islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Президент йиғилиши: Битирув имтиҳонлари ва қабул жараёнлари онлайн, кириш имтиҳонлари соддароқ шаклда ташкил этилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 апрель куни жорий ўқув йилини сифатли якунлаш, битирув ва кириш имтиҳонларини ташкил этиш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

«Пандемия сабабли тизимга масофавий технологиялар жорий қилиниб, 10 мингдан зиёд таълим муассасасидаги 7 миллион ўқувчи ва 500 минг талабага онлайн дарс бериш йўлга қўйилди. Бу янги механизм карантин шароитида фанлар ўз вақтида ўзлаштирилишини таъминлаб бермоқда.

Энди жорий ўқув йилини сифатли якунлаш вазифаси турибди. Хорижий давлатлар тажрибаси ва бугунги вазиятдан келиб чиқиб, олий ўқув юртларида битирув имтиҳонларини онлайн шаклда ўтказиш режалаштирилмоқда», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Йиғилишда мазкур жараёнларни сифатли ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.

Таълим муассасаларига ҳужжатлар қабулини такомиллаштириб, масофадан, онлайн шаклда, интернет орқали ҳужжат топшириш имкониятини яратиш зарурлиги таъкидланди. Бу борадаги янги тартиб ва афзалликлар ҳақида аҳоли батафсил хабардор қилинади.

Маълумки, 2020 йилдан кириш имтиҳонлари жами 5та – учта мажбурий ва иккита мутахассислик фани бўйича ўтказилиши белгиланган эди. Лекин карантин шароити ёшларнинг имтиҳонга тўла тайёргарлик кўриш имкониятини ҳам чеклади.

Қолган қисқа вақтдан унумли фойдаланиш имкониятини яратиш мақсадида, жорий йилда имтиҳонларни соддароқ шаклда ўтказиш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.

Республикамизда Президент мактаблари сони 4тага етди, 9та ижод мактаби ўз фаолиятини олиб бормоқда. Жорий йилда яна 5 та Президент мактаби ва 2 та ижод мактабини фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Уларни ўз муддатида қуриш ишларини тизимли ташкил этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Карантин туфайли ижтимоий масофа тушунчаси ҳаётимиздан муҳим ўрин эгаллади. Шундан келиб чиқиб, таълим муассасаларида, айниқса мактабларда, меъёрларни қайта кўриб чиқиш зарурияти таъкидланди.

«Пандемияни сабаб қилиб таълим тизимини такомиллаштириш бўйича ишларни кечиктиришга мутлақо ҳаққимиз йўқ», деди президент.

Вазиятга қараб, ўқув юкламаларни ва дастурларни қайта кўриб чиқиш, олий ўқув юртларида амалий кўникмаларни ривожлантиришга эътиборни кучайтириш лозимлиги белгиланди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига олий таълим муассасаларига режа ва дастурларни иш берувчилар талабидан келиб чиқиб мустақил тасдиқлаш ваколатини бериш бўйича вазифалар юклатилди. Дастурларнинг белгиланган талабларга мослигини назорат қилиш механизми ҳам ишлаб чиқилади.

Зерикарли маърузалар ўқиш, конспектлар ёздириш каби ўзини оқламаган усуллардан воз кечиб, таълим методикасини ривожлантириш ва педагоглар савиясини ошириш ғоят муҳим масалалиги таъкидланди.

Шу муносабат билан, Халқ таълими ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларига босқичма-босқич масофавий шаклда педагоглар малакасини ошириш, дарс машғулотларини масофадан кузатиш, баҳолашда инсон омилини камайтириш бўйича ишларни амалга ошириш топшириғи юклатилди.

Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларни касбга йўналтириш тизимини такомиллаштириш заруриятига алоҳида эътибор қаратилди. Лицейларнинг фаолиятини қайта кўриб чиқиш, селекция ишларини кучайтириш мақсадида таълим жараёнларини такомиллаштириш юзасидан вазифалар белгиланди.

Лицейнинг мактабдан катта фарқи бўлиши кераклигини инобатга олиб, мутасаддиларга лицейлар фаолиятини кучайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, янги тизим асосида ташкил этилиши белгиланган касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникумларни ишга тушириш вазифалари аниқ белгилаб берилган. Бу борада эски коллеж тизими хатолари такрорланмаслиги зарур. Шу боис ҳар бир вилоятда биттадан намунали касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникумни тайёрлаш вазифаси белгиланди.

Мутасаддилар соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳамда галдаги топшириқларни бажаришга қаратилган режалар юзасидан ахборот берди.

Кун.уз

133750cookie-checkПрезидент йиғилиши: Битирув имтиҳонлари ва қабул жараёнлари онлайн, кириш имтиҳонлари соддароқ шаклда ташкил этилади

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: