islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Жаҳон тилшунослигида ҳозиргача ўз ечимини топмаган туб структура масаласи

Синтактик қурилмалар, шу жумладан макросинтактик структураларнинг шаклланиши билан боғлиқ қонун-қоидаларини ўрганишда ҳам туб структура тушунчаси муҳим аҳамиятга эга. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, туб структура масаласи жаҳон тилшунослигида ҳозиргача ўз ечимини тўлиқ топа олгани йўқ. Айрим тилшунослар уни таянч структура (ядерная структура) тарзида талқин этсалар, бошқалари мазкур структурани семантик структура билан тенглаштирадилар. Туб структура тушунчаси, айниқса рус ва ғарб тилшуносликларида, кейинги йилларда чоп этилаётган структур тилшунослик ва семантик тилшунослик билан боғлиқ қарийб барча илмий тадқиқот ишларида қўлланилмоқда. Аммо бу соҳада олимлар фикрлари бир хил эмас.

Туб структура тушунчасини лингвистик тадқиқотларга дастлаб Н.Хомский киритади ва уни «тафаккурдаги  тушунча» («данную уму») маъносида изоҳлайди[1]. Бунда Н.Хомский туб структурани аниқ маъноси синтаксисда ўз ифодасини топиши лозим бўлган мавҳум структура тарзида тушунади. Лекин «туб грамматика», «юзаки грамматика» («глубинная грамматика», «поверхностная грамматика») тушунчалари дастлаб америкалик тилшунос Ч.Хоккет томонидан қўлланилган эди[2].

О.Есперсен таълимотида туб структура ўрнида «маъно категорияси» тушунчаси қўлланади [3]. Н.Хомскийда ҳам, О.Есперсенда ҳам туб структура қандайдир маънода мантиқий категория сифатида талқин этилади. Умуман олганда, туб структура тушунчаси мантиқ билан узвий боғлиқдир. Чунки нутқда шаклланган ҳар қандай синтактик структура мантиқсиз, яъни асемантик ҳолда бўлмайди. Сўз бирикмаларидан бошлаб матнгача бўлган синтактик майдонда ана шу ҳолат устувор аҳамият касб этади. Бироқ бу билан мантиқ ва синтаксисни муштарак категорияларга эга деб бўлмайди. Бундай бўлиши асло мумкин эмас, зотан, уларнинг ҳар бирининг ўзига хос қонун-қдоиралари ва категориялари мавжуд. Шунинг учун юқоридаги мулоҳазалардан мантиқ ва синтаксис ўртасидаги ўзаро муносабат тўғрисида хулоса чиқариш мумкин.

Туб структура хусусида юқорида айтилган фикрлар бир-биридан фарқланса-да, улар ўртасида қандайдир умумийлик белгиси ҳам борлиги кўзга ташланади. Бироқ шундай бўлса ҳам, назаримизда, масала моҳияти С.Д.Кацнельсон тадқиқотларида тўлиқроқ ифода этилган кўринади. Шу боис бу ҳақда айтилган С.Д.Кацнельсон фикри, яъни туб структура тафаккур структураси эканлиги тўғрисидаги мулоҳазадан фойдалиниш мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз.

Шуни ҳам айтиш лозимки, туб структура тушунчаси ўзбек тилшунослигида ҳали махсус тадқиқот мавзуси бўлганича йўқ. Бу ҳақда айрим тилшуносларнинг қисқача берилган фикрларини кузатиш мумкин, холос[4].

Туб стуктурадан таянч структура, ундан эса ҳосила ва яна ҳосиладан ҳосила структуралар синтактик деривацияси воқеланар экан, тил ҳодисалари билан сўзловчининг муносабати ҳам такомиллаша боради. Бошқача айтганда, тил тизими белгиларининг асосий сифатларидан бири-ифодаланувчи (означаемое) томонидан янада юқорига қараб борар эканмиз, чексиз равишда шаклланиши мумкин бўлган хабар парадигмаларига эга бўлишимиз мумкин. Бу эса, ўз навбатида, тил ҳодисаларига субъектив омилнинг таъсири кучининг ҳам ошиб бораётганини кўрсатади[5].

  1. Нўъмон ота ҳозир ўғлини эслаб, хўрсиниб қўйди (تذكر نعمان آتا ابنه و حزن ) (О. Мухтор ).
  2. Шоикром айвон тўридаги сандал четида хомуш ўтирарди (شاه اكرام كان يقعد امام صندل الذي كان في مظلة البيت) (Ў.Ҳошимов).
  3. Тозагул бутун Қўқонда ҳусни, хуш ахлоқи билан тенги йўқ бир қиз (كانت تازاكول اعلى البنات حسنا و خلقا)(К.Яшин. Ҳамза).

Келтирилган мисолларнинг биринчисида туб структура хўрсиниб қўйди тарзида шаклланган предикатив бирлик билан, иккинчисида ўтирарди сўзи билан, учинчисида эса бир қиз бирикмаси билан ифодаланмоқда. Бироқ мазкур сўзларни мустақил ҳолда оладиган бўлсак, уларнинг ҳали семантик жиҳатдан ҳам, синтактик жиҳатдан ҳам мукаммал эмаслиги кузатилади. Бошқача айтганда, мазкур структураларда том маънода инсон тафаккурининг берилаётган хабарлар ифодалари билан боғлиқ бўлган дастлабки мавҳум ҳолатдаги маҳсулотларини кўрамиз. Бу табиийдир, албатта. Чунки туб структура мавҳумлик қуршовида бўлади ва бу мавҳумлик унинг замирида шаклланган синтактик структурада барҳам топади. Синтактик структура сатҳида эса туб структура хабарнинг мағзини ташкил этувчи кесим (предикат) функциясини касб этади.

Шуни ҳам айтиш лозимки, туб структура асосида шаклланувчи гапнинг қай тарзда кўриниш олиши нутқ муҳити ва сўзловчи томонидан тил унсурларининг танланиши билан ҳам боғлиқдир. Қандай синтактик структуранинг воқеланишидан қатъи назар, туб структура унинг семантик асосини, бошланғич нуқтасини ташкил этади. Фикр исботи учун юқорида келтирилган мисоллардан бирининг деривацион принципларига эътибор берайлик:

Нутқ муҳити ва сўзловчи:

Ўтирарди:  Шоикром…хомуш ўтирарди. (شاه اكرام يقعد ساكتا)

(туб структура) Шоикром…ёлғиз ўтирарди. (شاه اكرام يقعد منفردا)

Шоикром…ишлаб ўтирарди. (شاه اكرام يقعد مشغولا بالعمل)

Бироқ шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, туб структура билан синтактик ҳосила (дериват) тўғридан-тўғри боғланмайди, чунки туб структура асосида энг аввал таянч структура (ядровий қурилма) шаклланади: Шоикром ўтирарди.

Таянч структура гапнинг минимал шакли ҳисобланади ва гап учун энг зарур унсурлар муносабатидан ташкил топади. Буни S (субъект), V (предикат) белгилари билан ифодалаш мумкин. Шунга кўра, таянч структура синтактик деривация  маҳсули эмас, балки деривацион йўналишга имкон яратувчи базал объект саналади. Агар SV структураси таркибига бирор X унсур қўшилса, у ҳолда дериват шаклланади: Шоикром( S ) хомуш ( Х) ўтирарди (V).

Синтактик деривациянинг кейинги босқичларида эса реал операторлар қўлланила бошлайди:

Шоикром сандал четида хомуш ўтирарди -оператор  -да.

Шоикром  тўрдаги  сандал  четида  хомуш  ўтирарди-оператор-даги.

Шоикром айвон (-нинг) тўридагио п е р а т о р   -нинг.

Шундай  қилиб, гапнинг синтактик деривацияси билан боғлиқ бўлган айрим масалаларни кўриб ўтдик. Бундан асосий мақсад тенг компонентли макросинтактик қурилма деривацияси принципларини талқин этишда ана шу элементар қоидалардан амалда фойдаланишдир.

Тенг компонентли қурилма шаклланиши ўзига хос жиҳатларига эгадир. Бундай жиҳатлардан энг асосийси унинг ҳар бир компоненти алоҳида туб структурага асосланишидир. Бу эса, ўз навбатида, тенг компонентли қурилманинг камида икки туб структура замирида воқеланишини кўрсатади:

Бу гапни комилжон айтди, аммо уста яна бошини чайқади  (قال هذا القول كاملجان ولكن النجار بطبط رأسه) (О.Ёқубов. Видо).

Ромдаги ойналар синиб, стол ағнаб тушди ва тортманинг бир чети очилди (كسرت زجاجة الشباك و سقطت الطاولة ) ( П.Қодиров. Айиқ ташвиши).

Берилган тенг компонентли МСҚларнинг биринчи таркибий қисмларининг олдингиси айтди, кейингиси эса чайқади тарзида шаклланган туб структураларга эга эканлигини кузатамиз. Мазкур туб структуралар асосида Комилжон айтди ва уста чайқади таянч структуралари шаклланмоқда.

Иккинчи мисолда биринчи компоненти ағнаб тушди, иккинчи компоненти эса очилди шаклида берилаётган туб структуралар асосида воқеланганини кўрамиз. Макросинтактик қурилма таркибий қисмларининг таянч структуралари стол ағнаб тушди ва бир чети очилди ҳолатида қўлланмоқда.

Мисоллар таҳлили тенг компонентли қурилма синтактик деривациясининг мустақил ҳолда такомиллашиб борувчи икки туб структура асосида воқеланишини далилламоқда. Макросинтактик қурилма деривацияси таркибий қисмларининг семантик асосини туб структуралар, минимал синтактик шаклини эса таянч структуралар ташкил этмоқда.

Шунинг учун ҳам, айтиш керакки, деривация оператори ҳар доим дериват таркибига ташқаридан олиб кирилади. Бошқача айтганда, ҳар бир операнднинг ички деривациясини ташкил этувчи операторлар ҳам, қурилма синтактик деривациясининг оператори ҳам олдиндан берилган бўлмайди. Ҳатто тил ёки нутқ муҳитини тақозо этувчи морфологик белгисиз операторга ҳам шаклланиш жараён вужудга келгандагина эҳтиёж сезилади.

Шундай қилиб, тенг компонентли қурилма синтактик деривацияси компонентлари воқеланиши учун дериват туб структураларининг мавқеи катта эканлигини кўрамиз. Мазкур туб структуралар тенг компонентли қурилма деривацияси рўй бериши жараёнида ҳар бири мустақил гапларни тақозо этувчи деривация операндларининг семантик асосини ташкил этади ва шу асосда аввал таянч структуралар, кейин эса қурилманинг умумий синтактик шакли вужудга келади.

Туб структура инсон тафаккури билан тўғридан-тўғри боғлиқ бўлган умумий ва мавҳум тарздаги тил ички структурасини тақозо этса, таянч структура ўз синтактик шаклига эга бўлган ва тил билан инсон омилини бирор шахс ёки нарса орқали боғловчи қурилмадир. Ҳосила структура эса таянч структура орқали туб структура билан узвий боғланса-да, ҳар бир ясалиш босқичда ундан йироқлаша боради. Мазкур қонуният мустақил гаплар синтактик шаклланиши учун ҳам, макросинтактик деривация учун ҳам бир хилда аҳамиятлидир.

Бегматоз Зиёуддин,

ТИИ Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси ўқитувчиси

[1]. Қаранг: Хомский Н. Language and Mind.-N.y., 1968, pp. 15-16.

  1. Қаранг: Нockett Ch. A course in modern linguistics.-New York, 1958.

[3]. Есперсен О. Философия грамматики.-М.,1985.-С.58.

[4]. Қаранг: Турниёзов Н.Қ. Қўшма гап синтаксиси.-Самарқанд, 1993,  14-бет; Яхшибоев Ғ. Синтактик деривация хусусида баъзи мулоҳазалар // Хорижий филология, № 4, 2004, 32-бет. Шу муаллиф. Ҳозирги ўзбек тилида содда гап синтактик деривацияси// Номз.дис.автореф.-Самарқанд, 2004.

[5]. Қаранг: Вендина Т.И. Словообразование как источник реконструкции языкового сознания // Вопросы языкознания, №4, 2002.-С.43.

303450cookie-checkЖаҳон тилшунослигида ҳозиргача ўз ечимини топмаган туб структура масаласи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: