Киши ўзи учун фойдали ва аҳамиятли бўлган бирор ишга қўл урмоқчи бўлса, то мақсади ҳосил бўлмагунча одамларга ошкор қилмай туриши кўп жиҳатдан маъқулдир. Айниқса, мазкур иш ҳаммага ҳам насиб бўлавермайдиган неъматлардан бўлса, масалан, обрўли бир жойга ўқишга кириш, кўпчилик орзу қиладиган қайсидир мамлакатга сафар қилиш ёхуд бирорта-бир катта тижоратни йулга куйиш, уй сотиб олиш ва ҳоказолар каби одамлар ҳавас ёхуд ҳасад қиладиган ишлардан бўлса, то мазкур иш амалга ошмагунча уни сир сақлаш фойдадан холи эмас. Зеро, ҳадиси шарифларда келганидек, ҳар бир неъмат соҳиби ҳасадга нишондир.
Киши ҳар қанча яхши бўлмасин, ҳамма билан бирдек хуш муомалада бўлмасин, барибир, уни бесабаб ёмон кўрадиган, ундаги неъмат завол топиб, кулфатга юз тутишини ич-ичидан хоҳлайдиган разил инсонлар қуршовидан омондаман деб айтолмайди.
Баъзан бегона эмас энг яқин одамингиз, ҳатто туғишган жигарингиз сизга бегона ва душманингиз келтирмаган моддий ва маънавий зарар келтиради. Баъзилар бўладики, бирор неъматга эришиш арафасида турганингизни билиб қолса, бирдан оёғингиздан чалиб ё туҳматлар қилиб, ўша яхшиликка эришишингизга тўғаноқ бўлгиси келади. Шундай бўлмаслиги учун келажакда амалга ошириш режалаштирилган яхши мақсадларни ҳаммага ҳам гапириб юрмаслик мақсадга мувофиқдир.
Муоз ибн Жабал, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абу Ҳурайра ва Абу Бурда (розияллоҳу анҳум)лардан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади (маъноси): “ҳожатларингизни муваффақиятли амалга оширишда сир сақлашдан фойдаланинг, зеро, ҳар бир неъмат соҳиби ҳасадга нишондир“. Ҳадисни Табароний, Байҳақий, Абу Нуайм (“ҳиля“), Ибн Адий, Уқайлий ва бошқалар ривоят қилганлар. Тўғри, мазкур ҳадиснинг санади борасида турли гап-сўзлар мавжуд. Уни баъзилар заиф десалар, бошқалар саҳиҳ санаганлар.
Нима бўлганда ҳам ҳадиснинг маъноси тўғри. Шунга кура, амалга ошириш режалаштирилган яхши ишларни то амалга ошмагунча ёки аниқ бўлмагунча ошкор қилмаслик мақсадга мувофиқдир.
Машҳур муфассир Имодуддин ибн Касир роҳимаҳуллоҳ Юсуф сурасининг тафсирида Яъқуб алайҳиссаломнинг ўз ўғли Юсуф алайҳиссаломга хитобан (мазмуни): “тушингни акаларингга айтиб қўймагин, тағин, сенга бир ёмон макр қилиб қўйишмасин!“, деган сўзини очиқлар экан: “ушбу ояти каримадан, неъмат то пайдо бўлиб, зоҳир бўлмагунча уни яшириш кераклиги келиб чиқади“, дейди ва бунга қўшимча далил сифатида юқорида зикр қилинган ҳадиси шарифни ҳам келтиради.
Режадаги каттароқ ишларни, ҳасадга сабаб бўлиши мумкин бўлган нарсаларни вақтинча яшириб туришнинг яна бир фойдаси шундан иборатки, мабодо ўша иш амалга ошмай қолса ҳам одам ҳеч кимдан уялиб, ич-этини еб юрмайди. Бу яшириш ва сабр қилишнинг руҳий фойдаси бўлади.
Шуни айтиш ҳам керакки, ҳадиси шариф ўз ичига олган маъно Зуҳо сурасидаги “Раббингнинг неъматини эса ҳар қанча гапирсанг ҳам майли!“, деган мазмундаги ояти каримага зид келмайди. Чунки, ояти каримада аллақачон ҳосил бўлган мавжуд неъмат ирода қилинган. Ҳадиси шарифда эса ҳали амалга ошмаган яхшилик назарда тутилган.
Боз устига, ояти кариманинг турли тафсирларда келган маъносидан англашиладиган нарса шуки, Аллоҳнинг неъматини гапириш деганда ўзгаларга мақтаниш ва риё учун эмас балки, Аллоҳнинг неъматини изҳор қилиш орқали одамларга Унинг нақадар буюк фазл ва марҳамат соҳиби эканлигини эслатиш, ва бунга тил шукрини бажо қилиш, ундан сўнг эса эҳтиёж соҳибларига ёрдам қўлини чўзиш, уларни ўзи томонга йўналтириш ва шу тариқа неъмат валийси бўлмиш Парвардигорга амалий шукрона қилиш ирода қилиниши лозим.
“Тиллар” кафедраси ўқитувчиси
Алишер Султонхўжаев