Ер юзидаги ҳамма нарсанинг бошланиши ва охири бор, шу жумладан инсониятнинг ҳам. Қуръон оятларга кўра инсониятнинг ота-бобоси Одам алайҳиссаломдир. Қуръонда биринчи одамнинг пайдо бўлиши ҳақидаги воқеа, Тангри таолонинг одамзотни яратиш қарори ҳақида фаришталарга хабар берганидан бошланади.
«Эсла, вақтики Роббинг фаришталарга: «Мен ер юзида халифа қилмоқчиман», деди» (Бақара, 30).
Бундан ташқари, Аллоҳнинг изни билан фаришталар сайёрамизда мавжуд бўлган барча турдаги тупроқларни: қора, қизил ва бошқа рангдагиларни тўплаш учун ерга тушдилар. Шу туфайли Одам Атонинг авлодлари турли ирққа, кўринишга ва одатларга эга одамлардир. Кейин Раббимиз Одамни (алайҳиссалом) бир ҳовуч тупроқдан яратди.
«Эсла! Ўшанда Роббинг фаришталарга: «Албатта, мен лойдан башар яратгувчидирман» (Сод, 71).
Аллоҳнинг кўрсатмаларига биноан Одам (алайҳиссалом) фаришталарга «Ассалому алайкум» деб салом бериб, мурожаат қилди. Бунга жавобан фаришталар: “Сизга Аллоҳнинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин!”, деб жавоб берди. Ўшандан бери мусулмонлар ўртасида худди шундай саломлашиш одатга айланган. Кейин Аллоҳ одамларга, уларни фақат ибодат учун яратганлигини айтди. Фаришталар доимо итоат ва ибодатда бўлиб, улардан фарқли ўлароқ, одамлар нафақат Қодир Аллоҳга сажда қилишга, балки фикр юритишга ва атрофида содир бўладиган воқеа-ҳодисаларга муносабат билдириш имкониятига эга бўлдилар. Яъни, Аллоҳ таоло одамларга ақл ва нафс бериб, ирода ихтиёрини берди.
«У зот одамга исмларнинг барчасини ўргатди… » (Бақара, 31),
яъни одамларга зарур нарсаларнинг илмини ўргатиб, бу дунёнинг яатилиш ҳикматини ўзлари тушуниб етишларига имкон берди. Одам Ато (алайҳиссалом) жаннат боғларида ёлғиз эди. У уйғониб, ёнида чиройли бир аёлни кўрди. Аллоҳ таоло кечаси Одам Ато (алайҳиссалом)нинг чап қовурғасидан бир аёлни яратганлиги ва у уйғонишидан олдин қовурға ўсиб чиққанлиги маълум бўлди. Масалага замонавий илмий нуқтаи назардан қарасангиз ҳам ушбу маълумотлар Одам Ато (алайҳиссалом)нинг хотини унинг генетик ҳужайраларидан яратилганлиги маълум бўлади.
Одам Ато ажабланиб, Аллоҳдан жуфтини нима учун яратганлигини сўради. Қуръоннинг ўзида Одам Атонинг хотинининг аниқ исми тилга олинмаган, лекин уни “хотин, жуфт” деб айтади.
«Эй Одам, сен жуфтинг билан жаннатни маскан тут» (Аъроф, 19).
Мазкур жуфт Одам Атонинг аёли Ҳавво (арабчадан “тирик” деб таржима қилинган) эди. Ишончли ҳадисларга кўра, Момо Ҳаввони Одамнинг қовурғасидан яратилишига ишора қилиниб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга ғамхўрлик қилишнинг муҳимлигини таъкидлаган: “Аёлларга яхши муомала қилинг, чунки у эгри қовурғадан яратилган. Уни тўғирлашга уринсангиз, у синади, агар сиз уни бўш қўйсангиз, у эгри бўлади. Шунинг учун аёлларга яхши муомалада бўлинглар” (Бухорий ривояти). Жаннат боғларида Одам ато билан Момо Ҳавво фаровон ҳаёт кечиришди. Ва жаннатдаги барча ажойиботлар уларнинг ихтиёрида эди ва бу масала бўйича Қуръон ва Инжилдаги маълумотлар ўртасида бирон бир тафовут йўқ. Аллоҳ Таоло Одам алайҳиссаломга:
“Эй Одам, сен ўз жуфтинг ила жаннатда маскан топ. Унда нимани хоҳласаларингиз, енглар… ”(Бақара, 35).
Қудратли Парвардигор, одамзотга жаннатдаги ҳаётнинг барча жозибаларини бериб, фақат битта дарахтнинг мевасини емасликни буюриб уни синади.
“… ва мана бу дарахтга яқин келманглар, бас, у ҳолда золимлардан бўласизлар” (Бақара, 35).
Аллоҳ таоло фаришталарга Ўзининг қудрати ва ҳикмати билан яратган мумтоз яратиғи Одамга таъзим ўлароқ сажда қилишга буюрди. Сажда қилишдан бош тортган Иблисни даргоҳидан қувди. Иблис бунинг учун одамзотдан ўч олиш мақсадида Одам Ато ва Момо Ҳаввони тақиқланган дарахт мевасидан татиб кўришга ундади.
“Бас, шайтон икковларининг беркитилган авратларини очиш учун уларни васваса қилди ва: «Роббингиз сизни ушбу дарахтдан фақат икковингиз фаришта бўлмаслигингиз ёки абадий қолмаслигингиз учунгина ман қилди», деди.” (Аъроф, 20).
Иблиснинг кўплаб уринишларидан сўнг, улар васвасага берилиб, тақиқланган мевадан татиб кўрдилар. Шунга қарамай, улар хатоларини англаб, Яратувчидан бу гуноҳлари учун кечирим сўрашди ва Аллоҳ уларни кечирди. Шундан сўнг, улар Жаннатдан ерга туширилганлар, у ерда Одам Ато Аллоҳ таолодан ваҳийлар қабул қилган.
“Сўнгра Аллоҳ уни танлаб олди, тавбасини қабул қилди ва тўғри йўлга бошлади” (Қуръон 20: 122).
Манбаларга кўра, Одам алайҳиссалом билан ерга Каъбага ўрнатилган Ҳажурул Асвад, яъни қора тош ҳам тушган. Одам Ато ер юзида жуда узоқ вақт (2000 йил атрофида) яшаган ва вафотидан кейин Маккада дафн этилган ва тошқиндан кейин унинг жасади Қуддусга кўчирилган. Хотини эридан 40 йил кейин вафот этган. Унинг қабри Жидда шаҳрида бўлиб, Мақбарутул Умми Ҳавва (Ҳавво мақбараси) деб номланади. 1975 йилда Саудия Арабистони ҳукумати томонидан қабр устига мақбара қурилган.
Манба: https://islam-today.ru/istoria/kak-nacinalas-istoria-celovecestva/
“Ҳадис ва ислом тарихи” фанлари
кафедраси ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев