Аллоҳ таоло инсонни яратишидан асосий мақсад албатта Ўзини танитишдир. Яратилган ҳар инсон борки муддатини яшаб бўлгач, боқий оламга Аллоҳ ҳузурига қайтишга мажбур ва бу дунё умрини ҳисобини бермоғи аниқдир. Суннати санияларида инсон бепарво бўлган аммо жуда қимматли нарса бу вақтдир дея умматларига ҳар сониясини таълимини берган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саломлар бўлсин.
Давр ривожлангани сари инсонлар вақт деб номланган Аллоҳ томонидан берилган жуда қимматли бойликларини беҳудага сарфлаб юбормоқдалар. Ҳисобли дунё ҳақида ўйлаган мусулмонлар эса вақтларидан имкон қадар фойдаланиб қолишмоқда. Мусулмон бўлмаганлардан эса, вақт бу пулдир эътиқодида яшовчилар вақтларини пул билан ҳисоблаб жуда қадрлашади. Бугунги глобал ва тезкор даврда инсон нималар билан вақтини бой бераётгани ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Вақтимизни зое бўлишига сабаб бўлувчи нарсалар жуда кўп. Улардан баъзилари қуйидагилар:
1. Бекорчи, фойдасиз гапларни кўп гапириш. Кўп гапириш, сертакаллуфлик, ҳар-хил фойдасиз, бўлар-бўлмас гапларни гапириш, ғийбат қилиш нафақат вақтимизни олади, балки суҳбатдошларимизнинг ҳам дилини хира қилади. Инсон бошига кўп балолар ўйламасдан айтилган сўз сабабидан тушади. Фақатгина керакли гапларни гапиришимиз, атрофимиздагиларга самимий бўлишимиз, ўринсиз жойларда сукут сақлашимиз, муҳим бўлмаган гаплар учун суҳбатдошимизни вақтини олмаслигимиз зарур. Ҳар жойнинг ўз гапи бор, ҳар гапнинг ўз жойи бор . Бу борада барчамизга ўрнак сарвари коинот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Сўзлаётган тил борки, албатта, унинг олдида Аллоҳ турибди. Бас, нима деяётганини англаган киши Аллоҳдан қўрқсин”.
2. Телефонда узоқ гаплашиш. Баъзида яқинларимиздан ҳол-аҳвол сўраш учун телефон қиламиз. Бунинг учун узоғи билан 3 дақиқа кетади. Лекин суҳбатимиз чўзилиб кетади. Суҳбатда ўзимиз қолиб бошқалар ҳақида гаплашишга ўтиб кетамиз. Аслида бу бекорчи гаплар ўзимиз учун ҳам, суҳбатдошимиз учун ҳам қимматли бўлган вақтимизни кетказишга арзирмикан?! Суҳбат соатлаб давом этиши ҳам мумкин. Одамзотнинг гапи тугармиди? Телефонда кўп гаплашиш саломатлик учун ҳам зарарли.
3. Телевизорни ҳаддан ортиқ кўп кўриш, газета ва журналлардаги суратларга ортиқча тикилиб ўтириш. Масалан баъзи уй бекалари севимли сериалларига кўп вақт сарфлашлари оқибатида ўз вақтида овқат тайёрлай олишмайди. Бу эса турмуш ўртоқларининг норозиликларига сабаб бўлади.
4. Бирор қарор қабул қилиш учун анча вақт ўйланиб юриш.
6. Оилавий муаммолар.
7. Ўзига ортиқча оро бериш учун вақт сарфлаш. Масалан аёллар мустаҳаб бўлмаган ўринлар учун ҳам ортиқча зийнатланиш учун вақт сарфлашлари.
8. Йўқолган нарсани узоқ вақт қидириш. Бирор нарса йўқолиб қолса, аввал яхшигина асабийлашамиз, сўнгра бир нималарни гапириб уйимизни ҳар бир бурчагидан уни излашга тушамиз. Топилмаса яна излаймиз. Хуллас, уйни айланиб юраверамиз. Яхшиси фикримизни бир жойга жамлаб, йўқолган нарсани қаерга қўйганимизни эслашимиз, топилмаса қидирувни тўхтатиб кейинроқ изласак,қидирув муваффақиятли амалга ошади, вақтимиз ҳам кетмайди.
9. Муҳим бўлмаган ахборот учун компютер олдида, соатлаб қолиб кетиш.
10. Замонавий телефон ҳамда компютер ўйинларини ўйнаш. Интернетдаги “Facebook”, “Одноклассники” каби мулоқот сайтларида соатлаб қолиб кетиш.
12. Узоқ вақт бозор айланиш.
13. Кўп ухлаш,ортиқча дам олиш. Шу ўринда қайт этиш лозимки “Уйқучи ва очофат инсондан кўра шайтонга севимли киши йўқдир”. Демак овқат учун ҳам кўп вақт сарф этиш ҳа вақтни исроф қилади ҳам, шайтон алайҳи лаънага севимли қилиб қўяди.
14. Бефойда, ҳаттоки зарарли бўлган баҳс-мунозараларга киришиш.
15. Касал бўлмаса ҳам секин юриш, ишни жуда секин бажариш.
Ишни тез ҳамда сифатли бажаришга ҳаракат қилсак, ўша ишни тезроқ тугатишимиз ва навбатдагисига киришишимиз мумкин. Вақтимизни бекорга сарфланишига сабаб бўлаётган омиллардан халос бўлишимиз керак.Бунинг учун бироз эътибор ҳамда шижоатли бўлишимиз лозим. Шунинг мусулмон киши ҳар вақтини қадрлаб, унумли фойдалангани маъқул. Аллоҳ таоло шижоатли ва фойдали иш билан машғул кишиларни севади.
Юқоридаги фойдасиз вақтимиз ўғриси бўлган омиллар ўрнига, китоб мутола қилиш ва илм ўрганиш ҳам бу дунёмиз учун, ҳам охиратимиз учун жуда фойдалидир.
“Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси
Зафар Маҳмудов