islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

АТРОФ-МУҲИТ МУҲОФАЗАСИ

Бугунги кунда инсоният иқлим ўзгариши ва табиий ресурс (неъмат)ларнинг камайиши каби жиддий муаммолар билан юзма-юз келиб турибди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласи замонавий дунёнинг энг устувор вазифасига айланган бўлса-да, аслида бу борадаги юксак маданият ва одоб қоидалари бундан 14 аср муқаддам Ислом таълимотида мукаммал тарзда баён этилган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ва ҳадисларига назар ташлар эканмиз, у зотнинг нафақат инсонлар орасидаги муносабатларни, балки инсон ва табиат ўртасидаги мувозанатни сақлашга ҳам нақадар катта эътибор берганларига гувоҳ бўламиз.

Ислом таълимотида инсоннинг вазифаси ер юзидаги фаолиятни бузиш эмас, балки обод қилишдан иборатдир. Ҳатто ҳаётнинг сўнгги лаҳзаларида ҳам эзгуликдан тўхтамаслик, табиатга манфаат етказиш мусулмон кишининг энг олий мақсади қилиб белгиланган:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Агар Қиёмат қоим бўлишни бошласа-ю, биронтангизнинг қўлида хурмо (ниҳоли) бўлса, уни экиб қўйсин”[1].

Табиат ресурслари (неъматлари) орасида сувнинг аҳамияти беқиёс. Ислом дини сувни нафақат ҳаёт манбаи, балки илоҳий неъмат деб билади. Шу сабабли, ундан фойдаланишда ҳатто энг зарур ва хайрли ишларда ҳам тежамкорлик асосий мезон қилиб белгиланган:

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилаётган Саъд ибн Абу Ваққоснинг ёнидан ўтдилар ва: “Бу қандай исрофгарчилик, эй Саъд?” деб сўрадилар. Саъд: “Таҳоратда ҳам исроф бўладими?!” деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, агарчи оқиб турган дарё бўйида бўлсанг ҳам”, деб жавоб бердилар”[2].

Саҳобий Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу билан содир бўлган ушбу воқеа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг табиат ресурсларини (неъматларини) асрашга нақадар юқори даражада эътибор қаратганларини кўрсатади. У зот ўз саҳобаларига ҳатто ибодат асносида ҳам, агарчи сув оқар дарёдан олинаётган бўлса-да, уни беҳуда сарфлаш жоиз эмаслигини уқтирганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақат саҳобаларининг атроф-муҳитга бўлган қарашларини юксалтириш билан чекланганлар, балки табиатни асраш ислом динининг ажралмас қисми эканини ҳам баён қилганлар. Ушбу юксак тафаккур у зотнинг табиат ва унинг бойликарини муҳофаза қилишга доир кўплаб ҳадисларида яққол намоён бўлади.

Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўллардаги тўсиқ ва чиқиндиларни олиб ташлаш орқали атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олишга тарғиб қилиб, шундай марҳамат қилганлар:

“Биродаринг юзига табассум қилмоғинг садақадир. Амри маъруф, наҳйи мункар қилмоғинг садақадир. Адашган ерида одамни йўллаб қўймоғинг садақадир. Кўзи яхши кўрмайдиган кишига бир нарсани кўрсатиб қўймоғинг садақадир. Йўлдан тошни, тиконни ва суякни олиб ташлашинг садақадир. Ўзингнинг пақирингдан биродарингнинг пақирига қуйиб бермоғинг садақадир”[3].

Табиатга экилган ҳар бир ниҳол нафақат ер юзини гўзаллаштиради, балки инсон учун вафотидан кейин ҳам савоби етиб турадиган узлуксиз хайр манбаига айланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дарахт экиш ва ер юзида яшил майдонларни кенгайтиришга тарғиб қилиб, шундай марҳамат қилганлар: “Қайси бир мусулмон бирор экин экса-ю, ундан ейилса, албатта, унинг учун садақа бўлади. Ўғирлангани ҳам унинг учун садақа бўлади. Йиртқичлар егани ҳам, албатта, унинг учун садақа бўлади. Қушлар егани ҳам, албатта, унинг учун садақа. Ўша экиндан бирортаси манфаат олса, албатта, унинг учун садақадир”[4].

Ташландиқ ва қаровсиз ерларни ўзлаштириш, уларни яшилликка бурканган масканларга айлантириш иқтисодий ва экологик жиҳатдан юксалиш демакдир. Бу борада Ислом дини ерни “тирилтириш” тушунчасини илгари суради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким ўлик (қаровсиз) ерни тирилтирса (обод қилса), унга ажр берилади. Ундан бирор жонзот еган нарса ҳам унинг учун садақадир”[5].

Атроф-муҳитни ифлослантириш нафақат табиатга, балки бошқа инсонларнинг ҳаққига тажовуз қилиш деб баҳоланади. Одамлар дам оладиган ва ўтадиган жойларни булғаш динимизда қаттиқ қораланган ва бундай ишларни қилувчилар “лаънатга қолувчилар” деб аталган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки лаънатловчидан сақланинглар”, дедилар. Одамлар: “Эй Аллоҳнинг Расули, икки лаънатловчи нима?” дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларнинг йўлига ва соя жойга хало қилган”, дедилар”[6].

Шу билан бирга, У зот сувларни ифлосланишдан ҳимоя қилишга чақириб, турғун сувга сийишни тақиқлаганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Оқмас сувга сийишдан қайтардилар”[7].

Шунингдек, бошқа бир ривоятда “Бирортангиз жунуб ҳолида оқмас сувда ғусл қилмасин”[8] дея марҳамат қилганлар.

Хулоса қилиб айтганда, Ислом дини атроф-муҳитни асраш масаласини инсониятнинг ер юзидаги энг муҳим масъулиятларидан бири сифатида белгилаб берган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўгитлари бизни нафақат сув ва бошқа неъматларни исроф қилмасликка, балки ерни обод қилиш, яшил майдонларни кўпайтириш ва тозаликка риоя этиш орқали табиатга нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлишга чорлайди.

Демак, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бугунги куннинг шунчаки замонавий талаби эмас, балки бизга қолдирилган буюк пайғамбарона меросдир. Ушбу меросга амал қилиш ҳар биримиздан атрофимиздаги ҳар бир гиёҳга, оқар сувга ва мусаффо ҳавога “омонат” сифатида қарашни талаб этади.

«Ақоид ва фиқҳий фанлар» кафедраси катта ўқитувчиси Илхомжон ҒОФУРОВ

[1] Ҳайсамий. Мажмаъуз завоид.

[2] Иммом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳ ривояти.

[3] Имом Термизий роҳматуллоҳи алайҳ ривояти.

[4] Имом Муслим роҳматуллоҳи алайҳ ривояти.

[5] Имом Суютий. Ал-Жомиъус сағир.

[6] Имом Муслим роҳматуллоҳи алайҳ ривояти.

[7] Имом Муслим роҳматуллоҳи алайҳ ривояти.

[8] Имом Муслим роҳматуллоҳи алайҳ ривояти.

463310cookie-checkАТРОФ-МУҲИТ МУҲОФАЗАСИ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: