Бугун шиддат билан ўзгариб бораётган дунёда глобаллашув жараёнларининг ижобий томонлари билан бир қаторда, унинг салбий оқибатлари ҳам ҳаётимизга кириб келмоқда. Шу маънода турли маънавий таҳдидлардан ҳаётимизни асраш, маънавий бўшлиққа йўл қўймаслик учун, авваламбор, соғлом ғоялар орқали, жаҳон майдонида юз бераётган кескин ақл-заковат ва истеъдод мусобақасида беллашувга қодир бўлишимиз лозим.
Бундай беллашувга киришадиган шахснинг нафақат билими, балки унинг ахлоқий қарашлари юқори даражада шаклланган бўлиши лозим. Дунёдаги ҳар бир халқнинг тили, характери ва тафаккур-тарзи турли бўлгани каби миллий хулқ-атвори, одоб-ахлоқи, муомала маданияти, урф-одатлари ҳам фарқлидир. Бир сўз билан айтганда, одоб миллат танламайди.
Одоб-ахлоқ масаласи Исломда ўта муҳим ўрин тутади. Чунки Аллоҳ таолога қурбат хосил қилишда одобнинг ўрни жуда муҳим. Беодоблик барча нарсани, амални ҳам, қалбни ҳам, тилни ҳам бузади. Одобсиз одам бирор нарсага эришиши, жамиятда яхши ўрин топиши мумкин эмас. Шунинг учун машойиҳларимиз: “Ким нимага эришса, фақат одоб билан эришади. Ким нима билан қуласа, фақат беодоблик билан қулайди”, деганлар.
Барча замонларда ҳамма ўлкаларда яхши хулқли, олийжаноб, ширинсўз, ҳалим инсонлар жамиятнинг кўрки, одамларнинг аълоси бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам хулқ борасида ўрнак бўлганлар. Аллоҳ таоло Ўзининг каломи Қуръони каримда марҳамат қилган: “Сиз буюк хулқ узрадирсиз” деб. Пайғмбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар бўлиб келишларидан кўзланган асл мақсад ҳам камоли хулқни тиклаш эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақида шундай деганлар: “Мен гўзал хулқларни камолга етказиш учун юборилдим”, деганлар.
Ҳозирги кунда ғарб маданияти таъсирида “одоб”ни маданият дейиш ҳам жорий бўлган. Мисол учун, “овқатланиш одоби” дейиш ўрнига “овқатланиш маданияти” дейилади.
Ҳусни хулқ (яхши, чиройли хулққа) қандай қилиб эришилади? Бу ҳақда одоб китобларимизда жуда кўп тавсия ва маслаҳатлар келган:
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тарозида ҳусни хулқдан кўра оғирроқ нарса йўқдир” дедилар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Инсонларга чиройли хулқлар билан аралашинглар. Улардан яхши амаллар билан ажралиб туринглар”, деб айтганлар.
Яхши хулқнинг бир нечта аломатлари мавжуд:
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз то ўзи яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди”, дедилар”.
Абу Шурай ал Хузўийдан ривоят илинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гапи бўлса айтсин ёки жим турсин”, дедилар”.
Исломда одоб-ахлоқ масаласи ибодат даражасига кўтарилган. Шаръий одобга амал илган кишиларга ажр -савоб ваъда қилинган ва ибодатларни адо этишда ҳам одоблар жорий этилган. Одамларнинг бир-бирлари билан бўладиган ижтимоий алоқаларида ушбу ҳадиси шарифда қуйдагича зикр қилинган. Омир ибн Саъд ибн Абу Ваққосдан, у эса отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Албатта, Аллоҳ ёқимлидир, ёқимлиликни севади, карамлидир, карамлиликни севади, ўта саҳийдир, ўта саҳийликни севади”.
Аллоҳ таолонинг ўзида бўлган ва бунинг бандаларида ҳам бўлишини севадиган сифатлар инсоният учун жуда ҳам аҳамиятлидир. Ушбу сифатларни ўзида мужассам қилган кишилар инсонлар жамиятидаги энг яхшилар бўлишади. Бунинг юзага чиқиши учун эса Ислом жорий қилган ижтимоий одоблар йўлга қўйилиши лозим.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марамат қилдилар: “Нафсим Унинг қўлида бўлган зотга қасамки, тоинки мўмин бўлмагунингизгача жаннатга кира олмайсизлар. Ўзаро бир бирингизни яхши кўрмагунингизгача мўмин бўла олмайсизлар. Сизларни бир ишга далолат қилмайинми, агар у ишни қилсангиз бир бирингизга муҳаббат қўйиб оласиз. Ўртангизда саломни кенг ёйинг”, дедилар.
Саломнинг уламоларимиз таърифида: “Ассалому алайкум” дегани, сизга динингизда, ҳаётингизда тинчлик, омонлик, хотиржамлик бўлсин. Сизга нуқсон, жангу жадал, ёмонликлардан халос бўлишингизни тилайман”, дегани.
Динимизнинг шиори қандай ҳам улуғ. Бу мусулмонликни аломати, белгисидир. Ривоят қилинишича кунларни бирида Умар розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан шикоят қилиб келиб айтдилар: “Эй Аллоҳнинг Росули соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон Алига рўбарў келганимда хечам биринчи бўлиб салом бермай, менинг унга салом беришимни кутиб кейин алик олади”, дедилар. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Алини ҳузурларига чақиртириб бунинг сабабини, яъни нега биринчи бўлиб салом бермасликларини сўрадилар. Шунда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг Росули, ўзингиздан эшитганман, “ким биринчи бўлиб салом берса, унга жаннатда Аллоҳ таоло бир байт, уй бино қилади, дегансиз, мен ўша қаср уйни ҳазрати Умарга бўлишини хоҳлайман” деган эканлар.
Гўзал хулқ борасида буюк мутафаккирлардан Воиз Кошифий “Инсоннинг қадр-қиммати унинг мол-мулки ёки ижтимоий келиб чиқиши билан эмас, балки маънавий қиёфаси, ахлоқий сифатлари билан ўлчанади”, -деган бўлса, Абдулла Авлоний гўзал хулқлар қаторига: матонат, диёнат, исломият, назокат, ғайрат, риёзат, қаноат, шижоат, илм, сабр, ҳилм, интизом, виждон, ватанни суймак, ҳаққоният, назари ибрат, иффат, идрок ва зако, ҳифзи лисон, иқтисод, виқор, итоат, ҳақшунослик, хайрихоҳлик, мунислик, садоқат, муҳаббат, авф кабиларни киритади. “Эмди бу яхши хулқларни қўлга олмак учун ота-она, муаллим, устодларимиз ҳазратларининг ҳикматли насиҳатларини жон қулоғи бирла тинглаб, доим хотирда тутмоқ, ахлоқи яхши кишилар бирла улфат бўлмак, ахлоқи бузуқ ёмон кишилардан қочмоқ лозимдур”,-деганлари нечоғли тўғридир.
Мухтасар қилиб айтганда, инсонни гўзал қилиб кўрсатадиган унинг чиройи эмас, балки чиройли хулқидир.
4– курс талабаси М.Парпиева