islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Ҳидоя” китобининг муаллифи имом Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳ – буюк олим (иккинчи мақола)

Устозлари.

Имом Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳ илм ўрганишга, уламолар билан учрашишга қаттиқ қизиққанлар ва илм олиш борасида тўхтат қолмаганлар. Ўзлари бу ҳақида “Мен таҳсил давомида тўхтаб қолмаганим сабабли шерикларимдан ўзиб кетдим” деганлар.

У зот “Машихатул фуқаҳо” номли китобларида устозларини зикр қилиб ўтганлар. Улар орасида ҳанафий мазҳабидаги буюк олимларни келтирганлар. Устозлари орасида қуйидаги буюк зотлар бор эди:

1. Оталари Абу Бакр ибн Абдулжалил раҳматуллоҳи алайҳ.

2. Она томондан боболари Қози Абу Ҳафс Умар ибн Ҳабиб раҳматуллоҳи алайҳ.

3. Аҳмад ибн Абдуррашид ибн Ҳусайн Қавомуддин Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ. Бу киши “Хулоса” китоби муаллифининг отаси.

4. Аҳмад ибн Абдулазиз ибн Моза раҳматуллоҳи алайҳ. Бу киши “Садруш шаҳид”нинг акаси.

5. Абул Лайс Аҳмад ибн Умар ибн Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ. Бу зотнинг оталари Абу Ҳафс Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ. Абу Ҳафс Самарқандда ўша замондаги кибор фақиҳлардан бўлган. Абул Лайс ҳам етук алломалардан бўлганлар. Ҳар иккалалари ҳам имом Марғинонийнинг устозлари ҳисобланишади.

Шогирдлари.

Имом Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳ қўлларида кўплаб шогирдлар, буюк фақиҳлар етишиб чиқди. Улар жумласида “Ҳидоя” китобини имом Марғинонийдан ривоят қилган учта ўғиллари ҳам бор:

1. Ўғиллари Имодуддин ибн Алий ибн Абу Бакр Фарғоний Марғиноний. Бу киши оталарида, шунингдек, Қози Заҳируддин Бухорийда фиқҳни ўрганганлар. У кишининг Абдурраҳим исмли ўғиллари бўлиб, фиқҳла кўзга кўринган олиб бўлиб етишган. Отасига нисбат бериладиган “ал-Фусулул имодия” номли китобни таълиф этган. Фиқҳ китобларида бу кишини номли кўп учрайди.

2. Ўғиллари Низомиддин Умар Абу Ҳафс. У киши “Жавоҳирул фиқҳ”, “Фавоид” каби китобларни таълиф этган.

3. Ўғиллари Муҳаммад Жалолиддин Абул Фатҳ.

4. Имом Марғинонийнинг учала ўғиллари оталари қўлларида буюк фақиҳ бўлиб етишишди. Оталари сингари фиқҳ борасида одамлари доимий мурожаат қиладиган фақиҳлик даражасига етишган.

5. Муҳаммад ибн Абдуссатор ибн Муҳаммад Имодий Кардарий. Бу киши ҳам замондошлари орасида кибор фақиҳлардан бири бўлиб, турли ўлкалардан талабалар у кишида илм ўрганишга келишарди. У киши Хоразмда “Муғриб” китобининг соҳиби Бурҳониддин Матразийда, Самарқандда “Ҳидоя” китобининг соҳибида фиқҳни ўрганиб, кўп истифода қилган. “Ҳидоя” китобини ҳам кейинги авлодларга ривоят қилган. Шунингдек, бу зот Фахриддин Қозихондан ҳам илм ўрганган.

Китоблари, қолдирган асарлари.

Шайх Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳ ортларидан буюк илмий мерос қолдирганлар. Аҳли илмлар бу меросдан ҳозирга қадар истифода олиб келадилар ва доимий мурожаат қиладилар. Шунингдек, ушбу асарларни мазҳаб ичида ҳам, мазҳабдан ташқаридан ҳам асосий аслий манба сифатида ҳисоблашади.

У зот ёзиб қолдирган китоб қуйидагилар:

1. Бидоятул мубтадий. Бу китоб фиқҳга оид бўлиб, муаллиф “Ҳидоя” китоби муқаддимасида муаллиф шундай дейди: “Мен “Бидоятул мубтадий” китобини ёзишни бошлаш асносида Аллоҳнинг тавфиқи билан унга шарҳ ёзишга ваъда бергандим…”.

Имом бу китобда имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳнинг “Жомеус сағир” ҳамда имом Қудурий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Мухтасарул Қудурий” асарини жамлаган.

2. Кифоятул мунтаҳий. Бу китоб ҳақида муаллиф “Ҳидоя” китоби муқаддимасида шундай дейди: “Мен “Бидоятул мубтадий” китобини ёзишни бошлаш асносида Аллоҳнинг тавфиқи билан “Кифоятул мунтаҳий” деб номланган шарҳ ёзишга ваъда бергандим…”.

Бу китоб “Бидоятул мубтадий” китобининг шарҳи бўлиб, тахминан 80 жилдли китоб бўлган. Афсуски, бу китоб ҳозирги кунга қадар етиб келмаган.

3. Ҳидоя шарҳу бидоятил мубтадий. Бу имом Марғинонийнинг энг машҳур китоблари ҳисобланади. Шу боисдан ҳам уламолар орасида у кишини “Ҳидоя” китобининг соҳиби” деб номлашади.

4. Иддатун носик фи иддатин минал маносик. Бу китоб ҳаж ибодати амаллари ҳақида ёзилган.

5. Зиёдот.

6. Ат-Тажнис вал мазид. Бу китоб фатво китоб ҳисобланади.

7. Мунтақо. Бу китоб “Мунтақол марфу” деб ҳам номланади.

8. Мухтаротун навозил.

9. Ал-мазид фи фуруил ҳанафия. Мулла Алий Қори бу китобни “Ат-Таҳқиқ вал мазид” эканини муаллифнинг ўзи айтганини келтирган.

10. Машихатул фуқаҳо. Бу китобда имом устозларини ва уларнинг васфларини баён қилган.

11. Шарҳул жомеул кабир.

12. Нашрул мазҳаб. Баъзи манбаларда “Нашрул мазоҳиб” деб ҳам юритилади.

13. Китоб фил фароиз. Ҳожи Халифа бу китобнинг номини “Фароизул Усмоний” деб келтирган.

Интернет маълумотлари асосида “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчи-стажёри Абдуллоҳ Қосим тайёрлади.

108870cookie-check“Ҳидоя” китобининг муаллифи имом Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳ – буюк олим (иккинчи мақола)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: