islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

МУНАВВАР ҚОРИ ИЛМ-МАЪРИФАТ ТАРҒИБОТЧИСИ

Миллий уйғониш ва мустақиллик ғояларини ўзларига асосий мақсад қилиб, халқ маънавиятини ошириш йўлида, XIX аср охири ва ХХ аср бошларида тараққийпарвар халқ намояндалари – жадидлар илғор эзгу фикрларни ўртага ташлаб, ҳар жабҳада маънавий кураш олиб боришган. Маърифатпарварлар анъанавий таълим билан биргаликда янги усулдаги замонавий илм-фан ютуқларини маорифга жорий этишга интилишган.

Жадид маърифатпарварлари билимли, дунё билан ҳамнафас кадрларни юртимизда етишиб чиқиши учун уларни аввало оммавий саводли қилиш, турли илмларни мукаммал эгаллаш масалаларини илгари суришди. Буюк аллома, юртимизда биринчи замонавий олий ўқув даргоҳи – Туркистон Дорулфунуни очилиши учун жонбозлик кўрсатиб, халқ маърифати равнақи ва озодлиги йўлида курашган Мунавварқори Абдурашидхонов ҳам шу ғоя ташаббускорларидан бири эди. 1907 йили нашр эттирган “Адибус-соний” дарслигида у илмга шундай таъриф беради: “Илм – билмаган нарсаларни билганлардан ўрганмокдир. Илм-одамнинг зеҳнини очар, ақлини орттирар, билмаган нарсаларини билдирур, дунёда бахтли ва иззатли қилур, охиратда саодатли ва шарофатли қилур”.

М.Абдурашидхонов дастлаб Бухорода, кейин Тошкентдаги мадрасаларда таълим олиб, фаолиятини Тошкент масжидларидан бирида имом сифатида давом эттирар экан, ёшларнинг таълим-тарбиясига бўлган эътиборини бир нафасга тўхтатмади. Аслида Туркистон жадидчилигининг асосий ўзаги дастлаб педагогик фаолиятдан бошланган.

Аллома жоҳилликнинг жамият учун таҳдидларини “Бизни жаҳолат жаҳли мураккаб” мақоласида алоҳида баён этади: “Ҳар миллат ўз саодат ҳол ва истиқболини муҳофазатиға биринчи восита илм ўлмакиға қаноат ҳосил қилиб, илм ва маорифға кўшиш қилган бу замонда бизлар бу ғафлат ва жаҳолатимизда давом этсак (бунга тоқат қилиб бўладими? – О.Т.)…” Мунавварқори илмни чегараламасликни, унинг яхлит тушунча эканлигини тарғиб қилади: “Эй ватандошлар! Диққати назар ила боқинг! Бир болани мактабга бермоқдин мақсуд ва ижобати диниямиз ўлған илми қироат, масоилу этиқодия, фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, ҳаром, макруҳ, намоз, рўза, ҳаж ва закотларни ва ҳам зарурати дунёмиз ўлғон илми ҳисоб, жўғрофия, таворих хусусан, тарихи ислом каби фойдалик илмларни билдирмоқ…” .

Олим илмни эгаллашнинг асосий кўмакчиси маърифат эканлигини уқтиради. Масалан, жўғрофия илмини ўзлаштириб уни таълим даргоҳларида ўқитишни жорий қилган халқларни “маданий миллатлар” деб атайди. Шунингдек, олим ёш ўқувчилар учун ибтидоий мактабларда ўқитиладиган, мураккаб адабий илмлардан кўра “дини ва дунёсига фойдали бўлган” илмларни ўргатишни тавсия қилади.

М. Абдурашидхонов юртимизда 1918 йили очилган замонавий олий таълимга асосланган илк ўқув даргоҳи – Туркистон дорулфунунининг ташкилотчисидир. Олий таълимда унинг раҳбарлигида турли йўналишдаги нақлий ва ақлий илмларни ўз ичига олган фанлар жорий этилган. Албатта, бу ишларни ташкил этиш М.Абдурашидхонов учун осон кечмаган. Аввало мутахассислар масаласи долзарб муаммолардан эди.

Йирик олим, давлат ва жамоат арбоби, педагог, турли илмлар соҳиби М.Абдурашидхонов халқ, ватан тақдирини ўйлаб бутун умрини фидокорона, машаққатли мақсадга бахшида этди. Мамлакат озодлиги, халқ маънавиятининг оширилиши, элимизнинг “маданий” халқлар даражасига етишида илм-маърифатнинг нақадар муҳимлигини барча асарларида эътироф этди. Ислом дини илмларини ўрганиш билан бирга, замонавий илм-фан ютуқларини ўзлаштириш миллий ўйғониш даври маърифатчилигининг асосий ғояларидан бири эди. Тараққийпарвар зиёлилар қатори М.Абдурашидхонов ҳам бутун инсониятга, жамиятимизга фойдаси тегадиган замонавий илм-фаннинг юртимизга кириб келишига катта ҳисса қўшдилар.

Мустақиллик йилларида аждодларимизнинг илмий мероси қайта тикланди. Хусусан, Мунавварқори Абдурашидхоновнинг маърифатчилик йўлидаги эзгу қарашлари эътироф этилди ва ўрганила бошланди.

Хулоса қилиб айтганда, М.Абдурашидов каби забардаст халқ фидойиларининг илмий меросини ўрганиб, уларнинг маърифатпарварлик ва педагогик тажрибаларидан унумли фойдаланилса, таълим-тарбия тизимида керакли натижаларга эришиш мумкиндир.

“Ижтимоий фанлар” кафедраси мудири Обид Тангиров

150680cookie-checkМУНАВВАР ҚОРИ ИЛМ-МАЪРИФАТ ТАРҒИБОТЧИСИ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: