Фаришталарга борлигига қатъий ишониш иймон рукнларидан бўлиб, уларнинг мавжудлигига ҳамда сифатлари ва бажарадиган ишлари Қуръон ва Суннатда айтилганидек эканига қатъий ишонмагунча, банданинг иймони тўғри бўлмайди. Фаришталарга иймон келтириш ҳақида Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам жуда кўплаб хабарлар келган:
“Пайғамбар (Муҳаммад) ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага (оятларга) иймон келтирди ва мўминлар ҳам. (Уларнинг) ҳар бири Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига (ҳаммасига) иймон келтирди” (Бақара сураси, 285-оят).
Ҳадиси шарифда қуйидагича хабар берилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بَارِزًا يَوْمًا لِلنَّاسِ فَأَتَاهُ رَجُلٌ فَقَالَ: مَا الْإِيمَانُ ؟ قَالَ: « الْإِيمَانُ أَنْ تُؤْمِنَ بِاللهِ وَمَلَائِكَتِهِ، وَكِتَابِهِ وَلِقَائِهِ وَرُسُلِهِ، وَتُؤْمِنَ بِالْبَعْثِ ». أَخْرَجَهُ الْبُخَارِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни одамларнинг олдиларига чиқиб турган эдилар. Бир киши у зотнинг ёнларига келди ва: “Иймон нима?”, деб сўради. У зот: “Иймон Аллоҳга, Унинг фаришталарига, Китобига, Унга йўлиқишга, Унинг Пайғамбарларига ва қайта тирилишга ишонмоғингдир”, дедилар”. Бухорий ривоят қилган.
Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим