Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
ОРТИДАН ЗОРЛАНИШ ВА ҲОЖАТМАНДЛИК ҚОЛДИРГАН МАЪСИЯТ, ОРТИДАН ИЗЗАТТАЛАБЛИК ВА МАНМАНЛИК ҚОЛДИРГАН ТОАТДАН ЯХШИДИР.
(Ибн Атоуллоҳ Сакандарий роҳимаҳуллоҳ)
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳ васалламга беҳисоб саловатлар бўлсин!
Сўзимизни иккинчи жумла билан бошласак. Ушбу жумладаги манманлик келтирган тоатни шайтоннинг амалига қиёслайдиган бўлсак, унинг кибри, манманлиги узоқ йиллар мобайнида Аллоҳ таолога ибодат қилиб, охирида Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг бандасига ҳурмат саждасини қилишдан бош тортишгача олиб борди. Бунинг сабаби эса, иззатталаблик ва манманликдир. Унинг иззатталаб бўлиши узоқ йиллар қилган ибодати бўлса, манманлиги эса инсон лойдан, у оловдан яратилгани бўлди. Раҳмоннинг буйруғига бўйсунмай, одамга ҳурмат саждаси қилмай у шундай деди: «Сен қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора балчиқдан яратган башарга сажда қила олмасдим».
Аллоҳ таоло: «Бас, сен ундан чиқ! Албатта, сен қувилгансан!», деди (Ҳижр сураси 34-35-оятлар).
Натижада шайтон «лаъин» ва «рожим» бўлди.
Алишер Навоий роҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Насойиму-л-Муҳаббат» китобларида кибр ҳақида қуйидагича келтирганлар: «Абу Ҳошим сўфий сўзидурким: Игна била тоғни қозмоқ такаббурни кўнгуллардин чиқармоқдин осонроқдур». Яъни, бир катта тоғни игна билан қазишдан кўра, инсоннинг қалбидан кибрнинг чиқиши қийинроқдир.
Бунинг маъноси шулки кибр, манманлик шундай бир улкан офатки, унинг оқибатида инсон катта бир жарликка, тубанликка ғарқ бўлажакдир. Сабаби эса, бу шайтоннинг амалидан бўлиб, шу кибри сабабли у қувилган, лаънатланган тамғани олди.
Ёшлигимизда бобом бир ривоятни айтиб берган эдилар: Бир куни шайтон инсон қиёфасида бир йўловчига шерик бўлиб, иккиси биргаликда сафарга чиқдилар. Улар бир кеча кундуз давомида сафар қилдилар. Бир кун вақт ўтгач, иблис ўзини таништирди ва бояги шеригига:
– Сен жуда ёмон одам экансан, – деди. Шериги эса:
– Нега ундай дейсан? Ахир сен шайтонсан, сендан ҳам қабиҳроғи бўлмас, – деди. Шайтон унга жавобан:
– Мен Аллоҳнинг биргина амрига бўйсунмаганим сабабидан иблисга айланиб, шу аҳволга тушдим. Сен эса, бир кундаги бешта буйруғини бажармадинг. Аслида сендан эҳтиёт бўлиш даркор, – дея қочиб қолган экан. Аслида бу ҳазил аралаш айтилган ва бу ривоятнинг ҳақиқати қандай экани номаълум, бироқ шу маълумки, инсоннинг кибри уни ҳатто иблисдан ҳам хор бўлган ҳолатга тушишига сабаб бўлар экан. (Аллоҳ сақласин)
Бирор банда ўзига юқори баҳо берса, унинг ҳеч қандай қиймати бўлмайди. Чунки нафснинг ҳеч қандай қиймати йўқ.
Риё, ужб ила қилинган ибодатлар гўёки ерга ёққан қор кабидир. Қуёш чиқиши билан барчаси эриб, йўқ бўлади. Инсон қилган амаллари билан ўзини алдаб шундай аҳволга тушадики, қиёматда унинг риё ила қилган амалларининг барчаси ҳабата бўлади. Амаллари ҳабата бўлди дегани, ҳуддики ҳавода учиб юрган чангларни қўлига бир қоп олиб тўплаб юрган кабидир. Қиёматда эса киши кибр, риё ила қилган амаллари худди чанг каби сочилиб, ҳабата бўлади. Ўша чангларни халтасига йиғишга уринмасин, ҳеч фойдаси йўқдир.
Бир китобда қуйидаги сўзлар зикр қилинади:
«Охиратда одамзод бу дунёда қилган гуноҳ ишларидан сўралади. Агарда қилмадим деб тонса, кўзлари ёлғон гапиряпти, мен кўрдим, қўллари мен ушладим, деб гувоҳлик берар экан. Камига ўша гуноҳ иш содир қилинган жойлар, паррандаю-даррандалар, ўсимликлар, ҳатто акс садогача, шундай бўлган эди, деб гувоҳлик берар экан. Воҳ, биз одамлар қанчамиз-у кузатувчиларимиз қанча? Яна уялмай қилган арзимаган бир амалимизга ғурурланишимиз яна нимаси? Эй инсон кўзингни оч!»…
Энди ҳикматнинг биринчи қисмида келган жумлага эътиборимизни қаратсак. «Ортидан зорланиш ва ҳожатмандлик қолдирган маъсият». Бунга мисол қилиб Одам алайҳиссаломнинг қиссаларини келтирсак яхшироқ тушунамиз. Одам алайҳиссалом иблиснинг сўзига кириб Момо Ҳавво билан тақиқланган дарахтдан еб қўйишди. Бу уларнинг маъсият қилганининг далилидир. Хўш сўнг нима қилдилар? Аллоҳдан авф қилишини сўраб илтижо қилмадиларми? «Икковлари: «Эй Роббимиз, биз ўзимизга зулм қилдик. Агар Сен бизни мағфират қилмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, албатта, зиён кўрганлардан бўламиз», дедилар» (Аъроф сураси, 23-оят)
Улар мана шу ортидан ҳожатмандлик келтирган маъсиятлари учун Аллоҳнинг марҳаматига сазовор бўлдилар. Тавба қилганлари учун мағфират қилиндилар.
Натижада маъсият шунча йиллик қилинган, сўнгида эса кибр қўшилган ибодатдан афзал бўлди. Банда ҳар бир амалини холис Аллоҳ учун қилиши, амали сабабидан ужбга берилмаслиги даркор. Аллоҳ таоло каломида қандай марҳамат қилган?! Айтадики: «У зот тирикдир. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Бас, Унга динни холис қилган ҳолда дуо қилинг. Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. (Аллоҳга холис бўйсунган ҳолда, шариатга тўла амал қилган ҳолда, иймон-эътиқодни ёлғону риёдан пок ўтган ҳолда дуо-ибодат қилинг» (Ғофир сураси, 65-оят)
Тафсири ҳилол китобида қуйидагича баён қилинади:
«Банда ўзини банда билиб, вақтида тавба қилиши, қуруқ оғзаки тавба билан кифояланиб қолмай, дилдан афсус ва надомат чекиб, ортидан яхши амалларни ҳам қилиши шарт. Ана ўшанда Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўлади».
Мавлоно Румий айтадиларки: «Тавба уруғини кўз ёшинг билан суғормасанг, раҳмат мевасини қандай қилиб кутмоқдасан?!»
Инсон сувга тушиб кетгани учун эмас, сувдан чиқолмагани учун чўкади. Хўш, буни қандай тушунамиз. Шу нарса аён бўладики, инсон гуноҳга ботганидан турли балоларга йўлиқади бу аниқ. Бироқ ўша гуноҳлардан чиқиш йўли бўла туриб ундан чиқишга ҳаракат қилмаслик, бу ҳақиқий тубанлик, ҳақиқий бир фожеадир.
Гуноҳ қилиндими, ҳокисорлик ила тавба қилмоқ даркор. Зеро меҳрибон Раҳмон қиёматда бандасини азоблашни хоҳламас. Аллоҳ бандасига шунчалик меҳрибонки, унга тавба қилишни илҳом қилиб қўяди. Зотан, тавба эшиги олдидаги инсонга кет дейилмайди. Мана шунинг ўзи ҳам Раҳмоннинг унга марҳаматидир. Мана шу ҳақиқий тавбаси ортидан инсонга ҳақиқий роҳат келади. Тавбанинг асл маъноси шуки: «Тавба – тиконни гул этмоқдир».
Қандай қилиб тикон гулга айланиши мумкин?, дерсиз. Бу табиий. Наҳотки тиконлар билан ўралган бир шохчадан хушбўй ва гўзал бўлган атиргул очилганини кўрмаслик мумкин?! Атиргулнинг ушбу хушбўй иси зорланиш ила қилинган тавбадан сўнг келадиган роҳатнинг ажиб бир ифоридир.
Гуноҳдан қочмаган киши гуноҳга ташнадир. Гуноҳга ташна киши эса албатта ўша гуноҳни қилмасдан қўймас. Аллоҳга ҳақиқий тавба қилган эса ўша гуноҳга бориш йўллари қанчалик осон бўлмасин, ўша гуноҳ ишни қилишни нафси қанчалик хоҳламасин, ундан узоқ юришга ҳаракат қилади. Шайх Муҳаммад Мухтор Шинқитий айтадилар: «Банда тавба қилганида Аллоҳ унинг тавбасининг ростлигини синаш учун, ўша гуноҳига бориш йўлларини осон қилиб қўяди».
Аллоҳ таоло каломида қуйидагича марҳамат қилади:
«…Модомики улар истиғфор айтар эканлар, Аллоҳ уларни азобламас» (Анфол сураси, 33-оят).
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада инсон истиғфор айтишда бардавом бўлар экан, бало юбормаслигини айтмоқда. Зеро, истиғфор қалбни кибрнинг ҳужумларидан, нафснинг озорларидан асрагувчидир.
Инсон зорланиш ва ҳожатмандлик келтирган маъсиятидан сўнг тавба қилиб Аллоҳ таолога истиғфор айтар экан Ҳақ таоло унга ўзгача бир роҳат бериб қўяди.
Бу ҳикмат маъсият қилган инсонга паст назар билан қарамасликни ўргатади.
Сўзимизга ушбу жумлалар ила якун ясаймиз:
Қалбингга назар сол кўмирдай қора,
Афсус, бу жойни этдинг зулматхона.
Эй Хусрав қалбингни пок сақлагил Аллоҳ назар соладир,
Покланмаган кўнгиллар назар топмай қоладир
Амалларимизни ундан кейинги ғурурланиш билан ҳабата бўлишидан Аллоҳ сақласин! Амийн
Тошкент ислом институти 4-курс талабаси
Хусрав Садиров шарҳи