islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Нақшбандия машойихлари(5) Султон Боязид Бaстомий (Қоддасаллоҳу сирруҳу 4-қисм)

Султонул Орифин Боязид Бастoмий ҳазратлари бир куни бомдод намозига тура олмади, ухлаб қолди. Ва намозини қазо этар экан, шу қадар йиғлаб, инградики, унга “Эй Боязид, бу гуноҳингни авф этдик, бу пушаймонлигинг ва кўз ёшинг учун 70 минг намоз савоби эҳсон этдим”, дейилди.

Бастoмий ҳазратларини яна бир марта уйқу олди. Шайтон келиб, уни уйқудан уйғотди: “Тур, намозга кечикяпсан!”– деди у.

– Эй малъун! Сен ҳеч бундай қилмас эдинг, одамларнинг намози қазога қолишини истардинг, энди нима бўлди-ю, мени намозга уйғотяпсан?– деб сўради Бастoмий ҳазратлари.

– Бир неча ой аввал сен бомдод намозига туролмай қолганингда, пушаймонликдан кўп йиғлаб, инграган эдинг ва авф қилинган эдинг, устига-устак 70 минг намоз савоби ҳам олган эдинг. Бугун яна 70 минг намоз савоби эмас, битта намоз савоби олишинг учун сени уйғотдим, – деди шайтони лаъин.

***

Боязид Бастoмий ҳазратлари шундай ҳикоя қилади:

– Менинг замонимда мингларча вали бор эди. Ҳаммаси ҳам ибодат, риёзат, кашф ва каромат соҳиби эдилар. Фақат асрнинг қутбларидан бири уммий (ўқимаган) бир темирчи эди. Мен бу ишнинг сир ва ҳикмати олдида ҳайрат ичида эдим.

Бола-чақасини боқиш учун кеча-кундуз босқон бошидан кетмаган бу темирчини кўриш учун бир кун дўконига бордим. Салом бердим. Мени кўриб, болаларча севинди. Қучоқлади, қўлларимни ўпди. Ва мендан дуо истади. У ҳали кашф оламига кирмагани учун ўз мақомидан хабарсиз эди.

У мендан дуо истаганига жавобан:

– Мен сенинг оёқларингни ўпайин, сен менга дуо қил, – дедим.

У шундай деди:

– Сенга дуо этганим билан ичимдаги дард енгиллашмайдида.

Мен ундан:

– Дардинг нима?– деб сўрадим.

– Қиёмат куни шунча одамнинг аҳволи нима бўларкин, деб бунга ёнишдан бошқа дардим йўқ, – деди темирчи. Ва ҳўнгир-ҳўнгир йиғлади. Мени ҳам йиғлатди.

Шу он ичимда бир нидо эшитдим: “Булар нафсим, нафсим” деганлардан эмас, “Умматим, умматим”, деганлардандир”.

Буни эшитган заҳоти ичимдаги ҳайрат йўқ бўлди. Қутблик мақомининг бир оддий темирчига нима учун берилганини тушунгандай бўлдим.

Англадимки, бу каби инсонлар пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалби тўғрисидадирлар, унинг ҳақиқатига мазҳардирлар.

Темирчидан:

– Одамларнинг азоб чекиши билан нима ишинг бор?– деб сўрадим.

– Нима ишим бор? Менинг фитратим хамиртуриши шафқат суви билан йўғрилгандир. Унинг ҳузурида соатларча ўтирдим. Суҳбат этдик. У намозда ўқиш учун фарз миқдоридан ортиқ сура ва оятларни билмас эди. Уларни ўргатдим.

Ва унинг олдидан 40 йил давомида эриша олмаганим даражаларга юксалдим. Ичим файзи илоҳийга тўлди. Ўшанда англадимки, қутблик сири бошқа нарса экан. У фазилат билан, илм билан, ибодат билан қўлга киритиладиган нарса эмас, балки Аллоҳнинг бергани экан.

(4-қисм тугади. Давоми бор)

Мир араб ўрта махус ислом билим юрти талабаси
Тўлқинбек Холмирзаев 

65980cookie-checkНақшбандия машойихлари(5) Султон Боязид Бaстомий (Қоддасаллоҳу сирруҳу 4-қисм)
1 та фикр мавжуд

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: