Иззуддин Абдулазиз Замзамий ўз даврида машҳур олим бўлганлар, у зот ҳақида узун таржимайи ҳол мавжуд эмас. У зотнинг таржимайи ҳоллари ҳақида қисқа икки ёки уч сатрга етар, етмас маълумот мавжуд. Хусусан, “ан-Нурус сафир”[1], “Шазаротуз заҳаб”[2], Зириклийнинг “Аълом”[3], “Муъжамул муаллифийн”[4] китобларида маълумот учратиш мумкин.
Шерозий деб нисбатланишларининг сабаби боболари Али ибн Муҳаммад ибн Довуд Шероз аҳлидан бўлган. Шероз форс шаҳарларидан бири ҳисобланади. 730-ҳижрий санада боболари Макка келадилар ва у ерда истиқомат қиладилар. Бир муддат масжидул ҳаром муаззини бўладилар сўнгра Замзам қудуғи ходими бўладилар. Шу сабабли у кишига замзамий нисбати берилади.
Иззуддин Абдулазиз Замзамий 900-ҳижрий санада Макка шаҳрида таваллуд топадилар. У ерда вояга етиб, кўп шайхлар ва уламолардан илм таҳсил оладилар. Иззуддин Абдулазиз Замзамийнинг энг машҳур шайхларидан бири Шайхул ислом Закариё ал-Ансорий ҳисобланади (927-ҳижрий санада вафот этган). Илмда жуда забардаст бўлдилар , Маккада уламолар раиси, масжидул ҳаромда мударрислар раисига айландилар.
У зотдан кўп киши илм таҳсил олди. Энг машҳур шогирдлари ва ҳам ўғиллари Муҳаммад ибн Абдулазиз ибн Али аз-Замзий ҳисобланади.
Иззуддин Абдулазиз Замзамий Ашъарий эътиқодида, фиқҳда Шофеъий мазҳабида бўлганлар. Иззуддин Абдулазиз Замзамий таржимайи ҳолини ёзган уламолар у ҳақида кўплаб мақтовлар айтган. Ибн Имод Ҳанбалий айтади: “Иззуддин Абдулазиз Замзамий Шофеъий турли илмларда олим имом эди.” Ийдрус айтади: “Иззуддин Абдулазиз Замзамий Макка уламоларини бошлиғи, улуғи, афзали ва ўз даврида фазилатда ягона эди.”
Иззуддин Абдулазиз Замзамийнинг тасниф қилган китоблари: “Манзуматут тафсир”, “Шарҳу мақомоти ал-Ҳаририй”, “Девону шеър”, “Файзул жуд ала ҳадиси шийбатаний Ҳуд”, “ал- Фатавоз Замзамийя”, “Танбеҳу завил ҳимам ала маўхизи Аби Тийб минаш ҳеър вал-ҳикам”, “ал-Фатҳут том фий мадҳи хойрил аном”, “ал-Фатҳул мубин фий мадҳи шафиъил музнибийн” ва бошқа асарлар.
Аксар уламолар Иззуддин Абдулазиз Замзамий ҳижрий 976-йил 9-зулҳижжа ойи кечасида Маккада вафот этган дейди. “Кашфуз зунун” китобида ҳижрий 963-йил вафот этгани ҳақида маълумот келган.
Замзамий манзумасининг мавзуси улумул қуръондир, улумул қуръондан мурод усулут тафсир ёки улумут тафсирдир. Бу манзуманинг байтлари 157 та байтдан иборат.
Манзуматуз замзамийнинг асли имом Суютийнинг ан-Нуқоя деб номланган жуда қисқа китобларидир. Ан-Нуқоя нарсаларнинг энг сараси ва яхшиси деган маънони билдиради.Имом Суютий ан-Нуқояда ўн тўрт илмга атаб ўн тўртда матн ёзганлар.Улар қуйидаги илмлар: Усулуд дийн,тафсир,улумул қуръон, ҳадис, усулул фиқҳ, фароиз, наҳв, тасриф, хат, маоний, баён, бадеъ, ташриҳ, тиб, тасаввуф. Бу матнларни имом Суютий “Итмомуд дироя ли қурроин нуқоя” китобларида шарҳлаганлар. Шайх Маҳмуд ибн Абдулҳаққ ас-Синботий имом Суютийнинг ан-Нуқоя китобида зикр қилган матнларини назмга солдилар. Унга учта илмни: Ҳисоб, аруз, мантиқ илмларини қўшиб 17 та илмга айлантирдилар. Бу назмни “Ровзатул фаҳум фи назми нуқоятил улум” деб номладилар.
Иззуддин Абдулазиз Замзамий ан-Нуқоядан фақат улумул қуръонни назмга солдилар. Уни олтита уқудга бўлдилар, бу ерда уқуд касра билан иқднинг жамидир. Унинг маъноси ипга тизилган маржондир. Худди қуръон илмлари олтита маржон бўлиб, уни ҳар бир ипи қуръон илмини ўзига қамраб олади.
Имом Суютий ан-Нуқояда зикр қилган илмларни нозим 55 та илмини назмга солган.Имом Суютий “ат-Тахйир фи улумул қуръон” номли китобида улумул қуръондан 102 та илмни зикр қилган. Имом Суютийнинг улумул қуръон борасида охирги ва катта хизматлари “ал-Итқон фи улумул қуръон” китобини ёзишлари бўлди.Ундаги илмни адади 80 тага етади.[5]
Агар бир киши “ал-Итқон фи улумул қуръон” китоблари “ат-Тахйир фи улумул қуръон” китобларидан катта бўла туриб нега оз илмларни ўз ичига олган деб савол берса, айтамизки, Имом Суютий “ат-Тахйир фи улумул қуръон” китобларини ёзганларидан кейин, имом Заркашийнинг “ал-Бурҳон фи улумул қуръон” китобларига ва бошқа китобларга дуч келадилар, у китобларда “ат-Тахйир фи улумул қуръон” китобларида бўлмаган маълумотларни топадилар. У зотнинг наздида улумул қуръон борасида жами 300 нав илм борлиги малум бўлади. Шу сабабли Имом Суютий“ал-Итқон фи улумул қуръон” китобига аввалги китобларида бўлмаган илмларни киргизадилар.
Уламолар манзуматуз замзамий асарига ўн биринчи ҳижрий асрдан ҳозирги кунимизга қадар эътибор бериб, унга шарҳлар, ҳошиялар ёзиб келмоқдалар. Энг яхши шарҳлардан бири шайх Муҳсин ибн Али Мусовий Ҳазрамий (1354-ҳижрий санад вафот этган) ёзган “Наҳжут тайсир шарҳу манзуматут тафсир” десак муболаға бўлмайди. Унга кўплаб ҳошиялар битилган, энг машҳурларидан бири “Ҳошиятуш шайх Муҳаммад Ёсин Маккий ала наҳжит тайсир” ҳисобланади.[6]
Улумул Қуръон фани истилоҳда: “Қуръони Каримга тааллуқли бўлган умумий баҳслардир. Унинг нозил бўлиши, тартиблаб жамланиши, ёзилиши, тафсири, мўжизавийлиги, насх ва мансухлари ва ундан бошқа жиҳатларини ўз ичига олади”.
Улумул Қуръон илмидаги таснифотлар.
Бу илм жуда аҳамиятли бўлгани учун аввалда ҳам ҳозирда ҳам у ҳақида илмий изланишлар кўп бўлган. Кўпчилик тафсир уламолари ўзларининг тафсир китобларининг муқаддимасида улумул Қуръон ҳақида муҳим маълумотларни айтиб ўтганлар. Унда тафсир усуллари ва мўжазлигига тааллуқли масалаларни ёритганлар. Мисол тариқасида имом Табарийнинг “Жомеъул Баён” китобининг муқаддимаси, имом Қуртубийнинг “Жомеъ лиаҳкомул Қуръон” тафсири муқаддимасини келтиришимиз мумкин.
ТИИ 4-курс талабаси Зияев Абдуқаҳҳор
- [1]Муҳийдин Абдулқодир ибн Шайх ибн Абдуллоҳ Айдрусий(1038-ҳижрий санада вафот этган)“ан-Нурус сафир ан ахборил қорнил ашир” Иззуддин Абдулазиз Замзамий таржимайи ҳоллари бу китобни 278-саҳифасида.
- [2]Ибнул Имод Акрий Ҳанбалий (1089-ҳижрий санада вафот этган)“Шазаротуз заҳаб фи ахбор мин заҳаб”Иззуддин Абдулазиз Замзамий таржимайи ҳоллари бу китобни 10-жуз488-саҳифасида.
- [3]Хойруддин Зириклий Димашқий “Аълом”Иззуддин Абдулазиз Замзамий таржимайи ҳоллари бу китобни 4-жуз 23-саҳифасида.
- [4]Умар Куҳола Димашқий “ Муъжамул муаллифийн” Иззуддин Абдулазиз Замзамий таржимайи ҳоллари бу китобни 5-жуз 254-саҳифасида.
- [5]- ص.8. وليد بن إدريس المنيسي.القمر المنير فى شرح الزمزمية.- منيسوتا،الجامعة الإسلامية،2020م-1441ه.
- [6]- ص.9. وليد بن إدريس المنيسي.القمر المنير فى شرح الزمزمية.- منيسوتا،الجامعة الإسلامية،2020م-1441ه.