islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Ҳеч ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра хулқи чиройлироқ эмасдир”

Сиз буюк хулқ узрадирсиз дея Каломуллоҳида Ҳабиби соллаллоҳу алайҳи васалламни васф этиб, бизларга у зотни севишни иймондан дея таълим берган Аллоҳ таолога ҳамду сано ва ҳаёти мубораклари давомида умматим дея яшаган, бутун башарият устози Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал ва тинимсиз салавотлар бўлсин.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Ҳеч ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра хулқи чиройлироқ эмасдир. Асъҳобларидан ёки аҳли байтларидан бирор киши у зотни чақирса, албатта, “лаббайка”, деб айтар эдилар. Шунинг учун Аллоҳ азза ва жалла ушбу оятни нозил қилди” дедилар.

Айрим муфассирларнинг айтишларича, бу оятдаги «улуғ хулқ»дан мурод улуғ диндир. Зеро Аллоҳ таоло наздида Ислом динидан суюклироқ ва гўзалроқ бирон дин йўқдир. Оиша (Аллоҳ ундан рози бўлсин) онамиздан Пайғамбар алайҳиссаломнинг ахлоқлари тўғрисида сўралганида: «У зотнинг хулқлари Қуръон эди. Қуръон рози бўлган ишдан рози, Қуръон норози бўлган ишдан норози бўлар эдилар», деб жавоб қилганлари ҳам юқоридаги тафсирни қувватлайди. Зотан Расулуллоҳнинг ўзлари ҳам: «Дарҳақиқат, мен улуғ хулқларни камолига етказиш учун пайғамбар қилиб юборилганман» деб марҳамат қилганлар.

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар қилиб юборишидан асосий мақсади оламларга фақат раҳмат бўлишлари учундир. Аллоҳ таоло Одам Атодан бошлаб бандаларига улар бир уммат, бир дин бўлишлари учун юбориб келаётган Пайғамбарлар силсиласини Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни инсоният жаҳолатга ботган бир пайтида баркамол Ислом ила барча оламларга раҳмат қилиб юборди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган Қуръон таълимотлар барча оламларга раҳмат ва шафқатдир. Жамодот ва наботот оламига ҳам, ҳайвонот ва инсоният оламига ҳам, яна бошқа оламлар бўлса, уларга ҳам раҳматдир. Ҳам бу дунёнинг раҳмат-шафқати, ҳам у дунёнинг раҳмат-шафқатидир. Ислом таълимотларига бир назар солишнинг ўзи кифоя. Бутун оламларга меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат улардан балқиб тургани сийратларини ўрганиб, уни ҳаётига тадбиқ қилган инсон ҳам У зоти муборакни севиб кўришга муштоқ бўлиб қолиш муқаррардир.

Муҳаммад Али Саллобийнинг “ас-Сийра ан-Набавия” асари сийрат илми тарихи унинг ривожланиш ва услуби жиҳатдан ўзига хос асар ҳисобланади. Бу китоб 2 жилддан иборат бўлиб бугунги кунга келиб кўпчилик сийрат илми олимлари томонида эътироф этилиб келаётган, юртимизда ва бошқа юрт олимлари учун ҳам мурожат қилинадиган ва кўпроқ аҳамият касб этадиган китоб ҳисобланиб келинмоқда.

Асарнинг бошқа сийрат мавзусига тегишли фарқли жиҳатларига эътибор берадиган бўлсак, бу ва бунга ўхшаш сийрат фиқҳи йўналишида ёритилган асарлар олдинги даврларда фиқҳий томонлама ёритилмаган.

Сийрат асарлари асосан тарихий воқеалар асосида ёритилиб берилган. Сийратдан тушиниладиган панд-насиҳатлар ва сийратдан тушиниладиган фиқҳий услуб томонлама ҳам кенг ёритилмаган. Бу йўналишдаги асарлар ХХ ва ХХИ асрларда ижод қилина бошланган.

Фиқҳ ас-Сийра йўналиши бўйича биз биладиган машҳур шайхлардан Шайх Муҳаммад Ғаззолий ва Шайх Муҳаммад Рамазон Бутилардир. Ас-Сийра ан-набавийя асарини юқорида зикр қилинган шайхларни асарлари билан фарқли жиҳатларини қуйида зикр қиламиз.

Авваламбор китобни ҳажми ҳақида сўз юритадиган бўлсак Шайх Рамазон Бутий Фиқҳус Сийра асарининг муқаддимасида Шундай ёзадилар: “Аҳкомлар ва қоидаларни истинбот қилишда, баҳсларни мадрасалар манҳажи томонлама ёндашдим. Ҳар бир воқеани алоҳида таҳлил қилиш ва адабий услубда ёндашишдан сақланган ҳолда китобни ёритиб бердим.Агар мавзунинг ҳар бир бўлимига тўхталиб шарҳ ёзиладиган бўлса, бу китоб катта энциклапедия бўлиб қоларди. Шунинг учун китобни қисқа услубда ёритиб беришга жазм қилинди ва бу услуб бир неча китобхонлар томонидан мақулланганини гувоҳи бўлдим”.

Ас-Сийра ан-набавийя асарига юзланадиган бўлсак бунда муаллиф мавзуларнинг аксариятига тўхталиб ўтганлар. Мисол учун Шайх Муҳаммад Ғаззолий ва Шайх Рамазон Бутий ҳазратлари ҳар бир воқеаларда иккита ёки учта ёки бештагача панд-насиҳат ва фиқҳий қоидаларни ёритиб берган бўлсалар, шайх Муҳаммад Соллабий ҳазратлари эса тарихий сийрат воқеларида ўнта ёки ўнтадан ошиқроқ панд-насиҳат ёки фиқҳий қоидаларни ёритиб берганлар.

Мисол учун “Мусулмонлар орасидаги биродарлик” мавзусини оладиган бўлсак Шайх Рамазон Бутий бу мавзунинг панд-насиҳатлари борасида учта панд-насиҳатларни зикр қилиб келтирганлар. Шайх Соллабий эса тўққизта панд-насиҳатларни зикр қилиб кўрсатганлар.

Юқорида зикр қилганимиздек бу китобдан олдин ёзилган китобларнинг ҳажми ас-Сийра ан-Набавийя асарига нисбатан ихчамроқ услубда ёзилган.Ас-Сийра ан-Набавийя асари эса кенгроқ услубда ёритилиб берилгандир.

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Тўйчиев Усмонхон

311780cookie-check“Ҳеч ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра хулқи чиройлироқ эмасдир”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: