Қубо масжиди (مَسْجِد قُبَاء) Саудия Арабистонининг Мадина шаҳри чеккасида жойлашган тарихий масжиддир.
Қуръонда:
“Албатта, биринчи кундан тақвога асосланган масжид эса, унда туришингизга лойиқроқдир. Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севар”, – деган оят “Қубо” масжиди тўғрисида нозил бўлган (Тавба, 108).
Тарихи
Масжид Мадинадан 6 километр жанубда, Қубо қишлоғида жойлашган. Қубо қишлоғи билан Мадина ораси ўртача пиёда юрилганда, бир соатлик йўлдир. Маълумки, Қубо Ислом тарихидаги биринчи масжид ҳисобланади. Баъзи манбаларда Пайғамбар алайҳиссалом Мадинадаги биринчи жума намозини Қубода ўқиган деган маълумотлар учрайди, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан илк жума намозини Қубо билан Мадина орасида, “Ронуно” деган жойда ўқийдилар. Бу Мадинада ўқиган биринчи жума намозлари эди.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келганларида Қубо қишлоғи атрофида Бани Амр ибн Авф қавми истиқомат қилган. Ўша пайтда бу ерда Абу Аюб Ансорий роҳияллоҳу анҳуга тегишли сув қудуқ ҳам бўлган.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага ҳижрат қилганларида Қубода масжидига биринчи пойдевор тошларини У зот алйҳиссалом қўйдилар ва саҳобалар томонидан қуриб битказилган. Маълумотларга кўра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қубо қишлоғида 4 кун қолдилар. Кейин Мадинага жўнаб кетдилар.
Ҳозирги кўриниши
Қубо масжидининг ҳозирги кўриниши Нотр Дам университетининг Ричард Дриеҳаус номидаги замонавий, анъанавий ва мумтоз меъморчилик йўналиши учун бериладиган Driehaus Architecture Prize мукофоти совриндори, классик меъмор Абдул Воҳид Вакил томонидан ишлаб чиқилган. Дастлаб масжиднинг эски кўринишини янгисига уйғун равишда қуриш режалаштирилган эди, аммо бу ғоядан воз кечилди ва эски бино бутунлай бузиб ташланди.
Таъмирлаш ишлари
Қубо масжиди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларидан сўнг кўп бора таъмирланган. Биринчи таъмирлаш ишларини учинчи халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу амалга оширдилар. Кейин эса, халифа Умар ибн Абдул Азиз раҳматуллоҳи алайҳ масжиднинг биринчи минорасини қурдирди. Масжид милодий 1043 йилда (ҳижрий 435) Абу Яъло Ҳусайний томонидан қайта таъмирланган ва меҳроб қурилди. Милодий 1160 (ҳижрий 555) йили Камолиддин Исфаҳоний томонидан масжидга бир қанча қўшимча ва ўзгаришлар киритилган. Масжидда бирин-кетин таъмирлаш ишлари 1272, 1332, 1436, 1476 (ҳижрий 671, 733, 840, 881) йилларда олиб борилди ва 1830 йил (ҳижрий 1245)да Усмонлилар империяси даврида Султон Абдулмажид томонидан таъмирлаш амалга оширилган.
1984 йил (ҳижрий 1405)да Саудия Арабистони подшоҳи марҳум Фаҳд ибн Абдулазиз фармонига мувофиқ Қубо масжиди таъмирланди, унинг майдони бир неча баробар кенгайтирилиб, аввалги ҳолатини ўз ҳолича сақлаб қолишга катта эътибор қаратилди. Масжиддаги намозгоҳ майдони 1600 кв.м. дан 5035 кв.м.га етди.
Масжиднинг умумий майдони эса 13500 кв.м.ни ташкил қилади.
Гумбаз ва миноралари
Масжидда уч хил ўлчамли жами 54 та гумбаз мавжуд бўлиб, улардан 48 таси кичик гумбазлар, бештаси ўрта гумбазлар ва биттаси меҳроб майдонида қурилган катта гумбаздир. Масжид биносининг ҳар бир бурчагида биттадан жами тўртта минора бор. Дастлаб битта минора бўлган, янги таъмирлаш ишларида яна учта минора қўшилган бўлиб, уларнинг пойдевори тўртбурчак шаклда, ундан юқориси саккиз қиррали ва охирги тепа қисми айлана гумбазсимон шаклга эга. Масжид ҳовлисига қора, қизил ва оқ мармар билан безатилган. Масжиднинг аксарият ички меъморчилик безаклари билан бир қаторда минбар ва меҳроб ҳам оқ мармардан иборат.
Усайд ибн Зуҳайр Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қубо масжидидаги намоз худди умра кабидир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қубо” масжидига уловда ёки пиёда келар эдилар. Унда икки ракъат намоз ўқирдилар”.
Масжидун Набавий дарвозаларидан бири Боби Қубо деб ушбу масжид номи билан аталади.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари
кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев