёж йўқ эди. Овруполиклар ҳали Хуросонга келмаган эдилар. Лекин мен, барибир, қарокўзим деганда ўзбегимни ўйлайман. Бу ғазал ўзининг теранлиги билан, унга боғланган куйнинг гўзаллиги ва нафислиги билан ўзбекнинг тимсолига айлангандек туюлади.

Эркин ВОҲИДОВ,

Ўзбекистон халқ шоири

“Сўз латофати” китобидан 

Манба: Uza.uz

105800cookie-checkИНСОН ВА ҚОРАЧИҚ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: