Бу мавзу биз яшаб турган замонга нисбатан ғаройиб бўлмаса-да, лекин Ислом ҳазораси ажойиботлари ҳақидаги мавзулар ичидаги энг гўзалидир. Ҳайвонга шафқат борасида Ислом ҳазорасидаги биринчи манбада ҳайвонот олами ўз хусусиятлари, табиати ва шуурига эга инсон олами кабидир, деб эълон этилди:
وَمَا مِنْ دَابَّةٍ فِي الْأَرْضِ وَلَا طَائِرٍ يَطِيرُ بِجَنَاحَيْهِ إِلَّا أُمَمٌ أَمْثَالُكُمْ مَا فَرَّطْنَا فِي الْكِتَابِ مِنْ شَيْءٍ ثُمَّ إِلَى رَبِّهِمْ يُحْشَرُونَ (۳۸)
«Ерда судралиб юрган ҳар бир жонивор, осмонда қанот қоқаётган ҳар бир қуш худди сизлар каби (Бизнинг қўл остимиздаги) жамоалардир» (Анъом сураси, 38-оят). Шунингдек, ҳайвонга нисбатан шафқацизлик кишини дўзахга киргизади: «Бир аёл мушук тўғрисида дўзахга кирди. У мушукни боғлаб қўйиб, овқат бермади ва ер ҳашаротларини ейишига ҳам йўл қўймади» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Шариат ҳайвонга шафқатлиликни қонун тусига киргизишда давом этиб, тўхтаб турган уловнинг устида кўп туришни ҳаром этди. Пайғамбар алайҳиссалоту вассаллом айтадилар:«Уловларингизнинг орқасини курси қилиб олманг».
Уни оч қолдиришни, озиб-тўзитишни ҳам ҳаром этди. Расулуллоҳ алайҳиссалом орқаси қорнига ёпишган туянинг олдидан ўтиб қолдилар ва: «Бу тилсиз ҳайвонлар тўғрисида Аллоҳдан қўрқингиз. Уларни яхши миниб, яхши едиринглар», дедилар. Шунингдек, жониворларни тоқатидан ортиқ ишга мажбурлаш ҳам маън этилган.
Шариат яна овда кўнгилхушлик қилишни ҳам ҳаром этди. Пайғамбар алайҳиссалом шундай дейдилар: «Ким чумчуқни ҳам бекордан ўлдирадиган бўлса, уқиёмат куни Аллоҳга: «Эй Раббим, фалончи мени бир манфаат юзасидан эмас, бекордан бекорга ўлдирди», дейди». Шунингдек, мерганликка ўрганишда бирор жонзотни нишон қилиш ҳам маън этилди. Пайғамбар алайҳиссалом жони бор нарсани нишон қилганни лаънатладилар.
Ҳайвонларни куйдириш билан юзларига белги қўймоқдан ҳам қайтарилди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам юзи куйдирилган эшакнинг олдидан ўтиб қолдилар ва: «Бунга белги қўйган кишига Аллоҳнинг лаънати бўлсин», дедилар.
Агар ҳайвон гўшти ейиладиган ҳайвонлардан бўлса, уларга шафқат кўрсатиш сўяётганда пичоқни ўткирлаш, сув билан суғориш ва сўйгандан сўнг терисини шилгунча озгина вақт ўтказиш билан бўлади: «Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага яхшиликни вожиб этгандир. Агар ўлдирсангиз, чиройли ўлдиринг. Сўйсангиз, чиройли сўйинг. Пичоғингизни ўткирланг ва қурбонингизга дам беринг». Пичоқни ўткирламасдан туриб, ҳайвонни ётқизишлик жоиз бўлмаган шафқацизликдир. Бир киши пичоғини ўткирлай туриб, қўйни сўйиш учун ётқизди. Унга Пайғамбар алайҳиссалом: «Буни икки марта ўлдиришни хоҳлайсанми? Ётқизишдан олдин пичоғингни ўткирласанг бўлмайдими!?» дедилар.
Ислом ҳазораси руҳига етук далолат қиладиган ва ҳайвонга раҳмдилликнинг ажойиб тимсоли бўлган манави воқеага қулоқ тутинг: «Абдуллоҳ ибн Масъуд айтадилар: «Биз Расулуллоҳ билан бирга сафарда эдик. Шунда биз ҳаммара деган чумчуққа ўхшаш қуш ва унинг иккита жўжасини кўрдик. Биз бу икки жўжани ушлаб олдик. Ҳаммара қанотини қоқиб айлана бошлади. Шу пайт Расулуллоҳ келиб қолдилар ва: «Бунга болалари тўғрисида ким озор берди? Болаларини қайтаринглар», дедилар. Яна биз куйдириб ташлаган чумоли уясини кўриб: «Буни ким куйдирди?» дедилар. «Биз», деб жавоб қилдик. Шунда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ўт билан азоблаш ўт Эгасидан бошқага лойиқ эмас», дея марҳамат қилдилар». Бу Ислом ҳазораси ва қонунларидаги ҳайвонга меҳрибонлик асосларидир. Унинг воқеъликдаги татбиқи қандай бўлган?
Умар розияллоҳу анҳу қўйини сўйиш учун оёғидан судраб кетаётган кишининг олдидан ўтиб унга: «Ҳолингга вой, уни ўлимга чиройли олиб боргин», дедилар.
Ислом ҳазорасида ҳайвонга меҳрибонлик, давлат ва ижтимоий муассасалар томонидан унга бўлган эътибор кўринишлари мана шундай эди. Халифалар ҳайвонларга меҳрибонлик қилиш, уларга озор ва зарар бермаслик ҳақидаги тавсияларини халққа эълон қилишарди.
Умар ибн Абдулазиз волийларига ёзган хатларидан бирида одамларни бекордан-бекорга отларини чоптиришликдан маън этганлар. Йўл ишлари масъулига эса, кишиларга уловларини оғир юганлар билан юганлашга ёки учи темирли қамчи билан ҳайдашга рухсат бермасликка буюриб хат ёзганлар.
Миллатнинг тараққий этгани, яшовчанлигига далолат қилишда ўз кишиларига олийжаноблик қилишдан кўра яхши нарса йўқдир. Бу олийжаноблик нафақат жамиятнинг барча табақаларини, балки ер юзидаги инсону ҳайвондан иборат жонзотни яхшилик, эзгулик ва раҳмат билан файзли қилади.
Тошкент ислом институти
403-гуруҳ талабаси
Амонова Ситора